Таркибий ислоҳотларни амалга оширишда экспертлик кўмаги самарадорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

    Ҳужжатлар 29 май 2024 2757

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш йўлида кенг кўламли таркибий ислоҳотларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун хорижий экспертлар кўмагининг мувофиқлигини ва таъсирчанлигини таъминлаш мақсадида:

    1. Давлат органлари ва ташкилотлари таркибий ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун малакали хорижий консультант ва экспертларни, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларини ҳамда консалтинг компанияларини (кейинги ўринларда – хорижий консультант ва экспертлар) ўз маблағлари ёки бюджет маблағлари ҳисобидан жалб этиш ҳуқуқига эга эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    2. Давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда – буюртмачи ташкилот) томонидан хорижий консультант ва экспертларни жалб этиш жараёнини мувофиқлаштирувчи орган этиб Стратегик ислоҳотлар агентлиги белгилансин.

    3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

    а) хорижий консультант ва экспертлар улар билан буюртмачи ташкилот ҳамда Стратегик ислоҳотлар агентлиги ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида жалб қилинади. Бунда:

    хорижий консультант ва экспертлар билан шартнома бир йилгача бўлган муддатга тузилади ва ушбу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин;

    шартномада хорижий консультант ва экспертлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар (техник топшириқ шаклида) ҳамда эришиладиган индивидуал мақсадли кўрсаткичлар (KPI) акс эттирилади;

    буюртмачи ташкилот ҳар ой хорижий консультант ва экспертлар томонидан амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисида далолатнома тузади. Бунда хорижий консультант ва экспертлар томонидан жами амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар тўғрисида якуний далолатнома Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан келишилган ҳолда имзоланади;

    б) хорижий консультант ва экспертлар қуйидаги асосий талабларга мувофиқ бўлиши лозим:

    иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва бошқа аҳамиятга эга бўлган йўналишларни ислоҳ қилиш бўйича билим, малака ва зарур кўникмаларга эга бўлиши;

    нуфузли халқаро ташкилотлар ёки хорижий давлатларнинг илғор корхона ва ташкилотларида иш тажрибасига эга бўлиши;

    хорижий тилларни (инглиз, рус ва бошқалар) зарур даражада билиши.

    Бунда буюртмачи ташкилот томонидан хорижий консультант ва экспертларга нисбатан қўшимча талаблар белгиланиши мумкин;

    в) буюртмачи ташкилот томонидан хорижий консультант ва экспертларни жалб қилиш қонунчиликда белгиланган харид қилиш тартиб-таомилларига мувофиқ амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 мартдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган асосий йўналишлар бўйича ислоҳотларни амалга оширишнинг 2024 йилдаги устувор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–109-сон қарорида белгиланган чора-тадбирлар режасини амалга оширишга жалб қилинаётган хорижий консультант ва экспертлар бундан мустасно;

    г) хорижий консультант ва экспертлар томонидан амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳар ойда буюртмачи ташкилот томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва ўзининг расмий веб-сайтида ёритиб борилади, улар иштирокида жорий масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишнинг мақбул йўлларини аниқлаш учун мунтазам равишда учрашувларташкил қилинади ҳамда тегишли таклифлар тайёрланади;

    д) хорижий консультант ва экспертларни давлат фуқаролик хизмати лавозимларига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

    4. Стратегик ислоҳотлар агентлиги (Б.Рахматов):

    Ҳисоб палатаси (А.Бобоев) билан биргаликда бир ой муддатда давлат органлари ва ташкилотлари билан хорижий консультант ва экспертлар ўртасида тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқсин, уларни мазкур қарор талабларига асосан ўзгартириш (бекор қилиш) бўйича таклиф киритсин;

    Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда 2024 йил 1 июлга қадар хорижий консультант ва экспертларнинг ягонаэлектрон реестрини шакллантирсин ва унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини таъминласин;

    икки ҳафта муддатда хорижий консультант ва экспертлар билан янги тартибда тузиладиган шартноманинг намунасини ишлаб чиқсин ҳамда вазирлик ва идораларга тақдим қилсин;

    мазкур қарор талаблари юзасидан вазирлик ва идораларга мунтазам равишда тушунтириш ишларини олиб борсин.

    5. Таркибий ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун хорижий консультант ва экспертларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Бунда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий консультант ва экспертларни жалб этиш тегишли ташкилотларнинг қоида ва талабларига мувофиқ амалга оширилади.

    6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2024 йил 29 май