Камбағалликка қарши кураш мамлакатимизда нисбатан янги йўналиш ҳисобланади. Бу борада белгиланган мақсадга эришишда мазкур вазифани амалга ошириш билан боғлиқ инструмент ва усулларни реал ҳолатдан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш, энг самарали йўл сифатида баҳоланмоқда.
Шу мақсадда республикадаги вазирлик ва идораларнинг 78 нафар мутахассисларидан тузилган махсус ишчи гуруҳ Тошкент вилоятининг Бўка ва Чиноз туманларида бўлиб, камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ўрганиш бўйича тажриба кузатувларини олиб борди. Унда жаҳоннинг илғор мамлакатлари тажрибаси, хусусан, АҚШнинг таниқли олимлари, 2019 йилдаги Нобель мукофоти лауреатлари Абхижит Банержи, Эстер Дюфло ва Майкл Кремернинг камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказган тадқиқотлари натижаларидан фойдаланилди.
Илк босқичда мутахассислар 8 кун давомида Бўка туманидаги 504 та, Чиноз туманидаги 648 та хонадонга кириб, аҳоли билан суҳбат асосида зарур маълумотларни тўплади. Кузатувлар давомида уй хўжаликлари таркиби, яшаш шароитлари, истеъмол харажатлари, реал даромадлари, узоқ муддат фойдаланадиган воситалари, оилалар аъзоларининг моддий неъматлар ва ижтимоий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари, жумладан, бепул тиббий хизматдан фойдаланиши, фарзандларининг таълим олиши сифати, моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик ташаббуслари ўрганилди.
— Тажриба кузатуви ўтказилишидан олдин 4 кун давомида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳудудларда эҳтиёжманд аҳоли билан ишлаш, камбағалликни қисқартиришда ижтимоий ҳимоя тизимини янгича методлар, маҳаллий ва хорижий тажрибадан фойдаланиш, “уй хўжаликлари”да кузатувлар ўтказиш, эҳтиёжманд оилалар аъзолари билан мулоқотга киришиш бўйича семинарлар ўтказилиб, ҳудудлар фуқароларининг билим ва кўникмаларини оширилди, — деди Камбағаликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти директори Илҳом Маматкулов. — Мазкур ўқув-семинарлар кузатувнинг тўғри ва сифатли ўтказилишига хизмат қилди. Натижада жараёнлар очиқ, шаффоф тарзда ўтказилиб, интервю олувчи эҳтиёжманд оилалар аъзолари билан маҳалла раиси ёки масъул шахслар иштирокисиз эркин суҳбатлашди. Олдимизда бир қанча мезонлар бўйича таҳлил ўтказиш вазифаси тургани боис, ҳар бир уй хўжалигида ўтказилган ўртача суҳбат 1,5-2 соат давом этди.
571 та саволга жавоб олинди
Тажриба кузатуви учун Бўка ва Чиноз туманлари танлангани тасодиф эмас. Президентнинг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори асосида бу борадаги ишлар таҳлили бошланган эди. Қайд этилган рейтинг натижалари бўйича республиканинг барча туман ва шаҳарлари “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Қарор билан белгиланган мезонларга кўра, Бўка тумани “қониқарсиз”, Чиноз тумани эса “ўрта”, деб баҳоланди. Шу боис, мутахассислар тажриба кузатувини мазкур ҳудудлардан бошлашга қарор қилди.
Айни пайтда 125,5 минг аҳоли истиқомат қилаётган Бўка туманида 5 812 нафар оила “темир дафтар”га киритилган. Чиноз тумани аҳолиси нисбатан кўпроқ. Ҳудудда 133,6 минг нафар аҳоли истиқомат қилиб, оилалар сони 35,4 мингни ташкил этади. Ҳозирги кунда 1 659 та оила “темир дафтар” рўйхатида турибди.
— Нобель мукофоти совриндорлари тадқиқотларида камбағалликни қисқартиришда бир қанча мезонларга муҳим омил сифатида қаралади, — деди Илҳом Маматқулов. — Айниқса, психологик омилларнинг аҳамияти юқорилигини инобатга олиб, кузатувлар жараёнида психолог мутахассислар томонидан эҳтиёжманд оилалар аъзолари билан индивидуал суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг психологик портретини шакллантириш ва камбағалликдан чиқариш бўйича руҳий рағбатлантириш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, камбағал оилалар фарзандларининг ёшига нисбатан бўйи, вазни ўлчаниб, дарсларни ўзлаштириш даражаси ҳам ўрганилди. Кузатув жараёнида жами 571 та саволга жавоб олинди.
Айтиш жоизки, камбағаллик нафақат маълум аҳоли қатлами, балки жамият ва давлат ривожланиши, тараққиётига тўсиқ бўлувчи ғовдир. Бу муаммога қарши давлат ва жамият биргаликда курашсагина, самарали натижаларга эришиш мумкин. Президентимиз шу йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга мурожаатномасида “Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда”, дея илк бор камбағалликни қисқартириш йўналишини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Ўтган қисқа вақт ичида камбағалликка қарши кураш бўйича кўплаб чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Ташкил этилган махсус ишчи гуруҳнинг вазифаси ҳам ҳудудлар аҳолисининг ҳақиқий аҳволини ўрганиб, амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни белгилаб олишдан иборат. Ҳозирда Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда тўпланган маълумотларни таҳлил қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича туман, вилоят ва республика даражасида таълимни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, инфратузилма ва арзон уй-жой билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йўналишларида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Шунингдек, кузатувлар якуни бўйича олинган маълумотлардан Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини аниқлаш, “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси” бўйича хисоб-китоб ишларини якунига етказиш, аҳолининг базавий истеъмол харажатлари ва камбағаллик чегараси мезонини ҳисоблашни амалиётга жорий этиш ҳамда республикада камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган стратегик чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фойдаланиш режалаштирилган.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









