Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш

    Рақамлаштириш 8 май 2021 14053

    Илмсиз, маърифатсиз жамият ва мамлакат тараққиётини тасаввур қилиш мушкул. Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг “Қутадғу билиг” асарида “Билимсиз киши мевасиз дарахтдир, мевасиз дарахтни оч киши нима қилсин?!” - деб илм-маърифатнинг ўрни нақадар долзарб ва муҳимлигини кўрсатиб ўтган.

    Мамлакатимизда илм-маърифатга алоҳида урғу берилиши ва бу орқали рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масаласи кун тартибига қўйилиши бугунги кун заруратидир. Зеро, энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир.

    Рақамли иқтисодиёт ўзи нима? у иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асносида амалга оширишнинг яхлит бир тизими сифатида қаралади. Бунда рақамли иқтисоидиёт янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделлари яратиш ва уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш демакдир.

    Сўнги йилларда иқтисодиётнинг рақамли секторини ривожлантириш борасида давлат томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириш мақсадида Президентимиз томонидан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари имзоланди.

    Рақамли иқтисодиётни кенг жорий этиш ва уни қўллаб-қувватлаш мамлакатимизнинг истиқболдаги тараққиёт режасидан муҳим ўрин эгаллаганлиги туфайли иқтисодиётнинг рақамли секторини ривожлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланди ва мазкур вазифалар ижроси ўлароқ, мамлакатимизда янги электрон ҳужжат айланиши тизимлари жорий этилмоқда, электрон тўловлар ривожлантирилмоқда ва электрон тижорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда, электрон инфратузилма ва тижорат шакллантирилмоқда, иқтисодиётнинг барча жабҳаларида рақамли трансформацияга ўтилиши қадамма-қадам амалга оширилмоқда.

    Рақамли трансформация реализацияси бўйича сўнги йилларда амалга оширилган ишлар қаторида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан контактсиз алоқа шаклларини янада ривожлантириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги версияси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш виртуал қабулхонаси “business.gov.uz” портали ишга туширилди.

    Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича энг истиқболли ва стратегик муҳим лойиҳаларни, шунингдек блокчейн технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасида чора-тадбирларни амалга оширишга каратилган “Рақамли ишонч” жамғармаси ташкил этилди.

    Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда келишиш учун, шу жумладан бир вақтнинг ўзида кенг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини ўтказиш ва тезкор жўнатиш учун вақтни ва меҳнат ресурсларини сезиларли даражада тежаш мақсадида ягона электрон тизими “project.gov.uz” жорий этилди.

    Рақамли иқтисодиёт технологик ва бизнес жараёнлари, ишлаб чиқариш, логистика ва тайёр маҳсулотларнинг савдосини рақамлаштириш учун мамлакатимизда замонавий инфратузилмага эга бўлган “IT-парк”лар ташкил этилди. Крипто-актив ва блокчейн технологиялар соҳасидаги компанияларнинг эркин фаолияти йўлга қўйилди.

    Мамлакатимизда замонавий дастурлаш технологияларини ўзлаштирган кадрларни тайёрлаш мақсадида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, лойиҳа доирасидаги машғулотларни ташкил этиш учун uzbekcoders.uz ўқув портали ишга туширилди.

    2020 йил мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди ва бу борадаги ишлар эндиликда янги босқичга кўтарилиб, Президент Фармони билан мамлакатнинг “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

    Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда аввало телекоммуникация ва электрон инфратузилмани такомиллаштириш алоҳида аҳамиятга эга.

    Албатта, аҳолини интернет тармоғидан фойдаланиш даражаси қанчалик юқори бўлса рақамли иқтисодиёт, шу жумладан электрон ҳукумат тизими ҳам шунча самарали фаолият юритади. Юртимиз бўйича интернет фойдаланувчилари сони жами аҳолига нисбатан 2018 йилда 46 фоизни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 60 фоиздан юқорини ташқил этмоқда.

    Реаллик билан боғлаганда рақамли иқтисодиёт ривожланган давлатларда ЯИМ ҳажми ҳам, ЯИМнинг аҳоли сон бошига улуши ҳам юқорилигини кўришимиз мумкин. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мамлакатимизда мазкур масалага эътибор қаратиш ягона мақсадни кўзлайди, у ҳам бўлса, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, аҳолини реал даромадини ошириш, қолаверса тадбиркорликни ва мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришдир.

    “Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам самарали воситадир ” - Президентимизнинг мазкур сўзлари рақамлаштириш нафақат иқтисодиёт тармоқларида тежамкорлик ва самарадорликни таъминлаши, балки коррупция ва қора иқтисодиётга қарши курашиш учун самарали восита сифатида қайд этилиши билан аҳамиятлидир.

    Хулоса ўрнида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш иқтисодий-ижтимоий, сиёсий жиҳатдан кучли, бозор иқтисодиёти қонунлари тўлиқ амал қиладиган демократик давлат қуришга ҳамда мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг қулайлик яратиш ва уни юритишни соддалаштириш, янги инновацион ғоялар реализациясига хизмат қилувчи асосий воситалардан бири эканлиги билан алоҳида аҳамиятга эгадир.

    Б.МИРЗАЕВ,

    Бизнес омбудсман девони масъул ходими

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates