Ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари ёзги таътилни АҚШда ўтказишмоқда

    Ушбу лойиҳа ҳафтасига 18 соатлик инглиз тили дарсларини, турли экскурсиялар ва маданий тадбирлар ташкил этишни қамраб олган.

    Ўзбекистоннинг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси ходимлари мамлакатнинг Уилмингтон шаҳридаги Шимолий Каролина университетида бўлишиб, ушбу олий ўқув юрти қошидаги “Access” дастури доирасида ташкил этилган “UNCW Access Summer Camp” ёзги оромгоҳида таҳсил олаётган 26 нафар ўзбекистонлик мактаб ва литсей ўқувчилари билан учрашув ўтказдилар.

    Ушбу лойиҳа ҳафтасига 18 соатлик инглиз тили дарсларини, турли экскурсиялар ва маданий тадбирлар ташкил этишни қамраб олган. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг кун тартибида компъютердан фойдаланиш билимларини ошириш, нутқ маданияти, спорт машғулотлари, маҳаллий музейларга саёҳат ҳам бор. UNCW маъмурияти билан келишилган ҳолда, ёш юртдошларимизнинг Вашингтон шаҳридаги мамлакатимиз элчихонасига ҳам сафарини уюштириш ушбу дастурга киритилди.

    Ўзбекистонлик болаларнинг маълум қилишича, улар учун яратилган шароитлар аъло даражада. Соғлом турмуш тарзи тарғиботи, қизиқарли маҳорат дарслари, кўнгилочар тадбирлар, бириктирилган маҳаллий ходимларнинг эътиборлилиги уларни қувонтирмоқда.

    Жиззах шаҳридан келган эъзоза Бобомуродова ўз таассуротларини ўртоқлашар экан, Access дастури доирасида инглиз тили ва информатикадан сабоқ олганини билдирди. Мен бу эрга кеганимдан жуда хурсандман, ўқитувчиларимга катта миннатдорлик билдираман, деди у.

    Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи Ромазон Жанзаков ҳам ушбу дастур доирасида инглиз тилини пухта ўрганаётгани ва Америка маданияти билан яқиндан танишаётганини қайд этар экан, Ўзбекистонлаги бошқа тенгдошларимни ҳам яхши таълим олиш асносида шу каби дастурларда қатнашишга чақирди. эслатиб ўтамиз: UNCW Access Summer Camp дастури иккинчи бор ўзбекистонлик ёшларни қабул қилмоқда.