Унда икки томонлама амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган режалар, Жанубий Кореяда ўзбекистонлик мутахассисларнинг амалиёт ўташини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Жумладан, Ўзбекистонда Сув академияси концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш лойиҳаси доирасида «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятининг бир гуруҳ ходимлари ва тегишли олий таълим муассасалари ўқитувчилари учун Жаҳон банки билан ҳамкорликда жорий йил 5-18 январь кунлари Жанубий Кореянинг «К-Wатеr» академиясида икки ҳафталик ўқув семинари ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Семинар давомида иштирокчиларга Жанубий Корея сув таъминоти тизимининг ривожланиши босқичлари, ушбу мамлакат сув сиёсатининг устувор йўналишлари, тариф сиёсати, сув таъминоти объектларидаги энергияга тежамкор технологиялар самарадорлиги, сув сифати стандартлари тўғрисида атрофлича маълумот бериляпти.
Шунингдек, ўқув семинари дастурига кўра амалий машғулотлар ўтказилиши ҳамда қатор ичимлик ва оқова сув тозалаш иншоотлари ва лабораториялар фаолияти билан танишув кўзда тутилган.
Замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали кадрлар ҳар қандай соҳани ривожлантиришдаги асосий куч ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам бугунги кунда трансформация жараёнини бошдан кечираётган «Ўзсувтаъминот» AЖ томонидан ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси билан таништириш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти, деб хабар беради «Дунё» AA.