Ўзбекистонлик мутахассислар Туркияда уруғлик картошка етиштиришни ўрганди

    Агросектор 19 октябр 2022 1558

    2022 йил октябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ўзбекистонлик бир гуруҳ мутахассислар учун Туркиянинг картошка уруғчилиги тажрибасини ўрганиш мақсадида ушбу давлатга ўқув сафарини ташкил этди.

    Мазкур сафар иштирокчилари орасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мева-сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачиликни ривожлантириш бошқармаси вакили ҳам бор эди.

    Саёҳат FAOнинг «COVID-19 га жавобан картошка секторини тиклаш ва ривожлантириш» лойиҳасининг бир қисми бўлиб, у Ўзбекистонда картошка соҳасининг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга қаратилган. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида картошка навларини рўйхатга олиш ва уруғликни сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, картошка етиштиришни модернизация қилиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини такомиллаштириш, юқори сифатли картошка етиштиришни ривожлантириш ва уни сақлаш шароитларини яхшилаш, энг муҳими, ушбу соҳада фаолият юритаётган фермерлар, агрономлар ва шу соҳаларда ишлайдиган бошқа мутахассисларни тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилди.

    Уруғлик картошка экиш учун махсус етиштирилади. Бундай картошка касалликларга чидамли ва юқори ҳосил беради ҳамда унинг нархи оддий картошка нархидан бир неча баравар юқори. Картошка уруғини етиштириш ишлари одатда бир неча йил давом этади. Бу борада Туркия катта салоҳиятга эга. Мамлакатда ҳар йили 150 минг гектар майдонда 5 миллион тоннага яқин картошка етиштирилади, шундан 450 минг тоннага яқини уруғлик картошкадир.

    Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг Сивас шаҳрида картошка уруғлик ишлаб чиқариш бўйича энг йирик «Doga Seed» корхонасига ташриф буюриб, маҳсулот етиштиришнинг турли босқичлари билан яқиндан танишди. Навбатдаги ташриф Туркия картошкачилик илмий-тадқиқот институти жойлашган Ниғде шаҳрига уюштирилди. Институтда олиб борилаётган илмий изланишлар ҳақида тақдимот ўзбекистонлик мутахассислар эътиборига ҳавола этилди. Ҳамюртларимиз Тирхон қишлоғидаги фермер хўжаликларида бўлиб, фермерлар билан мулоқот қилди, ҳаттоки бу ерда картошка йиғиш жараёнида ҳам иштирок этди.

    Кейин эса ҳамюртларимиз картошка сақлаш учун фойдаланиладиган ноёб табиий ғорлари билан машҳур бўлган Невшеҳирга ташриф буюрди. Омборларнинг тузилиши ва маҳсулотларни сақлаш усулларини ўрганган Ўзбекистон делегацияси «Doga Seed» компаниясининг Невшеҳир шаҳрида жойлашган яна бир қанча объектлари, жумладан, фри картошкаси ишлаб чиқариш заводида бўлди.

    Анқарада ўзбекистонлик мутахассислар Туркияда сертификатланган уруғлик картошка етиштириш ва картошка навларини рўйхатдан ўтказишнинг турли масалаларига масъул бўлган давлат идораларида учрашувлар ўтказди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

    Уруғлик картошкаси етиштириш бўйича Туркиянинг илғор тажрибасини ўрганиш ўзбекистонлик мутахассисларга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонда картошкачилик соҳаси салоҳиятини ошириш мақсадида хорижий тажрибани самарали жорий этиш имконини беради.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates