“Дўст оғир кунда билинади”, деганларидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев биринчилардан бўлиб Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилиб, чуқур ҳамдардлик изҳор этди.
Биродар Туркия халқига зилзила оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш мақсадида, бугун Ўзбекистондан иккита самолёт Адана ва Газиантеп шаҳарларига гуманитар ёрдам ҳамда қутқарувчилар гуруҳини олиб келди. Этник ўзбеклар кўп яшайдиган ҳудудда қутқарувчиларимиз ўз ишини бошлаб юборди ва етиб келган гуманитар юк эҳтиёжмандларга етказиб берилмоқда.
Туркиянинг жанубий вилоятларида кўплаб ўзбеклар яшайдиган маҳалла ва қишлоқлар мавжуд. Ҳалокатли зилзила айнан улар истиқомат қиладиган ҳудудларга яқин ерда содир бўлган. Хусусан, 15 мингдан ортиқ ўзбек яшайдиган Ҳатай вилоятидаги Овакент (Ovakent) қишлоғи энг кўп жабрланган ҳудудлардан бири. Туркия расмийлари билан эришилган келишувга мувофиқ, Ўзбекистондан келган 100 га яқин қутқарувчилар ҳозирда айнан ушбу ҳудудга йўналтирилди ва қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда.
Адана шаҳрида жойлашган ўзбеклар уюшмаси раҳбари Усмон Бек Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, жумладан қуйидагиларни қайд этди:
- Аввало Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва бутун Ўзбекистон халқига катта раҳмат! Қийин кунимизда бизни ёлғиз қўймадилар. Бизга гуманитар ёрдам ва қутқарувчилар гуруҳини жўнатишди. Қутқарувчилар оғир аҳволга тушиб қолган кишиларга яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Гуманитар ёрдам ҳам қисқа фурсатларда ўз эгаларига етказилади.