Ўзбекистоннинг яна бир ташаббуси халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди

    Жорий йил 4 июнда БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан «Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракатланиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги» резолюциясини бир овоздан қабул қилди.

    Резолюцияга 30 дан ортиқ аъзо давлатлар ҳаммуаллифлик қилди.

    Резолюцияда таъкидланганидек, Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш минтақада гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликка қарши кураш билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистоннинг янги сиёсати туфайли минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилган.

    Минтақа давлатларининг мавжуд ижобий тажрибаси асосида гиёҳвандлик муаммосини ҳал этишга глобал ёндашув доирасида гиёҳвандликка қарши самарали ҳамкорликка интилиши таъкидланган.

    Хусусан, ҳужжатда гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича комплекс ишларни амалга ошириш, стратегик ташаббус ва чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Ҳудудий электрон маълумотлар базасини жорий этиш, сўровномалар ва тадқиқотлар ўтказиш, ахборот технологиялари ҳамда ижтимоий тармоқлардан гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноий мақсадларда фойдаланишга қарши курашиш, виртуал валюталарни тартибга солиш, наркобизнес, жумладан, уюшган жиноятчиликнинг бошқа шакллари билан алоқадорлиги нуқтайи назаридан молиявий асосларга путур етказиш каби аниқ амалий чоралар кўриш муҳимлигига эътибор қаратилган.

    Резолюция, шунингдек, аъзо давлатлар, БМТнинг тегишли тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа манфаатдор томонларни гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммоларни ҳар томонлама ҳал этишда Марказий Осиё бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашга чақиради.

    Бош Ассамблея ялпи мажлиси муҳокамаларида делегациялар резолюцияни қўллаб-қувватлаб, ушбу муҳим резолюцияни илгари суришда Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар. Мазкур ҳужжат жаҳонда гиёҳвандлик муаммосига қарши глобал комплекс курашга катта ҳисса қўшиши алоҳида қайд этилди.

    Шунингдек, сўзга чиққан делегатлар Ўзбекистон делегациясининг консенсус натижага эришиш учун «ўзаро мақбул муроса ва ечимлар»ни топиш бўйича изчил саъй-ҳаракатларини таъкидладилар. «Ҳужжатни очиқ, ошкора ва инклюзив тарзда кўриб чиқиш», шунингдек унинг консенсус асосида қабул қилиниши яхши ижобий ҳолат яратиши ва «БМТда гиёҳвандликка қарши бошқа ташаббуслар бўйича консенсусга эришиш учун яхши асос бўлиши» билдирилди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates