Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар қонунлаштирилади

    – Эшиттингларми?! Ҳужжатсиз уйлар учун яна акция бўлармиш. Қонун чиқибди. Бир икки жойни эгаллаб олиб, ҳужжат қилдириб олиш керак,–дейди чойхонадаги отахонлар даврасидан бир нотаниш киши.

    –Янглишяпсиз, қонуннинг ўз норма, меъёрлари бор. Дуч келган жойни эгаллаб олиб, ҳужжатлаштириш қонунга зид,–дея эътироз билдирди бошқа бири...

    Президентимиз томонидан “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун имзолангани минглаб оилалар ҳаёт тарзига қувонч, шодлик туйғуларини олиб келди.

    Кадастр агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Нодирбек Машрапов ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва улардаги ноқонуний қурилишларнинг назорати ва уларни бартараф этилиши бўйича амалга оширилаётган амалий ишлар хусусида қуйидагиларни баён қилди.

    –Янги Қонун ҳамма ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ва мулкларга ҳуқуқ эътироф этилмайди. Қонун билан тартиб-қоидалар белгиланмоқда. Кадастр агентлиги тизимида ер қонунбузилиш ҳолатларни олдини олиш мақсадида кучайтирилган ер назорати тадбирлари олиб борилмоқда. Қонун доирасида четга чиқилган ёки қонунга зид бўлган ҳолда ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний қурилишлар амалга оширган шахсларга нисбатан маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чоралари кўрилади.

    Жорий йилнинг 1 августига қадар вилоят бўйича 2 минг 543 та ҳолатда жами 144,6 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланиб, қонун бузилиш ҳолатларини содир этган шахсларга нисбатан бартараф этиш юзасидан ёзма кўрсатмалар юборилди, 1 минг 536 та ҳолатда 45,1 гектар ер майдонида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари жойида бартараф этилди. Кадастр агентлигининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан 862 та ҳолатда ҳуқуқбузарларга маъмурий жарима қўлланилди. Жиноят аломатлари мавжуд ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан 198 та ҳолатда эса прокуратура органларига тўпланган ҳужжатлар қўшма тартиб асосида тақдим этилиб, прокуратура органлари томонидан 27 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилди.

    Қонунда 8 та йўналишдаги ҳолатлар кўриб чиқилиши назарда тутилган. Ушбу ҳолатларнинг барчасига ҳуқуқ эътироф этилади деб тушунмаслик керак. Унда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эмас, балки ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлари бўлмаганлиги учун ер ва биноларига ҳуқуқни эътироф этиш масаласи кўзда тутилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга эмас, балки тадбиркорлик субъектларига туман ҳокимликлари томонидан ер ажратилиб, вилоят даражасида тасдиқланмаган ҳолатлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари кичик саноат зоналарига жойлаштирилиб, ҳоким қарори чиқарилмай қолган ҳолатлар кўриб чиқилиши назарда тутилган.

    Қонунда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирмаганлик учун эмас, ерни ўзбошимча эгаллаганлиги учун ва ушбу ерга ҳуқуқлар эътироф этилган тақдирдаги маъмурий жавобгарлик масалалари ёритилган.

    Айрим юртдошларимиз томонидан “қурилиши мавжуд бўлса эътироф этилар экан” деб бўш ерга тезроқ иморат қуриш ҳолатлари кузатилмоқда. Огоҳлантириб айтишимиз керакки, қонун асосида 2018 йил 1 майга қадар қурилган объектлар кўриб чиқилиши кўрсатиб қўйилган.

    Агарда қурилма ўзбошимчалик билан белгиланган даврдан кейин қурилган бўлса, бундай иморатлар белгиланган тартибда бартараф этилади ҳамда маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шу сабабли, фуқароларимиздан ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаш ва унга иморат қурмасликларини сўраб қоламиз.

    Қонун билан яна бир масала — халқимиз орасида “дача” деб аталадиган дала ҳовлиларга оид муаммолар ҳам тартибга солинмоқда. Шаҳар атрофидаги дала ҳовлилар бугунги кунда расман “Боғдорчилик-узумчилик ширкатлари”га бирлашган бўлса-да, амалда доимий турар жойларга айланган. Қонун билан ушбу ширкатлардаги хонадонларнинг ҳам қонуний ҳуқуқлари тартибга келтирилиши бу ерда истиқомат қилувчиларни қийнаётган масалаларга ечим бўлади.

    Мазкур қонун кўпчилик юртдошларимиз интиқиб кутаётган янгиликка айланди. Ўзи яшаб турган хонадоннинг ер участкаси ва улардаги қурилган бино ва иншоонтларнинг ҳуқуқий ҳужжатлари йўқлигидан ҳадикда юришган бўлишса, энди уларнинг хавотири арийди. Қонун 3 ойдан кейин, яъни 2024 йил 8 ноябрдан кучга киради, унга қадар жойларда тарғибот, тушунтириш ва тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

    Ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотларни ва ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу тизимга 15 та ваколатли ташкилот ҳам тегишли маълумотларини киритади. Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги вилоят адлия бошқармаси томонидан текшириб чиқилади. Уларнинг натижалари маҳалла бурчаклари, Кадастр агентлигининг сайти орқали жамоатчиликка эълон қилинади. Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга СМС-хабарнома юборилади. У асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади.

    Прокуратура, ички ишлар, агроинспекция, экология, кадастр органлари қонунни амалга оширишда давлат назоратини ўрнатади. Шунингдек, қонунда жамоатчилик назоратига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, халқ депутатлари туман кенгашлари қарори билан ҳар бир маҳаллада жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Бу гуруҳларга маҳалла жойлашган округдан сайланган туман кенгаши депутати, маҳалла раиси ва фаол фуқаролар киритилади.

    Усмонжон Қодиров,

    Давлат кадастрлари палатаси

    Фарғона вилояти бошқармаси жамоатчилик

    билан алоқалар шўъбаси бош мутахассиси.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates