Ўзимизга ўзимиз шифокор бўлмайлик ёхуд нега дорилар рекламасини чеклаш керак?

    Фикр 8 январ 2023 2773

    Шу кунларда «Док-1 Макс» препаратини қабул қилиш оқибатида болалар ҳаётдан кўз юмгани билан боғлиқ вазият барчамизни чуқур қайғуга солди. Бу фожиа мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида муаммоларимизни яққол кўрсатиб берди.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фақатгина барча томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқалигина келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мумкинлигига ишонади.

    Нима қилиш керак?

    Биринчидан, дори воситаларини назоратсиз қўллаш амалиётини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки биз қайси дорини ичиш бўйича кўпинча шифокор билан эмас, дорихона сотувчилари билан маслаҳатлашамиз.

    Кўплаб дори воситаларини шифокор рецептисиз осонгина аптекадан харид қилишимиз мумкин ва бу дорилардан нотўғри фойдаланиш хавфини яратяпти.

    Турли мамлакатларда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, шифохоналарга ётқизилган беморларнинг ўртача 10-20 фоизида дорилар ножўя таъсир қилганлик ҳолати кузатилади, қизиғи, ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсаткич икки баравар юқорини ташкил этади.

    Эътибор беринг, 2008—2018 йилларда Ўзбекистонда дори воситалари билан ўзини ўзи даволаш натижасида соғлиқнинг ёмонлашганлиги билан боғлиқ 2 300 та ҳолат рўйхатга олинган.

    Шунинг учун, аввал, оммавий ахборот воситаларида дориларнинг бевосита рекламасига чекловлар жорий этиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Хусусан, дори воситалари рекламасини фақат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рухсати билан амалга ошириш. Келажакда ОАВда дориларининг бевосита рекламасини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқиш. Шу мақсадда Туркия, Швейцария, Канада каби мамлакатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш.

    ЖССТ маълумотларига кўра, дори воситаларини назоратсиз қўллаш ва ўзини ўзи даволаш даражасининг ошиши айнан реклама билан боғлиқдир. Бундай даволаниш натижасидаги ўлим ҳолатлари жароҳатлар, қон айланиш касалликлари, онкологик ва пульмонологик касалликлардан кейин 5-ўринда туради. Албатта, истеъмолчилар дори-дармонларни қўллашдан келиб чиқадиган ножўя таъсирлар, уларнинг мувофиқлиги ва организмнинг индивидуал реакцияси хавфини баҳолай олмайди.

    Ҳақиқатан биз дори-дармонларга оддий истеъмол товари сифатида қараймиз ва бу – вазиятни янада оғирлаштиради. Шунинг учун мазкур масала ҳар 100 минг аҳолига ўртача 25—27 та дорихона тўғри келадиган Ўзбекистон учун долзарбдир.

    Иккинчидан, дори воситаларининг рекламасига оид қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни таклиф қиламиз. Ўтган йили «Реклама тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Унда дори воситаларининг рекламасига оид аниқ тартиблар белгиланган бўлсада, биз ҳар куни телевидение, радио ва бошқа турдаги рекламаларда қонун талабларининг бузилишини кузатяпмиз. Фармкомпаниялар қонун талабларига беписандлик билан ёндашаётганларини кўряпмиз.

    Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун кўпи билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баробаригача маъмурий жарима кўзда тутилган. Бироқ айнан дори воситаларининг рекламаси билан боғлиқ тартиб ва қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик мавжуд эмас. Шу сабабли, дори воситаларининг рекламасига оид тартиб ва қонунчиликни бузганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик ва бундай ҳолатлар оғир оқибатларга олиб келган тақдирда, жиноий жавобгарлик белгилаш лозим, деб ҳисоблаймиз. Италия, Швейцария, Канада, Япония, Финляндия, Германия, Венгрия, Буюк Британия ва бошқа давлатлар ўзини ўзини даволаш муаммоларини ҳал этиш учун айнан қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтирганликларини кўришимиз мумкин.

    Учинчидан, дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сертификатлаш ташкилотлари масъулиятини кучайтириш ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Хабар берилганидек, «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дорилари, текширувларда аниқланишича, «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» томонидан белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаган. Натижада сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган. Шу мақсадда, Жиноят кодексининг 186-3-моддаси субъектлари қаторига сифатсиз, қалбакилаштирилган ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган дори воситаларини тарқатишга йўл қўйган шахсларни ҳам киритиш таклиф этиляпти.

    Тўртинчидан, фуқароларни замонавий ташхис имкониятларидан фойдаланишини, даволашнинг ягона стандартларига асосланган тиббий суғурта тизимига ўтишни тезлаштириш зарур. Одамлар кўпинча ўзини-ўзи даволашга уриняпти, аниқ ташхисни билмасдан, рекламага ишониб, турли дориларни қабул қиляпти. Бу каби хатолар, шунингдек, шифокорлар томонидан дориларни буюриш жараёнида ҳам юз беряпти. Афсуски, уларнинг баъзилари алоҳида препаратларни тарғиб қилишдан молиявий манфаат кўзлаяпти. Шунинг учун ҳам тиббий суғурталаш тизимига имкон қадар тезроқ ўтишимиз керак.

    Бешинчидан, фармацевтика соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш зарур. Аҳоли қайси дори воситалари импорт қилинаётгани, ишлаб чиқарувчилар кимлиги, уларнинг хориждаги нуфузи, сертификатлаштириш жараёни қандай олиб борилаётганини билишга ҳақли. Шунингдек, кенг аҳоли манфаатларига дахлдор бўлган фармацевтика саноатига оид ахборотларни бериб борувчи очиқ маълумотлар базасини шакллантириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Сотиладиган барча турдаги дори-дармонларни мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнини тезлаштириш муҳимдир. Харидор маркировка орқали дорининг ҳақиқийлигини текшириши мумкин.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати парламент, масъул вазирлик ва идораларни тезкор чораларни кўришга, тиббиёт муассасалари ва фармацевтика соҳаси институтларини, аввало, тижорий эмас, балки ижтимоий манфаатларни устувор қўйишларига чақиради.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates