Озиқ-овқат хавфсизлиги янги имкониятлар ва илғор ғоялар асосида таъминланади

    Фикр 9 август 2023 2803

    Бугунги кунда дунё мамлакатлари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, озиқ-овқат масаласи долзарблигича қолмоқда. Бинобарин, жаҳон ҳамжамияти бир неча ўн йиллар мобайнида ушбу йўналишдаги муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилиб келяпти.

    Аммо ҳозирги жараён инсоният учун янги ҳодиса сифатида намоён бўлиб, ўзининг кенг қамровлилиги билан олдингилардан фарқ қилади. Жумладан, ҳозир озиқ-овқат бозори ва унга алоқадор тармоқларда тушунарсиз жараён кузатиляпти. Бир томондан, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг сўнгги прогнозлари буғдой, гуруч, шакар, гўшт, балиқ ва сут маҳсулотлари, ўсимлик ёғи каби бир қанча асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қўрсаткичларининг ўсиши ва захираларининг кўпайишини кўрсатмоқда. Бошқа томондан эса, сўнгги ўн йил давомида кузатилмаган инфляциянинг энг кўп қўлланиладиган ўлчови бўлмиш истеъмол нархлари индекси тез суръатлар билан кўтарилиб бораётир.

    Чунки, ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари, айниқса, Африка давлатларининг айримларида озиқ-овқат танқислиги кузатилмоқда. Шу билан бирга, ўз эҳтиёжидан ортиқ дон етиштира оладиган давлатлар уни муҳтож давлатларга сотиш, балки текин етказиб бериш имкониятидан ҳам маҳрум бўлмоқда.

    Ривожланаётган ва қашшоқ мамлакатлар озиқ-овқат инқирозидан кўпроқ зарар кўрмоқда. Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда инфляцияга қарши курашиш учун кўплаб воситалар мавжуд. Шу сабабли уларда озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан 2–2,5 баробар паст натижа кўрсатмоқда.

    Давлатлар ўртасидаги кескинлашган сиёсий қарама-қаршилик атроф-муҳит ва иқлим муаммоларига эътибор сусайишига олиб келди. Бунга жавобан табиат инсоният ва бутун сайёра манфаатларига қаттиқ зарба бериб, ўзининг ҳалокатли кучини тобора кўпроқ намоён қила бошлади. Охирги йиллар бунга яққол мисол.

    Юқоридаги мисоллардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, озиқ-овқат инқирозининг илдизлари ишлаб чиқариш соҳасидан эмас, балки инсон фаолиятининг бошқа соҳаларидан, асосан, сиёсий соҳадан чиқиб келмоқда.

    Дунё тажрибаси шуни кўрсатяптики, ҳар бир мамлакат ушбу муаммоларни ечишда ўз имкониятларига таянган ҳолда, тафаккуридан келиб чиқиб ҳаракат қилиши керак.

    Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётининг бир қисми, бинобарин, дунёда кечаётган озиқ-овқат инқирози каби жараёнлар уни четлаб ўтмайди, унга ҳам албатта ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

    Тўғри, сўнгги йилларда аҳолини асосий эҳтиёж моллари билан таъминлашда узилишлар кузатилмади, бироқ инфляция одамларнинг турмуш даражаси, харид қобилиятига таъсир кўрсатиб келмоқда.

    Сўнгги йилларда аграр соҳада амалга оширилган чора-тадбирлар, бозор тамойилларининг жорий этилиши мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ вазиятни яхшилаш, импорт маҳсулотларига қарамликни нисбатан камайтириш имконини берди.

    Ғаллачилик Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг изчил ривожланаётган тармоғига айланди. Картошкачилик, бошқа сабзавотлар етиштириш, чорвачилик сезиларли ривожланмоқда. Ўтган йили аҳоли жон бошига тухум етиштириш санитария меъёрларидан ошиб, 225 донани ташкил этди. Келгуси йилларда эса республикада товуқ гўшти ишлаб чиқариш кўрсаткичлари тавсия этилган норма даражасига кўтарилиши кутилмоқда. Ортиқча ишлаб чиқарилган қисми эса экспортга чиқарилади. Сўнгги беш йилда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саватидаги энг заиф ўринни эгаллаган балиқ етиштириш кўрсаткичи уч баробар ошди.

    Озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш нафақат маҳаллий ишлаб чиқариш, балки импорт билан ҳам боғлиқ. Жаҳон озиқ-овқат инқирози таъсирини чеклаш учун мамлакатимиз жаҳон савдо ташкилоти томонидан тақдим этилган имкониятлардан ҳам фойдаланмоқда. Мамлакат раҳбарияти минтақада биринчилардан бўлиб озиқ-овқат импортини кенгайтириш, божхона тўсиқларини камайтириш, озиқ-овқат маҳсулотлари учун инфляцияни жиловлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрди.

    Ўзбекистоннинг ушбу муаммоларни ҳал этишдаги муваффақиятлари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Британиянинг “Тhe Economist” агентлигининг йиллик рейтингига кўра, мамлакатимиз 2019–2022 йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг юқори ўсиш суръатларига эга 10 та давлат орасида 1-ўринни эгаллади.

    Охирги 11 йил давомида ушбу агентлик ҳар йили 113 мамлакат кўрсаткичларини ўз ичига олган Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индексини (GFSI) чоп қилиб келмоқда. Тадқиқот муаллифлари моддий қулайлик, арзонлик, барқарор ривожланиш каби тоифалар самарадорлигини умумлаштирувчи ва объектив тавсифларида Ўзбекистоннинг сезиларли натижаларини қайд этмоқда. Натижада ўтган йил якунларига кўра, мамлакатимиз 5 поғонага кўтарилиб, 73-ўринни эгаллади.

    Эришилган натижалар, албатта, ижобий. Буни бизга қўшни бўлган, табиий шароитлари бир хил бўлган давлатлар билан солиштириш орқали билиш қийин эмас. Бу келгуси фаолият кўламини белгилаш, камчиликларни аниқлашга ёрдам беради.

    Ушбу кўрсаткичга иккита муҳим омил таъсир қилади. Бу, биринчи навбатда, аҳоли сони ва унинг ўсиш суръати. Иккинчи омил эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини кенгайтириш имкониятларининг мавжудлиги. Шунга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда илғор бўлиб, озиқ-овқат базаси ҳам юқори бўлган.

    Халқаро экспертлар фикрича, Ўзбекистоннинг жорий йилда оптимистик натижаларга эришишига асос бор. Бу ишонч мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга, кўрилган чора-тадбирларга боғлиқ. Аммо амалга оширилаётган тадбирлар турли хил. Баъзи бирлари ислоҳотлар бир неча йилдан кейин, баъзилари эса қисқа муддат ичида ўз самарадорлигини кўрсатади. Шу муносабат билан яқинда қабул қилинган ва амалга оширилаётган муҳим ҳужжатга тўхталиб ўтиш лозим. Яъни бу фермер хўжаликлари, кластерларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ғаллани давлат эҳтиёжлари учун зарур ҳажмдан ортиқ харид қилишдан воз кечиш орқали соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинган Президентимизнинг 2022 йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридир.

    Айтиш жоизки, ушбу ҳужжат ички ғалла бозорини тубдан ўзгартирувчи энг муҳим омил бўлди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга асос яратди. Жумладан, жорий йилда мамлакатимизда рекорд даражадаги ғалла етиштирилди — 8 миллион тонна, ҳосилдорлик эса 70 центнердан ошди.

    Бу, шубҳасиз, қатор ишлаб чиқариш, иқлим омиллари, фермерлар тажрибаси, тармоқда кўрилаётган чора-тадбирлар, ғаллачилик бозор усуллари билан бошқарилаётгани самарасидир.

    Яна бир муҳим қадам, 200 минг гектар ерни ёшларга ижарага бериш тўғрисида қарор қабул қилиниши бўлди. Гап сув таъминоти яхши, аҳоли пунктларига яқин жойлашган, пахта ва ғалладан бўшаган, фермер ва кластерлар фойдаланаётган ҳудудлар ҳақида бормоқда.

    Ўзбекистоннинг бў бўйича тажрибаси бор. Ўз пайтида қишлоқ аҳолисини томорқа ерларини кенгайтиришга қаратилган тадбирлар кичик деҳқон хўжаликлари шаклланишига олиб келиб, озиқ-овқат муаммоларини ҳал қилишда энг самарали тадбирлардан бири бўлиб чиққанини халқаро экспертлар эътироф этади. Ер майдонлари кам бўлишига қарамасдан, ушбу тоифа хўжаликлари кўпроқ озиқ-овқат ишлаб чиқарди. Бу хўжаликларга тегишли ерларнинг унумдорлиги фермер хўжаликларининг ерлари даражасидан бир неча баробар юқоридир.

    Албатта, янги босқичда амалга ошириладиган ушбу тадбир бир қанча жиддий масалаларни ечишга ўзининг ижобий ҳиссасини қўшади.

    Умумий қилиб айтганда, озиқ-овқат инқирози, ҳар қандай инқироз каби, айрим муаммолар чуқурлашиши ва янгилари шаклланишига олиб келади. Аммо, ҳар қандай ҳодиса каби, унинг ҳам ижобий томони бор. Бу долзарб масалаларни тезда ҳал этишга мажбур қилиб, янги ғоялар, янада илғор технологияларни татбиқ этишга ва ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштиришга имконият яратади.

    Ўзбекистон аграр секторида бу имкониятдан фойдаланиши учун, биринчи навбатда, ер муносабатлари такомиллаштирилиши, ерга хусусий мулкчиликнинг изчил жорий этилиши тўғри бўлади. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 68-моддаси ҳам бунга имконият яратади. Бу турдаги тадбирларни амалга ошириш натижасида кўплаб муаммоларга ечим топилади, ва бу жараён озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади.

    Носиржон ЮСУПОВ,

    Нурмуҳаммад БАХТИЁРОВ ,

    Марказий Осий халқаро институти илмий ходимлари

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates