Университетнинг ахборот ресурслар маркази раҳбари шериклари билан XIII-ХIХ асрларга оид баҳоси деярли 3 млрд сўмлик нодир қўлёзмалар талон-тарож қилганлиги аниқланди.
Тошкент шаҳар суди Матбуот хизматини хабарига кўра, ЖИБ Мирзо Улуғбек тумани судида мазкур иш юзасидан ахборот ресурс маркази раҳбарига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, 60 ёшли судланувчи аёл (1962 й.т) 2008 йилнинг 2 декабридан то 2022 йилнинг 14 апрелига қадар Ўзбекистон Миллий Университетининг Aхборот ресурслар маркази раҳбари бўлиб ишлаган.
Судланувчи мансабдор шахс бўла туриб, хизмат вазифаларига тарихий ва маданий меросларни сақлаш ва яхлитлигини таъминлаш кирса-да, ноқонуний даромадлар орттириш мақсадида жиноят ишининг қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктиради.
Aниқланишича, улар бир гуруҳ шахс бўлиб, унга ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган Aхборот ресурс маркази “Шарқий” фондининг умумий баҳоси 2 млрд 656 млн 600 минг сўм қийматга эга ноёб — 57 та тарихий қўлёзма асарларини, XIII-ХIХ асрларга оид 12 та тошбосма ва 9 та тарихий ҳужжатларини талон-торож қилиб, жуда кўп миқдорда давлат манфаатларига зарар етказган.
Шунингдек, судланувчи аёл ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, содир қилган оғир жиноятининг изини яшириш мақсадида Aхборот ресурслар марказининг ўта муҳим аҳамиятга эга, тарихий-маданий қимматликлар ҳақида маълумот берадиган 341 та инвентар китобларини тақдим қилмаслиги оқибатида 45 та ноёб қўлёзмалар, 104 та ноёб тошбосмаларни, яъни давлат ва жамоат тарихий-маданий бойликлари йўқолиб кетишига сабаб бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд ҳукми ўқилди. Судланувчи ЖКнинг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, унга узил-кесил 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан, 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.