7 декабрь куни водийдан келаётган, аксинча водийга кетаётган минглаб одамлар кун совуқ бўлишига қарамай, ташкилотлар томонидан дарахт экиш ишлари авжида эканига гувоҳ бўлди. Хусусан, шу куни Маданият вазирлиги ходимлари, таниқли санъаткорлар Оҳангарон туманидаги 2,5 гектар ер майдонига эзгу ният билан 2000 туп терак кўчатларини ўтқазди. Дарахт экиш савобли иш. Ҳар йили минг-минглаб дарахтлар экиляпти. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам илдиз отиб, кўкка бўй чўзяптими? Тадбир аввалида шу саволлар билан Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожоновга микрафон тутдик.
— Йўл бўйидан унумли фойдаланган ҳолда Яшил макон доирасида ташкилотлар томонидан кўчатлар ўтқазиляпти. Улар қуриб қолмаслиги, ҳайвонлар пайхон қилмаслиги учун шартнома асосида шу ҳудуд атрофида яшовчи кишиларга бириктириляпти. Келажакда бу дарахтлардан фойдаланиш ҳуқуқи ўша вакилларнинг ўзларига берилади, — деди ҳоким ўринбосари.
Ўзи ҳам қишлоқда ўсгани, томорқани, дарахтлар парваришини ғоят яхши кўришини айтган Маданият вазири Озодбек Назарбеков дарахт экишдек хайрли ишни бошлаб берар экан, шундай деди:
— Давлатимиз раҳбари бежизга кўпроқ яшиллик яратайлик деб гапирмаяпти. Бунинг моҳиятини чуқур ҳис қилишимиз керак. Шунинг учун бунга тизимли ёндашиляпти. Ташкилотларда раҳбардан тортиб оддий ходимгача йил мобайнида 10 та дарахт экилиши белгилаб қўйилди. Аслида, бундай ташаббусни ўзимиз қўлга олишимиз керак. Агар шундай бўлса, бу борада ҳеч қандай назоратга хожат йўқ. Негаки, битта дарахт келтирадиган фойдани тушуниб етадиган бўлсак, ҳар бир дарахтга минглаб назоратчи бўлади. Дарахтнинг ҳам жони бор деб, унга инсондек муносабатда бўлсак қани эди. Йилдан-йилга экология ҳаёт-мамот масаласига айланиб бораётган пайтда дарахт экиш қандайдир мажбурият эмас, азалий қадриятимиз эканини ҳис қилишимиз керак. Буни қўшиқларда, фильмлар, спектакллар орқали ёшларга ҳам чуқурроқ сингдиришимиз, кўпроқ тарғиб қилишимиз керак, деб ўйлайман. Зеро, тан олишимиз керак, табиат, экология, булар билан инсоннинг муносабати ҳақидаги ижод маҳсулларимиз деярли йўқ.
Ҳа, дарахт экиш савоб амаллардан эканини қанча тарғиб қилсак, шунча кам. Бироқ барибир, бу борада истак ич-ичимиздан чиқиши керак. Ўйлаймизки, Маданият вазирлиги тизимидаги барча ташкилотлар томонидан экилаётган дарахт ниҳоллари алоҳида меҳр, ички хоҳишдан куч олиб, илдиз отади.
Муножат МЎМИНОВА