Хусусан, “яшил” ҳудудга ўтилганлиги боис Юқори Чирчиқ туманида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти.
Турли фаолият билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлик субъектларига ҳам имконият яратилди. Хусусан, туманда пандемия оқибатида ишини йўқотган 1699 нафар фуқародан 1553 нафари ўз иш ўрнига қайтди. Тўхтаб қолган 89 та корхона ва тадбиркорлик субъектлари эса фаолиятини тўлиқ бошлади. Мазкур корхоналарда 780 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Мева ва сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган корхона ҳам фаолиятини бошлади. Энг асосийси, пандемия пайтида бу ерда 15 та иш ўрни яратилди.
–Биздаги замонавий ускуналар меваларни ювиш, тозалаш ва қадоқлашдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи амалга оширади, – дейди корхона мутахассиси Алишер Сиддиқов. – Илгари жамоамизда 25 нафар йигит-қизлар меҳнат қиларди, ҳозир яна 15 нафар ёшларни ишга олдик. 25 турга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилади. Уларни ҳозирча ички бозорга етказиб бераяпмиз. Лекин маҳсулотларимизни хорижга жўнатиш бўйича ҳам шартномалар имзоланган. Аслида бизда илгари четга маҳсулот экспорт қилинган.
Тумандаги тўқимачилик корхонаси ҳам фаолиятини тиклади. Пахта толасидан калава ип ишлаб чиқаришга мўлжалланган жамоада ишсиз фуқаролардан 550 нафарининг бандлиги таъминланган. Бугунги кунда ярим тайёр маҳсулотлар Россия, Хитой, Туркманистон, Эрон, Тожикистон ва Туркия давлатларига экспорт қилиняпти.
Қуйи Чирчиқ туманида ҳам эпедимиологик вазият яхшиланиб, “яшил” ҳудудга ўтилганлиги сабабли корхоналарда иш яна жонланди. Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси яқинда фаолиятини бошлади. Бу ерда болалар тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Камбағалликда яшаётган оилалардаги 200 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Тайёрланаётган маҳсулотларнинг асосий қисми Россия давлатига экспорт қилиняпти.
– Иш шароитларимиз яхши, – дейди мутахассис Дилбар Сафарова. – Бизда аҳоли учун энг яхши томони касби йўқ хотин-қизлар ҳам ишга қабул қилинади, уларга шу ерда тажрибали тикувчилар касб сирларни ўргатишади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар замон талабларига тўлиқ жавоб бераётганлиги боис, асосан экспортга жўнатиляпти. Келгусида иш ўринлари сонини янада кўпайтириб, камида 300 тага хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ниятимиз бор.
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, бундай ижобий ўзгаришларни бошқа туман ва шаҳарларда ҳам кўриш мумкин. Энг асосийси, пандемия бўлса-да, ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ.