Паралимпиячиларимиз Токиога жўнаб кетди

    Спорт 20 август 2021 1958

    Бугун Ўзбекистон паралимпия спорт делегацияси жорий йилнинг 24 август – 5 сентябрь кунлари Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XVI ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун кунчиқар юртга йўл олди.

    Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитасида матонат ва ирода тимсоли бўлган спортчиларимизни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

    Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажагига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган, спорт майдонларида юрт байроғини сарбаланд этиш орзу-истакларини қалбига жо этган 48 нафар параспортчимиз эпидемиологик мураккаб вазиятга қарамасдан 16-паралимпия ўйинларининг 55 та йўлланмасини қўлга киритганлиги Ўзбекистон спорт тарихида эътиборли воқелик бўлди. Паралимпиячиларимиз Токио спорт майдонларида 8 та спорт турида ғолиблик учун кураш олиб боришади.

    Токио шаҳрига йўл олаётган мамлакатимиз спорт делегациясини кузатиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувохитов иштирок этди.