Мамлакатимиздаги ислоҳотлар Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга қаратилган экан, спортга, соғлом турмуш тарзига жиддий эътибор берилиши айни муддаодир.
Юртимизда спортга қаратилаётган эътиборнинг амалий натижасига жорий йилнинг 13 февраль куни яна бир бор гувоҳ бўлдик. Ўша куни Президентимиз олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Мамлакатимизда илк бора Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича катта йиғилиш ўтказилиши янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида янги босқичга чиққанимизни англатади. Зеро, тараққиёт йўлидаги ҳар бир ўсиш нуқтасида кейинги марра учун аниқ режа белгилаб олинади. Соҳаларда том маънода ислоҳот ўтказилади. Уларнинг қанчалик самарадор бўлиши инсон капитали, соғлом жамиятга боғлиқ. Шу сабаб давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида “Ўз олдига буюк мақсадлар қўйган халқ фақат соғлом ва бақувват бўлган тақдирдагина кўзлаган марраларига эриша олади”, дея таъкидлади.
Йиғилиш халқимиз саломатлиги, баркамол авлодни камол топтириш борасидаги қатор масалалар ечимига қаратилди. Спорт — соғлом халқ, соғлом жамиятнинг таянч устунидир, деган ҳаётий ҳақиқатга асосланган вазифалар белгилаб берилди. Айни пайтда спортга шунчаки мусобақа эмас, миллат генофонди, мамлакатнинг қудрати ва обрў-эътиборини бутун дунёга тараннум этадиган энг таъсирчан восита, энг устувор вазифа деб қараш зарурлиги таъкидланди.
Биз ҳақли равишда аждодларимиз билан фахрланамиз. Улар илм-фанда ҳам, давлатчилик барпо этишда ҳам катта қудратга эга бўлган. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Бугун ана шу аждодларга муносиб авлод бўлишимиз шарт. Бунинг учун, аввало, миллатнинг генофондини асрай олиш зарур. Агар инсон жисмонан бақувват бўлмаса, турли хасталикларга енгилади. Зеро, Виктор Гюго айтганидай, “Руҳ қалъасини сақлаб қолиш учун жисм қалъасини мустаҳкамлаш зарур”.
Шу боис, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишнинг муҳим шартларидан бири миллат генофондини асрашдир. Бунинг учун эса жисмоний қувват жуда муҳим. Йиғилишда “Соғлом инсон — соғлом миллат” ғояси умуммиллий ҳаракатга айланиши кераклиги таъкидлангани бежиз эмас.
Инсон саломатлиги учун жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланиш жуда муҳим. Жамиятимизда эса мана шу икки жиҳатни кенг тарғиб этиш зарур. Бу борада сўнгги йилларда жуда яхши натижаларга эриша олдик. Масалан, яқин-яқингача хиёбонлар, йўлаклар деярли бўш турарди. Ҳозир тонгда спорт майдонлари, хиёбонлар, йўлаклар жисмоний машқ бажараётган юртдошларимиз билан тўла. Бунга қандай эришдик?
Аввало, маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар олдидаги майдончаларда спорт билан шуғулланишга шарт-шароит яратилди. Бепул фойдаланиш учун спорт жиҳозлари ўрнатилди. Аҳоли орасида пиёда юриш кенг тарғиб этилди. Кичик спорт майдонларини ташкил этиш учун 2018 йилдаёқ тадбиркорларга имконият берилган эди. Натижа эса қувонарли. Бугун энг чекка маҳаллаларда ҳам ёшлар замонавий мини футбол майдонларида тўп сурмоқда. Энди бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Маълумотга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 44 фоизида жисмоний фаоллик етишмайди. Яна 36 фоиз аҳоли тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилмайди. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз масъулларга бошоқли ва донли маҳсулотлар, мева-сабзавотлар истеъмолини кўпайтириш борасида халқчил тилда тушунтириш ишларини олиб бориш вазифасини қўйди. Бу бевосита одамларнинг саломатлиги билан боғлиқ вазифа. Илло, мазкур вазифанинг ижроси, Гиппократ ибораси билан айтганда, еган овқатимиз дори, шифо бўлишини таъминлаш, дегани. Шунинг ўзиёқ янги Ўзбекистонда ислоҳотлар инсон қадри учунлигини исботлайди.
Лекин таомнинг шифобахши қолиб, зарарлисини танлаётганлар ҳам бор. Масалан, тез тайёр бўлувчи ва таркибида канцероген моддалар юқори бўлган маҳсулотлардан тийилиш керак. Чунки улар турли касалликларга сабаб бўлади. Афсуски, бугун бундай маҳсулотлар савдоси кўпайган. Ён-атрофни кузатган киши яхши билади, тез тайёр бўладиган маҳсулотни қирқ ёшгача бўлганлар кўпроқ истеъмол қилади. Шунинг ўзиёқ соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб этиш заруратини кўрсатади. Бунинг учун барча даражадаги масъуллар бирдек фаол бўлиши, жамиятимизда шахсий намунани кучайтиришимиз керак. Шундагина олдимизга қўйилган вазифа, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тарғиботи билан ҳар бир оилани қамраб олишга эришамиз.
Яна бир муҳим жиҳат, бу масалаларни қонун даражасида мустаҳкамлаш учун “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун тубдан қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Мақсад қонунни замон талабига мослаш. Ишларни тўғри ташкил этиш учун қонуний асос жуда муҳим. Кутилаётган қонун аҳолига соғлом турмуш тарзига амал қилиш учун кенг имкониятлар яратиш, давр талаби билан ўртага чиқаётган айрим масалаларга ечим беришга қаратилади. Шу орқали жамиятимизда соғлом турмуш тарзи янада оммалашади.
Ҳозир оммавий спорт мусобақаларида катта ёшдаги инсонлар иштироки кам. Давлатимиз раҳбари йиғилишда мазкур масалаларга ҳам аниқ ечимларни кўрсатиб ўтди. Жумладан, энди ҳар ҳафтада маҳаллаларда оммавий жисмоний фаоллик тадбирлари ўтказилади.
Ҳудудлардаги спорт машғулотлари изчиллигини таъминлаш жуда муҳим. Айнан изчиллик натижадорликни белгилаб беради. Шу боис, бу тадбирлар бир-икки марта номига ўтказиб қўйилмаслиги шарт. Йиғилишда мазкур жиҳатлар ҳам эътибордан четда қолмади. Энди маҳаллалар кесимида “Аҳолининг жисмоний фаоллиги рейтинги” юритиладиган бўлди. Бу мутасаддилар масъулиятни яхшироқ ҳис этишида жуда зарур жиҳат.
Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ китобхонлик кенг тарғиб этилди. Ҳатто ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш учун танлов ташкил этилиб, ғолибга автомобиль бериладиган бўлди. Натижада ёшлар орасида китоб ўқишга қизиқиш жуда кучайди. Ҳатто нашриётлар китоб тақдимотларини катта байрамдай ўтказмоқда. Бу китоб ўқишга рағбат, тарғибот натижаси. Энди соғлом турмуш тарзини ҳам худди шундай рағбатлантириш, оммалаштириш мақсад қилинмоқда. Яъни ҳар йил якунида энг фаол спортчи оилаларга тренажёрлар берилади. Маҳаллаларда фаол инсонлар қанча кўп бўлса, ютуқ ҳам шунга яраша бўлади — бундай маҳалла аҳли учун спорт майдончалари қурилиб, жиҳозланди. Мақсад аҳолининг оммавий спорт билан қамровини камида
15 миллионга етказиш, юртдошларимиз онгига “Соғлом инсон — соғлом миллат” ғоясини чуқур сингдиришдир. Қолаверса, ногиронлиги бор шахсларнинг спорт билан қамровини 2 баробар кўпайтириш мақсад қилинган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда спортга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, сўнгги тўрт йилда бюджетдан спортга ажратилаётган маблағ 1,5 триллион сўмдан 3 триллион сўмга ошган. Мураббийларнинг ўртача маоши 2 баробар кўпайиб, 101 та янги йирик спорт объекти қурилган. Бу маблағлар шунчаки мусобақага бориб медаль олиб келишимиз учун сарф этилгани йўқ. Балки спортчилар орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда юртимизда жисмоний тарбия билан шуғулланиш имкониятини кенгайтиришга йўналтирилган. Шу сабаб буни, ҳеч шубҳасиз, келажакка тикилган сармоя дейиш мумкин.
Маҳаллалардаги спорт тадбирларига ногиронлиги бўлган шахслар ҳам кенг жалб этилади. Юқорида жисмоний қувват руҳий тетикликка сабаб бўлиши ҳақида айтган эдик. Ҳа, спорт инсонни ҳар жиҳатдан чиниқтиради. Бунга ҳар гал адаптив спорт билан шуғулланадиган инсонлар билан кўришганда амин бўламан. Уларнинг юз-кўзида эртанги кунга, ўзига бўлган комил ишончни кўраман. Улар орасида спорт билан шуғуллана бошлагач ҳаёти ўзгарган, жамиятнинг фаол аъзосига айланганлар талайгина. Шу маънода, маҳаллаларда ногиронлиги бўлган шахсларни спорт тадбирларига кенг жалб этиш айрим ижтимоий муаммоларга ҳам ечим бўлади. Баъзида ногиронлиги бўлган инсонлар оила аъзоларига ҳам кўнглидаги гапни очиқ айтавермайди. Улар ўз қобиғига ўралиб, дўстларим йўқ деб ўйлайди. Оқибатда уларда асабийлик кузатилади. Адаптив спорт билан шуғулланиш, оммавий спортларда қатнашиш улардаги мана шундай стереотипларни енгиб ўтишда куч беради. Лўнда айтганда, адаптив спорт ногиронлиги бўлган ёшларни уйдан кўчага — одамлар орасига олиб чиқади.
2022 йилдан бошлаб маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида “Беш ташаббус паралимпиадаси” оммавий спорт мусобақалари уч босқичда ўтказиб келинмоқда. Ўтган 2024 йилда 16 дан 30 ёшгача бўлган 29 минг 62 нафар ногиронлиги бўлган ёш мазкур мусобақада иштирок этиш истагини билдирган. Улар фойдаланишга қулай бўлган 5tashabbus.uz сайти орқали рўйхатга олинган. Натижада мусобақаларга 18 минг 416 ёш қамраб олинган. Бу ногиронлиги бўлган 18 мингдан ортиқ ёшга ўз қобилиятини кўрсата олиш, жамиятда ўрни борлигини ҳис этишига яратилган катта заминдир. Белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилда мазкур мусобақаларга ногиронлиги бўлган 45 минг ёшни қамраб олиш режа қилинган.
Мусобақаларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад юртимизда оммавий спортни кенг тарғиб этиш, адаптив спорт қатнашчиларига етарлича шарт-шароит яратиб беришдир. Масалан, “Беш ташаббус паралимпиадаси”га ҳозирлик кўриш учун жойлардаги спорт майдонлари адаптив спортга мослаштирилмоқда. Спорт мураббийларининг малака ва кўникмалари кўриб чиқиляпти.
Қамровни янада кенгайтириш учун эса “Беш ташаббус паралимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларини ўтказишда айрим ижобий ўзгаришлар кутилмоқда. Жумладан, аввал эшитишида нуқсони бўлганлар ушбу мусобақаларда қатнаша олмасди. Энди улар ҳам “Беш ташаббус паралимпиадаси” иштирокчиси бўла олади. Айни пайтда адолатни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор берилган. Яъни энди ногиронлиги бўйича классификацияга киритилмаган шахслар рўйхатдан ўта олмайди. Бундай спортчи мусобақаларга қўйилмайди. Шу боис, параспорт билан шуғулланаётган 7 мингдан ортиқ спортчини ногиронлик турига қараб классификациялашга жиддий эътибор берилмоқда. Яна бир янгилик, жорий йилдан бошлаб спорт турлари сони ҳам кўпайди. Бу ҳам маҳаллалардаги ногиронлиги бор ёшларни қизиқиши, имконияти ва истеъдодидан келиб чиқиб адаптив спорт кенгроқ жалб этишга хизмат қилади.
Ушбу мусобақада қатнашиш учун маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳозирданоқ фаоллик кўрсатиб, рўйхатдан ўтяпти. Умуман, юртимизда адаптив спорт ривожланиб, имкониятлар кенгайиб бормоқда. Жумладан, илгари бу тоифадаги ёшлар учун атиги 33 та мактабда спорт тўгараклари бор эди. Ҳозир бундай мактаблар сони 235 тага етди. Натижада адаптив спорт билан мунтазам шуғулланувчилар 4 карра кўпайиб,
7 мингдан ошди. Энди мазкур йўналишдаги имкониятлар янада кенгайтирилади. Бунинг учун ҳудудлардаги 39 та спорт мактаби адаптив спорт турларига ихтисослашади. Муҳими, бундай ёшларни, айниқса, ногиронлиги бўлган қизларга имкониятига қараб бошқа соғлом спорт гуруҳларида ҳам шуғулланишига шароит яратилади. Бу ногиронлиги бўлган ёшлар қалбида ҳаётсеварлик туйғусини кучайтиради. Бошқалардан кам эмаслигини, аксинча, ўз устида ишлаб, соғлом тенгдошларидан ҳам кўпроқ натижага эришишга бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Қалбида орзуси сари кучли интилишни пайдо қилади.
Ҳозирги тезкор тараққиёт даврида эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш ярамайди. Даврнинг ўзи бизга доим фаол бўлиш, кўзланган маррага эришиш учун муттасил янгиланишлар, изланишлар қилишни талаб этмоқда. Зеро, қадимги юнон тарихчиси Плутарх “Ҳаёт ҳаракатни талаб қилади”, деган эди.
Шундан келиб чиқиб, адаптив спорт бўйича ҳам қатор ижобий ўзгаришларга старт берилди. Жумладан, ногиронлиги бўлган ёшларни спорт билан қамраб олиш ва натижадорлигини таъминлашда янгича йўл тутилади. Бунинг учун Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорлик қилинади. Унинг Тошкентдаги филиалида адаптив спорт бўйича алоҳида факультет очилади. Ҳозирги даврда ҳар бир ишда илмий ёндашув жуда муҳим. Бусиз бирор арзигулик натижага эришиш мушкул. Шу сабаб ҳамкорлик доирасида натижадорликни оширишга қаратилган илмий методика ва стандартлар ишлаб чиқилади. Бу эса адаптив спортга жалб этишда замонавий стандартлардан фойдаланиш имконини беради.
Хўш, бугун адаптив спортчилар учун майдонда қандай қулайликлар бўлиши керак? Уларга спортни ўргатаётган мураббийлар нималарга эътибор бериши, машғулотларнинг ўқув методикасидан тортиб, унинг хулқ-атворигача бўлган барча жиҳатлар бугун илмий асосни талаб этади. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорлик ана шу ишларни янги Ўзбекистон шароитида, халқимизга хос жиҳатларни ўрганиб, илмий асослаш имконини беради.
Энди замонга мос равишда параспорт турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш тартиби ҳам ўзгартирилади. Яъни ёшлар фақат мусобақа натижасига кўра эмас, балки спорт нормативларини бажаришига қараб ҳам терма жамоага қабул қилинади. Мазкур ўзгариш адаптив спорт билан шуғулланаётган ёшларга ўз истеъдодини тўла намоён этиш имконини беради. Бунда адолатли иш тутиш учун ногиронлиги бўлган спортчиларнинг кўрсаткичлари мониторинг қилиб бориладиган алоҳида онлайн платформа яратилади.
Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилиш параспортчилар учун қувончли хабарларга бой бўлди. Масалан, энди мусобақа ва спорт йиғинлари ташкил қилишда олимпия ва паралимпия тизимига ўтилиши айтилди. Бу қаерда чемпионат бўлса, унга ёнма-ён параспорт мусобақаси ҳам ўтказилади, дегани. Мазкур амалиёт сабаб ҳақиқий инклюзив тизим яратилади. Ногиронлиги бор спортчилар учун ишонч ва рағбат бўлади. Шу ўринда Алишер Навоийнинг машҳур байтини эслаб ўтиш жоиз. Ҳазрат инсон қалбини муқаддас санаб:
“Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”, деб ёзади.
Адаптив спортга бундай катта эътибор сабаб минглаб юртдошимизнинг кўнгли шодликка тўлади. Уларнинг ортидан миллионлаб қалблар обод бўлади. Мазкур жиҳат ҳам янги Ўзбекистонда ислоҳотлар инсон қадри учун олиб борилаётганини кўрсатади.
Спортдаги ислоҳотлар натижа бермоқда. Жумладан, 2024 йилда Парижда ўтказилган Паралимпиада мусобақаларида параспортчиларимиз қувонарли натижалар кўрсата олди. Айниқса, қарийб 30 йил олдинги рекордни янгилаган Асила Мирзаёрова, уч карра Паралимпия чемпиони Ҳусниддин Норбеков каби спортчилар жасорати юртимиздаги адаптив спорт билан шуғулланадиган ёшларга мотивация бергани рост. Бугун кўплаб ёшларимиз Паралимпия чемпионларига ҳавас қилиб, уларга ўхшаш учун ҳам спорт билан шуғулланишга киришган. Буни давлатимиз раҳбари ҳам эътироф этди. Ушбу натижалар ёшларимиз, ота-оналарнинг спортга муносабатини ўзгартиргани, кўп ёшларимизда “Мен ҳам чемпион бўламан”, деган шижоат пайдо бўлганини таъкидлади.
Эндиги навбат эса 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида юқори натижадорликни кўрсатишга қаратилган. Йиғилишда мазкур мусобақаларга тайёргарлик доирасидаги ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. “Лос-Анжелес — 2028” Олимпия ва Паралимпия ўйинларида медаллар сонини икки карра ошириш мақсадида қатор вазифалар белгилаб берилди. Бунинг учун кераклича шарт-шароит яратиладиган бўлди. Лос-Анжелесда ҳам спортчиларимиз кўзланган натижага эришишига ишонамиз.
Бугун янги Ўзбекистон ёшларининг спорт билан шуғулланишга бўлган шижоати кишини қувонтиради. Чунки ақл-идрокли бўлишни истаган одам ўз танасини парвариш қилиши керак. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Тана парвариши эса нафақат спорт, балки соғлом овқатланишни ҳам талаб этади. Олдимизда мана шу икки жиҳатни кенг тарғиб қилишга қаратилган ишларни тўла адо этиш вазифаси турибди. Шу орқали Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга ҳиссамизни қўшган бўламиз. Зеро, бундай юксак маррани соғлом миллат билангина забт этиш мумкин. Ҳа, энди “Соғлом инсон — соғлом миллат” ғояси атрофида бирлашишимиз керак. Бунинг учун жуда катта қаҳрамонлик талаб этилмайди. Шунчаки, ўз соғлиғимизни ўйлаб, спорт билан шуғулланиб, тўғри овқатланишни ташкил этишимиз кифоя.
Мухторхон ТОШХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси








