Париж -2024 ёзги Олимпиада ўйинлари расман очилди

    Шу йилнинг 26 июль куни Парижда 33-ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Сена дарёсидаги анъанавий миллий қайиқ парадида 206 давлатдан 10 мингдан ортиқ спортчи иштирок этди.

    Париждаги XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида 206 давлатдан 10 мингдан ортиқ спортчи иштирок этди. ёзги Олимпиада ўйинлари тарихда биринчи маротаба сувда яъни Сена дарёсида ўтказилди.

    Анъанага кўра, 6 км масофани биринчи бўлиб ўйинлар асосчиси — Греция жамоаси сузиб ўтди. Унинг ортидан — қочқинлар жамоаси. Кейин эса делегациялар алифбо тартибида ўтишди. Якуний шоу Трокадеро майдонида бўлиб ўтди.

    Олимпиада машъаласини дзюдочи Тедди Ринер ва енгил атлетикачи Мари-Жозе Перек ёқди – машъала билан шар Франция пойтахти осмонига кўтарилди.

    Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, очилиш маросимини 320 мингга яқин киши, жумладан, 100 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари томоша қилган. Тўрт соатга яқин давом этган шоуда 3000 га яқин актёр ва раққослар иштирок этди.

    Париж-2024 – Ўзбекистон делегацияси мустақил давлат сифатида иштирок этадиган саккизинчи ёзги Олимпия ўйинларига айланади. Ўзбекистон делегацияси лицензиялар бўйича ўз рекордини янгилаб, илк бор 19 спорт турида, 90 нафар спортчи билан 75 та йўлланмага сазовор бўлди. Бунгача рекорд 1996 йилги Олимпиадага тегишли бўлиб, ўшанда Атлантадаги мусобақаларда ўзбекистонлик 71 нафар спортчи қатнашган эди.

    Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, Париждаги XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари 2024 йилнинг 26 июлидан 11 августига қадар бўлиб ўтади. Уларда спортнинг 32 тури бўйича 329 та совринлар жамланмаси учун кураш олиб борилади. Одатдаги олимпия турларидан ташқари, Франциядаги ўйинларда брейк-данс, спорт услубида тоққа чиқиш, скейтбординг ва серфинг бўйича ўйинлар ўтказилади.

    Серфинг мусобақалари Тинч океани жанубида, Париждан 15 000 километр узоқликда жойлашган Франция Полинезиясида бўлиб ўтади.