Парламент дипломатияси – ташқи сиёсатнинг муҳим воситаси

    2015 – 2019 йиллар давомида ҳамкорлик гуруҳлари жами 28 давлатнинг қонунчилик органлари билан ишлаган бўлса, ҳозир улар сони 51 тага етди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз ва юртимиз манфаатларидан келиб чиқиб юритаётган очиқ, дўстона ва прагматик тамойилларга асосланган ташқи сиёсат минтақада, дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлаш, ўзаро дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир. Бу жараёнда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича ҳам амалий қадамлар ташланаётгани маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.

    Хусусан, парламентимизнинг халқаро парламентлараро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлиги юртимиздаги кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Парламент дипломатияси бир қанча йўналишларда фаоллашиб бораётганини кузатиш мумкин.

    Биринчидан, 2020 йилда Олий Мажлис палаталари кенгашлари томонидан хорижий мамлакатлар билан муносабатларни ривожлантиришда парламентнинг ролини янада кучайтириш мақсадида Парламент дипломатияси концепцияси қабул қилинди. Ушбу концепцияда хорижий парламентлар билан алоқаларни фаоллаштириш, уларнинг қонун ижодкорлиги тажрибасини бевосита ўрганиш, халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида Олий Мажлиснинг фаол иштирокини таъминлаш, юртимиздаги ислоҳотлар жараёнидан халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш, мамлакатимиз ташаббусларини илгари суриш каби устувор вазифалар белгиланди.

    Иккинчидан, Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ва комиссиялари ишини фаоллаштириш ва амалий муносабатларни кенгайтириш чоралари кўрилиши натижасида уларнинг фаолияти янада жонланди.

    Бугунги кунда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари хорижий давлатлар қонун чиқарувчи органлари билан алоқаларни ривожлантириш майдони вазифасини ўтамоқда, чет эллик ҳамкорлар билан очиқ, конструктив ва жонли мулоқот қилишнинг қулай механизмига айланмоқда. Хусусан, 2015 – 2019 йиллар давомида ҳамкорлик гуруҳлари жами 28 давлатнинг қонунчилик органлари билан ишлаган бўлса, ҳозир улар сони 51 тага етди. Жумладан, 50 та давлат ва Европа Иттифоқи парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил қилинди. Жумладан, 50 та давлат ва Европа Иттифоқи парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил қилинди.

    Учинчидан, Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардаги мажбуриятлари бажарилишида парламентнинг назорат функциялари тобора кучаймоқда. Жумладан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бажарилиши, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Қонунчилик палатаси ролини ошириш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш ишлари парламентимиз томонидан алоҳида назоратга олинди.

    Тўртинчидан, парламент дипломатияси халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг турли шаклларида амалга оширилмоқда.

    Пандемияга қарамай, 2020 йил мобайнида Қонунчилик палатасида қатор расмий учрашувлар ўтказилди. 14 депутатнинг чет элдаги сайловларда кузатувчи, халқаро тадбирларда иштирокчи сифатида сафарлари уюштирилди.

    Қайд этиш жоизки, коронавирус пандемияси даврида ҳам Қонунчилик палатасининг хорижий мамлакатлар билан парламентлараро алоқалари изчил давом эттирилиб, 34 та онлайн халқаро тадбир ташкил қилинди.

    Жумладан, АҚШ Давлат департаменти, Халқаро диний эркинлик комиссияси, АҚШ Конгресси ҳузуридаги Хельсинки комиссияси ҳамда Глобал жалб қилиш институтининг расмий вакиллари иштирокида дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш масалалари бўйича видеоконференция, “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва Инсон ҳуқуқлари қўмитаси мисолида БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини амалга оширишда парламентнинг роли” мавзуидаги халқаро онлайн парламент форуми ўтказилди.

    Жорий йил 6 апрелда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Пак Бён Сок билан юзма-юз учрашув ва мулоқот ўтказилгани парламент дипломатиясига яна бир мисол бўла олади.

    Ушбу учрашувлар парламентимизнинг мамлакатимиз ташқи сиёсатига доир муҳим масалаларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтириш, парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш имконини бермоқда.

    Хулоса шуки, сўнгги йилларда парламентимиз мамлакат ташқи сиёсатининг фаол иштирокчисига айланди. Парламент дипломатиясининг географияси кенгайиб, натижадорлиги ошмоқда. Ушбу ҳолат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда узвий алоқаларни ўрнатиш имконини яратиб, давлатлараро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳар томонлама ёрдам беради.

    Қодир ЖЎРАЕВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро

    алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари

    Ўктам ИСЛОМОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates