Пахта ҳосилини оширишда “30 сантиметрлик схема”

    Жаҳон тажрибасида қатор мамлакатлар шу усулда пахта етиштириб, энг юқори ҳосилни олиб келмоқда.

    Ўзбекистон замини қишлоқ хўжалигини ривожлантириш имкониятлари юқори бўлган саноқли давлатлар қаторида туради. Соҳа илмини яхши эгаллаган исталган олим айтиши мумкинки, диёримизнинг унумдор тупроқлари ҳозиргидан бир неча баробар кўп озиқ-овқат етиштириш имконига эга. Фақат бунинг учун қишлоқ хўжалигини илм-фан асосида ривожлантириш, соҳага илғор технологиялар, самарали тажрибаларни олиб кириш талаб этилади. Юртимизда сўнгги йилларда бу жиҳатларга катта эътибор берилаётганини кўриб, кузатиб, мен ҳам шу соҳа олими сифатида ўз тажрибаларим, мулоҳазаларим билан бўлишишни истадим.

    Ҳозир ернинг эгаси, аввало, халқ бўлиб турибди. Одамларимиз даромад топиши учун ер майдонлари қатор имтиёзлар асосида уларга ажратиб бериляпти. Аммо шундай вақтда деҳқончилик билан шуғулланаётган ҳар бир киши, фермер ёки томорқа эгаси ўзига савол бериши керак: “Мен ўзимга ажратилган ерларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдалана оляпманми ёки йўқ?” Агар жавоби қониқарли бўлмаса ва биз ердан тўғри фойдаланиб, юқори ҳосил етиштирмас эканмиз, ҳеч қачон кутилган даромадни оломаймиз, бой бўлмаймиз.

    Пахта етиштириш йўналишини олайлик. У юртимизда узоқ йиллардан бери экиладиган асосий экин турларидан бири ҳисобланади. Ҳозир ҳам пахта етиштиришда дунёда етакчи давлатлар қаторида турамиз. Аммо яқин йилларгача соҳани илмий асосда ривожлантириш, ўзимиздан чиқаётган тайёр хомашёни қайта ишлаб, юқори қийматли маҳсулотга айлантириш ва бир неча баробар қимматга экспорт қилишга келганда, бошқа давлатлардан анча ортда бўлганимиз ҳам рост. Яъни, олимларнинг йиллар давомида олиб борган изланишлари ҳаётга тадбиқ этилмасдан, қоғозларда қолиб кетган. Дунё ривожланиб бораётган бир даврда, ўзбек халқи эскича усулда пахта етиштиришда давом этган.

    Қишлоқ хўжалигимизда илм-фаннинг ривожланмагани энг оғриқли нуқталаримиздан бири. Шу боис, охирги йилларда ана шу камчилик ўрнини тўлдиришга бел боғланди. Илмий изланишлар, тадқиқотларга кенг йўл очилаётганини кўряпмиз. Давлатимиз раҳбари илмга асосланган уруғчилик ва агротехнологиялар ҳисобига пахта ҳосилдорлигини ошириш, толани чуқур қайта ишлаб, соҳанинг экспортини кўпайтириш, бунинг учун, аввало, барқарор ва сифатли хомашё кераклигини таъкидламоқда. Жорий йилнинг 2 февраль куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ҳам Қўштепа туманидаги тўқимачилик корхонасида ўтказилган йиғилишда пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш масалалари ўртага ташланди. Пахта ҳосилдорлигини ошириш, ип-калавани чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Ҳар босқич ўзаро боғлиқ

    Пахта толаси дунё тўқимачилик саноати учун табиий толанинг энг улкан ва қайта тикланувчи манбаи ҳисобланади. У ўзининг нафислиги ва ҳаво ўтказувчанлик каби хусусиятлари, шунингдек, экологик соф маҳсулот эканлиги билан сунъий толаларга қараганда бир қанча афзалликларга эга. Шу сабабли, дунёда пахта толасига бўлган талаб асло камаймайди.

    Жаҳон пахтачилигида тола сифати ва ҳосилдорлиги юқори, эртапишар, касаллик ва зараркунанда ҳашаротларга чидамли, табиатнинг турли ноқулайликларига бардошли ғўза навларини яратиш энг муҳим вазифалардан саналади. Мўл ҳосил етиштириш эса ернинг ҳолатидан тортиб, об-ҳаво қандай келишигача боғлиқ. Авваллари бу ҳодисалар борича қабул қилиниб, деҳқонлар унга мослашган. Лекин ҳозир ҳар бир жараённи илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиб, самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконияти юқори.

    Пахтачиликда юқори ҳосил олиш учун ердан фойдаланиш тартиби, агротехнологияларни тўғри олиб бориш ниҳоятда муҳим. Ўзимнинг 40 йиллик мустақил тажрибаларим асосида бунга кўп бора гувоҳ бўлганман.

    Масалан, юртимизда пахта экиш жараёнларида 60 сантиметрлик схемадан фойдаланишга қатъий ўрганилган. Бу баъзида 90 сантиметрлик схемага ўтиб, оралиқ масофа кенгайса кенгаядики, лекин тораймайди. Мен агроном олим сифатида пахта экишда қатор орасини 30 сантиметрлик схемага ўтказишни таклиф қиламан. Бу буғдой агротехникасига ўхшаш усул. Жаҳон тажрибасида қатор мамлакатлар шу усулда пахта етиштириб, энг юқори ҳосилни олиб келмоқда.

    Ғўзани 30 сантиметрлик схемада жойлаштириш ҳар гектардан олинадиган ҳосилдорликни икки баробарга оширади. Айтайлик, 60 сантиметрли схемада бир гектар майдонда 16 600 квадрат метр бўлса, 30 сантиметрлик схемада 33 200 квадрат метр жой бўлади. Ана шу ҳар бир квадрат метрда 6-7 тадан кўчат қолдирилса, бу бир гектарга 200 минг туб ғўза қадалади дегани. Уларнинг ҳар бир тубида 10 тадан кўсак бўлса ва ҳар бир кўсакнинг оғирлиги 5 граммдан бўлганда, ер майдонининг гектаридан 100 центнердан ҳосил олиш мумкин бўлади.

    Албатта, пахтадан юқори ҳосил олиш бошқа омилларга ҳам боғлиқ. Яна бир жиҳат, пахтанинг бўйини 12—14 шохга ўстирмасдан, 6-7 та хосил шохи бўлганида кимёвий воситалар ёрдамида ўсишдан тўхтатиш керак. Шунда ҳар бир шохда 2 тадан ҳосил етилади. Қолаверса, пахтанинг бўйи паст бўлганида қуёшнинг иссиқлиги яхши етиб боради, ҳосил тез етилади.

    Пахта ҳосилини олиш учун тайёргарликни энг бошидан бошлаш лозим. Биринчи навбатда, пахта экиладиган далани кўп йиллик бегона ўтлардан яхшилаб тозалаб олиш керак. Сўнг ер майдонини лазер текислагич билан текислаш лозим. Ундан кейин далани жуда текис, 30 сантиметр чуқурликда ҳайдаш керак. Тажрибали тракторчи албатта, бунинг уддасидан чиқади.

    Тўртинчи босқич далани кўндаланг ҳайдашдан иборат. Гап шундаки, ер қанча текис бўлса, куз-қиш даврида унга қор, ёмғирлар билан тушадиган кўплаб макро ва микро ўғитлар шунча яхши сингади. Улар экиладиган экинлар учун керакли озуқадир.

    Кейинги, асосий жиҳати, хайдалган ерларни бахорда текисламаслик керак. Тажрибали деҳқонлар буни яхши билади. Бахорда ер текисланганда юза катламдаги махсулдор тупрок сурилиб кетади, натижада экилган пахта далалар ола кўкаради. Ғўза паст-баланд бўлиб ўсади ёки умуман ривожланмай қолади.

    Ерга қадалаётган чигит туксизлантирилган, яхши тозаланган, сселкага чигит пўчоғи ёпишиб, бир меёрда тушишига халакит бермаслиги керак. Чигитни ташлашдан олдин 15 сантиметр чуқурликка ўғитнинг йиллик нормаси солинади. Сўнг, 3 сантиметр чуқурликка чигит ташланади. Устидан сеслкага мослаштирилган кичик ғилдиракча билан бостирилади. Шунда чигит 4 сантиметр чуқурликда ерга маҳкам ёпишади. Ер билан чигит орасида ғовак тупрок бўлмайди.

    Чигитни ерга якка ташлашга алоҳида аҳамият қаратиш керак. Сабаби, қўшалоқ ташланган чигитлар кўкариб чиққанидан кейин яганалаш даврида уларнинг томирлари бир-бири билан чалкашиб кетган бўлади ва жойида қолган тубнинг бир нечта томири узилади. Натижада пахта сўлиб қолиб, томир ўз кучини томирдаги яраларни битказишга сарфлайди ва ўсмай туради. Пахтанинг ўсиши 10 кунгача кечикади.

    Ўзбекистондаги экин экиладиган ерларнинг 80 фоизи кандайдир даражада қияликлардан иборат. Уларга пахтани тўғри экиш ҳам илмга, изланишга бориб тақалади. Масалан, мен ана шундай ерларда қийин бўлсада, экинни нишабга қараб эмас, кўндалангига экиш керак, деб ҳисоблайман. Бизда кўпинча бунинг акси кузатилади. Экинлар қия жойларда нишабликка қараб экилаётгани ҳисобига, ёмғир, корлар ҳосилдор тупроқни пастга оқизиб, табиий ва суний эрозияни ҳосил килиши ҳисобига йилдан-йилга ерларнинг хосилдорлиги камайиб бормокда, деградацияга учрамоқда.

    Пахтани экиш даврини аниқлаш ҳам энг оғриқли масалалардан бири. Йиллар бир-бирига ўхшамай келади. Баҳор мавсуми ҳам бир гал иссиқ келса, бир гал совуқ. Ҳаво ҳароратининг тез-тез алмашиб туриши эса пахтакорни чалғитади. Иссиққа ишониб, пахтани эрта эккан деҳқон, кейинги бирдан ёғадиган ймғир-қордан яхшигина зиён кўради. Шу боис, ушбу жиҳатларга ҳам илмий ёндошилиб, охирги йилларда яхши натиларга эришилаётгани қувонарли ҳол.

    Ер остидан эмас, устидан суғориш лозим...

    Мен 1980 йилдан то 2020 йилгача ўз ҳовлимдаги томорқамда пахта етиштиришнинг турли усуллари борасида мустақил тажрибалар олиб бордим. 40-йиллик тажрибаларим яхши натижа берди.

    Ўтган давр мобайнида чигитни фақат 30 сантиметрлик схемада, тор қаторлаб, ўрик, шафтоли, семеренко олма мевалари дарахти гуллаган вақтда экардим. Гап шундаки, бу дарахтлар ернинг исишини билади. Масалан, ўрик ва шафтоли дарахти гуллаганда экилган чигитнинг 80—90 фоизи совуқ ҳарорат ва ёмғирлар сабаб чириб кетарди. Семеренко олма гуллаб бўлганидан кейин экилган чигитлардан эса деярли 100 фоиз соғлом пахта кўчати олардим. Яъни, семеренко олма дарахти гуллаган вақт чигит экиш учун жуда қулайлигини кузатдим ва буни барча вилоятларимизда қўллаш яхши самара беради, назаримда.

    1980 йилларни эслайман... “Пахта иши”, “ўзбек иши” номи остидаги қатағонликлар сабаб халқимизнинг пахта етиштиришдан кўнгли совуб кетган эди. Мустақиллик йилларида пахтага мажбурий жалб қилиш ҳам жаҳонда ўзбек пахтасига байкот эълон қилинишига туртки бўлди.

    Бугун эса халқаро байкот бекор қилиниб, юртимизда мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди. Деҳқон, фермерлар пахтани мажбуран эмас, даромад олиш мақсадида етиштиряпти. Сотувда ҳам эркин бозор нархлари белгиланди. Пахта-тўқимачилик кластерлари пайдо бўлиб, уларнинг сони кўпайиб боряпти. Ўзбекистон охирги 5 йилда пахта хомашёсини етиштириш ва уни тайёр маҳсулотга айлантириб, хорижга экспорт қилиш бўйича анча илдамлади. Ҳатто, бу борада илғор давлатлар қаторига қўшилаётгани биз олимларни қувонтиради.

    Табиийки, соҳада илм-фанга ҳам кенг йўл очилди. Олимлар янги пахта навлари, ҳосилдорликни ошириш ва уруғчиликни ривожлантириш бўйича илмий изланишлар олиб боряпти. Илғор ғоя ва лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилиб, юртимизда пахта етиштириш янги босқичга кўтарилди. Соҳага замонавий ва рақамлашган техникалар, томчилатиб суғориш каби илғор технологиялар кириб келди.

    Яхши эслайман, 1968 йили Мирзачўлда (у даврда Сирдарё вилояти билан Жиззах вилоятини Мирзачўл дейишарди) янги ташкил бўлган Самарканд номли савхознинг мен ишлайдиган 2-бўлимида 10 гектар пахта майдонига ер остидан томчилатиб суғориш тизими ўрнатилиб, тажрибадан ўтказилди. Тошкентдан бириктирилган олимлар савхозга кўчиб келиб, тажрибани назорат килишди. Жараёнда шланглар ҳар 20 сантиметр оралиқда тешилиб, 30 сантиметр чуқурликка кўмилди. Мен ҳам олимлар қатори ушбу суғориш жараёнини кузатиб борардим. Ўша вақтда “ер остидан суғориш бўлмайди, шлангларни ер устига эркин ёткизинглар”, деб маслахат бердим. Улар буни эътиборга ҳам олмади. Аммо ўз мустақил тажрибаларимда бу усулни қўллаганман. Ер майдонларида суний капрондан бўлган шлангларни ўқариқ ўрнида ишлатиб, фойдаланганман.

    Мана, бугун пахтачиликда ҳам шланг билан ер устидан томчилатиб суғоришга ўтилди. Бу сув ва минерал ўғитларни тежаш баробарида, ҳосилдорликни оширишда чиндан, юқори самарадорликка эга.

    Умуман, ҳозир деҳқон ва фермерларнинг соҳага оид билимлари ошиб бораётгани яхши. Тажрибалар учун шароит, имкониятлар яратиляпти. Авваллари, деҳқон ва фермерлар ерларига режа талаби қўйиларди. Бу йиллар давомида илмий ёндошувларга тўсқинлик қилди. Мен ҳам бир олим сифатида тажрибаларимни синов-дала майдонларида эмас, ўз томорқамда олиб боришга мажбур бўлдим.

    Ҳозирги янги технологиялар ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, юқори ҳосил олишга йўл очяпти. Албатта, пахтачиликда ислоҳотлар ҳам жадал давом этяпти. Биз олимлар бу жараёнда билим ва тажрибаларимиз билан фаол иштирок этишимиз муҳим.

    Бундан 50 йиллар олдин баланд бўйли бўғдой экардик. Ҳосили анча паст эди. Бугун эса калта бўйли бўғдой экиб, гектаридан 60—70 центнер ҳосил оляпмиз. Мева-сабзавотчиликда ҳам ишлар анча яхшиланиб боряпти. Интенсив боғларда юкори ҳосил етиштиряпмиз. Буларнинг бари юртимиз қишлоқ хўжалигидаги янгиланишлар, илмга берилаётган катта эътибор самарасидир.

    Ғаффор КАРИМОВ,

    Самарканд вилояти Пастдарғом тумани,

    аграном олим

    (Муаллифнинг шахсий фикрлари таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates