Пировард мақсад – инсон ҳуқуқларини кафолатлаш

    Бугунги тараққиёт босқичида тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган, фуқароларнинг эркин, фаровон ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган, уларни ҳуқуқ ва эркинликларининг асосий кафолати сифатида қонун устиворлиги таъминланаётган мамлакатимизда эзгу ва хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

    Бундай мамлакат халқаро майдонда иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан қудратли давлат сифатида тан олинади. Халқаро ҳуқуқ қоидаларига асосан бундай давлат билан бошқа давлатлар расман юридик алоқалар ўрнатишади. Дунёнинг турли мамлакатларида шиддат билан содир бўлаётган жараёнларда Ўзбекистон тараққиётининг ривожланиш йўли ўзини оқлаб, нақадар пухта режалаштирилганлиги исботланмоқда. Буларнинг барчаси, жамият ҳаётининг турли соҳаларида, хусусан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасидир.

    Республикамиз Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсади кўзланган бўлса, 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон билан бу йўналишга янада эътибор қаратилиб, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғоянинг амалдаги ифодаси сифатида ислоҳотларнинг навбатдаги янги босқичи бошланди.

    Жорий йил 30 июль куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишида муҳтарам Президентимиз халқ суд-ҳуқуқ тизимидан тўла рози дейишга ҳали асос йўқлигини, ҳозирги кунда қонунга хилоф равишда ушлаб туриш, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала қилиш ҳолатларига чек қўйиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилаётганига қарамасдан айрим ички ишлар идораларида содир бўлган фожиали ҳолатлар натижасида икки нафар фуқаро вафот этгани тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклигини алоҳида қайд этиб, мазкур салбий ҳолатлар суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидлаган эдилар.

    Шу муносабат билан, Фармонда тергов ва суд жараёнларида шахснинг ҳуқуқ-эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, процессуал ҳаракатларнинг сифатини ошириш, жиноят процессида далиллар тўплашни мустаҳкамлаш, уларга баҳо бериш тизимини илғор хорижий тажрибада кенг қўлланадиган исботлаш стандартларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилган.

    Бунга кўра, жиноят содир этишда гумонланган ёки айбланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик, уларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқини улар ушланган пайтдан бошлаб таъминлаш, яъни- уларни ҳимоячи билан ҳоли учрашишига қадар сўроқ қилиш ман этилиши каби қоидалар белгиланиб, тергов-суд жараёнларидаги процессуал ҳаракатларнинг сифат даражаси янада оширилиб, такомиллаштирилади.

    Инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди. У билиб-билмай, тушуниб-тушунмай жиноятга қўл уриб қўяди. Қонунларимизда жиноят содир этган шахсларнинг ҳам ҳуқуқлари мустаҳкамланган бўлиб, тергов-суд ҳаракатлари жараёнида ушбу ҳуқуқларни таъминлашга, уларга нисбатан процессуал ҳаракатлар олиб бораётган мансабдор шахсларнинг барчаси мажбурдирлар.

    Жиноят кодексида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, Фармонда бундай қилмишлар содир этилишини олдини олиш бўйича янада самарали механизмларни жорий қилиш, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш белгиланган бўлиб, бу албатта мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошишига хизмат қилибгина қолмай, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Конституциямизга кўра, барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

    Шу билан бирга, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

    Фармонда жиноятларни фош этиш борасидаги фаолиятни янги босқичга олиб чиқиш орқали содир этилган ҳар бир жиноят учун жавобгарлик муқаррарлигини ҳамда шахсга, жамиятга, давлатга етказилган зарарларни тўлиқ қопланишини таъминлашни белгиланиши, Жиноят кодексининг инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига мос бўлиб, қонун устиворлигини таъминлашга хизмат қилади.

    Амалдаги Жиноят кодексида шахснинг айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиши, чин кўнгилдан пушаймон бўлиши, жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериши, етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиши жазони енгиллаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилган бўлса-да, эндиликда агар шахс қайд этилган талабларга риоя қилган бўлса, суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ва ушбу келишувга асосан суд томонидан унга ўзи айбли деб топилган Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ёки муддатигача жазо тайинланиши белгиланмоқда.

    Бу албатта, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаслиги, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишини олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши ҳақидаги инсонпарварлик тамойилини таъминлайди ва жазони либераллаштириш борасидаги навбатдаги илғор ислоҳот сифатида баҳоланади.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан амалга ошираётган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва бошқа йўналишлардаги алоқалари янада ривожланди. Мазкур алоқалар доирасида фуқароларимизга, айниқса тадбиркорларга дунёнинг истаган мамлакатига ҳеч бир тўсиқларсиз чиқиш имкониятлари яратиб берилди.

    Бугунги тергов-суд амалиётида мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга муносиб ҳиссасини қўшаётган тадбиркорлар ёҳуд фуқароларни жиноят ишларида жабрланувчи ёки гувоҳ сифатида иштирок этишга жалб қилишга тўғри келмоқда. Албатта, бу ҳолат дастлабки тергов ва суд процесси тугагунга қадар уларни ўз фаолиятларини амалга ошириш учун хорижий давлатларга чиқиш имкониятларини чеклаб келаётган эди.

    Бундан ташқари, дастлабки терговда сўроқ қилинган гувоҳ ёки жабрланувчининг ишни судда кўрилгунга қадар оғир касалликка чалиниб қолиши туфайли уни судда сўроқ қилишни имкони бўлмай, бу ҳолатлар бошқа тарафларнинг эътирозларига сабабчи бўлаётган эди.

    Фармонда гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурияти туфайли уларни кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда кўрсатувларни гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартибини жорий қилишни белгиланиши, бу борада муаммоларни бартараф этиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди.

    Жиноят ишларини судда кўриш жараёнида судланувчини айбловини оғироғғига ўтказиш ёки бошқа шахсни жавобгарликка тортиш лозимлиги аниқланган тақдирда иш бўйича давлат айбловини қувватлаётган прокурор, жабрланувчи ёки унинг вакилини илтимосига кўра ишни прокурорга юбориш белгиланган бўилб, бу ҳолат айрим тарафларнинг, манфаатдор шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган эди. Эндиликда, қайд этилган ҳолатлар юзага келганда судга илтимоснома киритиш ҳуқуқини ишдаги барча тарафларга берилаётгани норозигарчиликларга барҳам беради.

    Жиноят қонунчилигида ярашув институтининг жорий этилиши жиноий-ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита сифатида жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, судланганлик ҳолатини камайтириш, жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг кенгроқ қўлланилишига имкон яратади.

    Шундай бўлса-да, ярашув институтини қўллашни фақатгина биринчи инстанция судларига берилиши, шу билан биргаликда шахснинг ҳаракатларини у айбланиб судга берилган Жиноят кодекси моддасидан ярашув институти доирасига тушадиган моддасига, қисмига қайта квалификация қилган ҳолда ярашув институтини қўллаш мумкин эмаслиги ярашувга бўлган ҳуқуқни чеклаб турган эди.

    Бундан ташқари, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланган ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган барча тоифадаги шахсларни ярашганлик муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш мумкин эмаслиги белгиланган эди.

    Фармон орқали жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганидан қатъи назар шахсга эълон қилинган айбловни ярашув институти доирасига тушадиган Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддасига ёки қисмига қайта квалификация қилиб, ярашув институтини қўллаш тартибини жорий этилиши, шунингдек, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоиданинг вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, отмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмаслигини белгиланиши ўзбек халқининг эзгулик, кечиримлилик каби кўп асрлик анъаналарига мос бўлиб, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устунлиги ҳақидаги ғояни чин маънода таъминлаб, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Фармонда, шахс оқланган тақдирда ушбу жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ва уни айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартибини ўрнатилиши белгиланаётгани қонунчиликдаги ушбу камчиликни бартараф этиб, Жиноят кодексидаги қонунийлик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини таъминлайди.

    Фармонда белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этилиши жамиятда адолат ва қонун устиворлигини таъминлаб, шахснинг тергов ва суд ҳаракатлари жараёнидаги ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, уларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.

    Фарҳод ХИКМАТУЛЛАЕВ,

    Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг раиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates