Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Риёддаги учрашувда Стратегик ўзаро мудофаа шартномасини (SMDA) имзолади.
Келишув Исроилнинг Қатарга уюштирган зарбалари ортидан минтақада кескинликнинг кучайишига бири ядровий қуролга эга, иккинчиси катта молиявий ва энергия манбаларига эга бўлган икки мусулмон давлатининг бевосита жавоби бўлди. Саудия-Покистон келишувида “икки давлатдан бирортасига нисбатан қилинган ҳар қандай тажовуз ҳар икки давлатга қарши тажовуз сифатида баҳоланиши” белгиланган.
Бироқ ушбу қоидани амалга оширишнинг ўзига хос механизми ҳамда Ар-Риёд ва Исломободнинг “тажовуз”га нисбатан эҳтимолий жавоб ҳаракатлари ошкор этилмаган. Покистон матбуотига кўра, бин Муҳаммад бин Салмон ва Шаҳбоз Шариф имзолаган келишув “умумий стратегик манфаатларни ҳисобга олган ҳолда” Покистон ядровий арсеналидан зарурат туғилганда Саудия Арабистони мудофаасида фойдаланишга қонуний рухсат беради. Шу тариқа Саудия Арабистони ядровий қуролга эга, аммо уларни тан олишни истамайдиган Бош вазир Биньямин Нетаньяху даврида тобора тажовузкор бўлган Исроил билан ҳарбий тенгликка эришишга ҳаракат қилмоқда.
“Ушбу келишув икки давлат ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг аспектларини ривожлантириш ва ҳар қандай тажовузга қарши биргаликда тўхтатиб туришни кучайтиришга қаратилган”, дея хабар беради Саудия ахборот агентликлари.
Покистон 150-160 та ядро каллаклари ҳамда қисқа ва ўрта масофали ракеталардан иборат арсеналга эга, деб ишонилади. Сунний саудияликларнинг минтақадаги асосий рақиби шиа Эрони саналади, АҚШ унга қарши яқин вақтгача Ар-Риёдни ҳарбий ҳимоя қилиб келган. Шу билан бирга, Қатарга зарбалар берилган пайтда Вашингтоннинг оғзаки тарзда қўллаб-қувватламаган бўлса-да, лекин амалда Тел-Авив томонида бўлган Президент Дональд Трамп давридаги олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолатлар Саудия Арабистонини ўз хавфсизлигининг бошқа кафилларини излашга мажбур қилмоқда. Минтақада энди ҳарбий жиловланмаган Исроилнинг тажовузкорлиги кучайиб бораётгани ҳисобга олинса, Саудия Арабистонининг бой монархияси учун бу ҳақиқатан ҳам кўриб чиқилиши зарур бўлган муҳим масаладир.
Биринчи навбатда ўзининг исёнкор Балужистон вилоятидаги айирмачиларга қарши кураш ва, энг муҳими, Ҳиндистон билан минтақавий қарама-қаршилик билан машғул бўлган бир пайтда Исломободнинг “хавфсизлик кафили” ролига қанчалик мос келади, деган савол очиқлигича қолмоқда.
Қолаверса, Тел-Авив “Саудия-Покистон пакти”нинг асосий сабаби сифатида кўрилганига қарамай, Яқин Шарқ минтақасининг (Янги Деҳли буни Ғарбий Осиё деб ҳисоблайди) хавфсизлик архитектурасидаги ўзгаришлар Яқин Шарқдагидан кўра кўпроқ айнан Ҳиндистонда шов-шувга сабаб бўлган.
Сабаби аён: Ҳиндистон ва Покистон ўртасида баҳсли бўлган Ҳимолой тоғларидаги де-факто демаркация чизиғи бўйлаб ҳарбий кескинликлар доимий, Кашмирда эса тўқнашувлар мунтазам бўлиб туради. Ўтган май ойида Ҳиндистоннинг “Синдур” аксилтеррор операцияси ортидан кескинлашув ҳар икки давлатнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудига зарбалар бериш билан кенг кўламли можарога айланди, деб хабар берди rg.ru.








