Мазкур лойиҳа Агентлик тизимига кирувчи Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларининг бўш вақтини қизиқарли ва самарали ташкил этишга қаратилган.
«Онлайн оромгоҳ» лойиҳаси доирасида агентлик таркибига кирувчи мактаб ўқувчилари мусиқа, хорижий тиллар, расм, дастурлаш, график ва дизайн, жисмоний тарбия каби йўналишлар бўйича онлайн дарслар ёрдамида билим ва кўникмаларга эга бўлишлари мумкин.
Шу билан бирга, лойиҳа доирасида ўқувчилар иштирокида турли танловлар ҳам ташкил қилиш режалаштирилган.
Агентликнинг янги лойиҳаси ҳозирги кунда фақат Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари учун очиқ. Агентлик мактабларга тизимга кириш учун логин ва калит сўзлар тақдим этди.
— «Онлайн оромгоҳ» лойиҳаси ўқувчиларимизга дарсдан ташқари вақтларини унумли ва мазмунли ўтказишлари учун ташкил этилди. Лойиҳа ўқувчиларга қизиқарли бўлиши учун янада такомиллаштириб борилади. Умид қиламизки, мазкур лойиҳа доирасида ёшларимиз билимларини ошириб борадилар, — деди Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бобохўжаев.