Қаддимиз ва қадримиз тимсоли

    Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига жойлашган бўлиб, юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.

    Ҳар бир миллатнинг тарихи, орзу истаклари, маданияти, маънавияти ва дунёқарашини ўзида акс эттирадиган тимсоллари бўлади. Шулардан бири — давлат байроғи.

    Давлатимиз суверенитети рамзларидан бири — мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 30 йил тўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи ер юзида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштирди.

    Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенг. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юқори қисмидаги мовий рангли эннинг юз томони ва орқа томонида дастага яқин жойида оқ рангли янги ой ва унинг ёнида ўн иккита оқ рангдаги беш қиррали юлдуз тасвирланган.

    Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 70x30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган.

    Оқ рангли янги ой вертикал ҳолатда дўнг томони дастага қаратилган, дастадан 20 сантиметр масофада жойлаштирилган бўлиб, диаметри 30 сантиметрли доирага сиғади.

    Ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз диаметри 6 сантиметрли доирага сиғади. Доиралар орасидаги масофа 6 сантиметр. Юлдузлар узунасига ва тиккасига жойлашган бўлиб, юқори қаторда учта, ўрта қаторда тўртта ва қуйи қаторда бешта. Қуйи қатордаги юлдузлар янги ойнинг пастки учидан 3,5 сантиметр масофада жойлашади.

    Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади.

    Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт.

    Бугунги кунда биз катта авлод олдида турган энг муҳим вазифалардан бири миллий қадриятларимиз асоси бўлган давлат рамзларини аҳамиятини ёш авлодга сингдириш ва улар онгида бу каби муқаддас тимсолларга нисбатан ҳурмат тушунчаларини шакллантиришдан иборат бўлиши лозим.

    Байроғимизнинг баландларда ҳилпираши юртимиз нуфузининг янада юксалаётганидан далолат беради. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра доим баландларга кўтарайлик!

    Абдуғани Сангинов,

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, сенатор.