баннер
21 апр 2025
17:15

    Қадим туркистонда жам бўлди дунё

    Ўзбекистон глобал мулоқот ва тажриба алмашиш майдонига айланди

    Ҳа, аҳли олам нигоҳи бир неча кун давомида кўҳна Турону Туркистон заминидаги улуғ юрт — Ўзбекистонга қадалди. Ер юзи зилзила гирдобидаги дарахт каби қалтираб, титраб турган таҳликали замонда жаҳондаги 140 га яқин давлатдан келган сиёсатчилар, парламент аъзолари, халқаро ташкилотлар вакиллари ўзбек тупроғида бир давра, бир дастурхон атрофида ўтириб, инсоният тақдирига таҳдид солаётган хавф-хатарларнинг олдини олиш, давлатлар, миллатлар ўртасидаги борди-келдиларни кучайтириш чоралари ҳақида фикрлашди, муҳим қарорлар қабул қилди.

    Зотан, бугун дунё янгича қоидалар асосида яшамоқда. Кечқурун уйқуга кетиб, эрта тонгда сизни нималар кутаётганини, катта-катта минбарлардан яна қандай баёнотлар, даъволар янграшини тахмин ҳам, тасаввур ҳам қила олмайсиз. Россия ва Украина, Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро, Ғазода ёш болалар ва аёллар ўлимининг охири кўринмаётгани, Суриядаги вазият, Эрон — АҚШ муносабатларидаги кескинлик, Ливандаги нотинчлик, яккаланиб қолган Афғонистон, қудратли ­давлатлар ўртасида бошланган ва авж олаётган “бож жанги”, АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги совуқлик, БМТга ишончсизлик, халқаро қонун-қоидаларни менсимаслик ва ядровий таҳдидлар фонида Ўзбекистонда иккита йирик халқаро ­анжуман ўтгани чин маънода эътиборга ло­йиқ бўлди. Жаҳон аҳлининг Ўзбекис­тонга эътибор, эҳтиром ва меҳру муҳаббатини янги поғоналарга олиб чиқди.

    Биринчиси, 3-4 апрель кунлари қадимий Самарқанд заминида бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммитидир. “Келажакка сармоялар” шиори остида ўтган ушбу тадбир дунё халқаро ­оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Анжуман энг муҳим муаммолар — давлатлар, халқлар, минтақалар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга, ўзаро маҳкам иқтисодий ҳамжиҳатликка, ижтимоий, маданий тараққиётга бағишланди.

    Тадбирда Европа Иттифоқи раҳбарлари Антониу Кошта ва Урсула фон дер ­Ляйен, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир ­Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо ҳамда Европа инвестиция банки раҳбарияти иштирок этди.

    Йиғилишда делегациялар раҳбарлари икки минтақа ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар билдирди. Сунъий интеллект, “катта маълумотлар”, рақамлаштириш ва космик тадқиқотлар соҳасида илмий-технологик алмашинув бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқининг биринчи саммитида терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

    Нуфузли анжуманда европалик ҳамкорларнинг терроризмга қарши кураш масалалари бўйича мулоқотни йўлга қўйиш таклифи якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Европа Иттифоқининг минтақа хавфсизлигига содиқлигини ифодалайдиган “BOMCA” ва “CADAP” дастурлари доирасидаги амалий ҳамкорликни, шунингдек, Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатлашувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

    Биринчи саммит якунида икки минтақа ўртасида стратегик шериклик ўрнатишни назарда тутувчи қўшма декларация ва ўта муҳим минераллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация қабул қилинди.

    Самарқанд машварати яна бир бор Ўзбекистоннинг дунё сиёсатида тутаётган ўрни, Ўзбекистон тимсолида минтақа мамлакатлари халқлари, раҳбарлари якдиллигини, бу минтақа дунё сиёсатида ўзига хос роль ўйнаши мумкинлигини яққол кўрсатди.

    Айни чоғда Европанинг қадим Туронзамин ўлкалари билан ҳамкорлиги айрим “дўстларимиз”га ёқмагани, уларнинг пайтавасига қурт тушганини ҳам эсдан чиқармаслик лозим...

    Куни кеча Тошкентда ниҳоясига етган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси эса чин маънода Ўзбекистон ва у тутган йўл қанчалар тўғри эканига яна бир ёрқин мисол. Анжуманда 140 га яқин давлатнинг 2 мингдан зиёд делегати қатнашди. Ўзбекистон пойтахтида ­дунёдаги вазият, муаммолар тилга олинди, таҳлил қилинди.

    Айниқса, анжуманда Ўзбекистон Президентининг иштироки ва сўзлаган нутқи миллионлаб дилларда бирдек акс садо берганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётгани, ­Украина инқирози БМТ раҳбарлигида, амалдаги халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилиши лозимлиги, Фаластин инқирози учун ягона ечим “икки халқ учун — икки давлат” тамойили экани, Афғонистонни ўз муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслик, қайта тикланадиган энергияга устуворлик бериш, “яшил” технологияларга ўтишни рағбатлантириш — келажак авлодлар олдидаги мажбуриятлар, сунъий интеллект соҳасида бутун дунёда ўйин қоидалари бир хил бўлиши кераклиги, Парламентлараро Иттифоқ тизимида Ёшлар парламентларининг глобал платформаси зарурлиги, бутун дунё камбағалликдан қутулиш йўлини биргаликда излаши лозимлиги ҳақидаги таклифлар халқимизнинг хоҳиш-иродаси, овози ўлароқ янгради.

    Эътироф этиш лозим, сафида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий ­уюшмани бирлаштирган мазкур иттифоқнинг ­юбилей Ассамблеяси нафақат ­Ўзбекис­тон ёки

    Марказий Осиё минтақасида, МДҲ ҳудудида ҳам илк бор бўлиб ўтди.

    “Бундай юксак ишонч ва эҳтиромни биз юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, парламентаризм ва вакиллик ҳокимиятини ривожлантириш ­борасида эришилаётган катта натижаларнинг эътирофи, деб қабул қиламиз.

    Мен ҳам 15 йил давомида парламент ­аъзоси бўлганман. Дунёни тинч-осойишта, жамиятларни янада фаровон қилишга қаратилган олижаноб фаолиятингиз нақадар масъулиятли эканини яхши биламан ва тушунаман.

    Сизлар — бамисоли халқларни бир-бирига боғловчи мустаҳкам дўстлик кўпригисиз. Сизлар — одамларнинг дарду ташвиши ва муаммоларини энг қуйи тизимдан бошлаб, керак бўлса, минтақавий ва халқаро миқёсга олиб чиқишга, уларга самарали ечим топишга қодир бўлган қудратли кучсизлар”, деб таъкидлади ўз нутқида Ўзбекистон Президенти.

    Яқинда эълон қилинган “Парламентдаги аёллар: 1995-2025 йиллар” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Осиё минтақасида энг юқори кўрсаткичга эришди, шунингдек, сўнгги 30 йил ичида аёл депутатлар сони ўсиши бўйича ҳам етакчи бўлиб келмоқда. Ўзбекистонда кучли парламентни барпо этиш, самарали парламент дипломатиясини татбиқ қилиш учун кенг шароитлар яратилмоқда.

    Ўзбекистон парламент йўналишида глобал аҳамиятга молик қатор халқаро ташаб­бусларни илгари суриб келаётгани бунга ёрқин мисол. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилиниши бунга далил.

    Парламентлараро Иттифоқнинг мазкур сессиясида шу куннинг энг долзарб масала ва муаммолари таҳлил этилди. Анжуман давомида жаҳоннинг нуфузли парламент делегациялари томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, гендер тенгликка эришиш, илм-фан, технологияларни ривожлантириш ҳамда долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Мақсад — парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва демократияни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишдан иборат эди, албатта.

    Анжуман доирасида қарийб 80 та тадбир ўтказилди. Уларнинг ҳар бирида бугунги кун учун долзарб бўлган минтақавий ва халқаро масалалар кўриб чиқилди. Машваратда нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиё, Европа, балки умумжаҳоннинг долзарб масала ва ­муаммолари юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

    Халқаро Ассамблея Ўзбекистон парламенти ташаббуси билан “Ижтимоий ­тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилгани чуқур рамзий маънога эга. Бугунги кунда янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат йўлидан дадил қадам ташлаб, дунё ҳамжамияти билан тўғридан тўғри, очиқ ва жадал мулоқот қилмоқда.

    Жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид соляпти. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси қатнаш­чиларининг таъкидлашича, сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқтисодий инқирозлар, “савдо урушлари”, терроризм ва экстремизм таҳдид­лари тобора кучайиб бормоқда.

    Бундай мураккаб шароитда жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Айрим давлатларда сўнг­ги йилларда урушга қарши чиқиш, отишмаларни тўхтатиш, тинчлик ва ярашиш учун курашиш, минг афсуски, очиқ таъқиб остига олиняпти. Бундай ҳолларга бефарқ қараш мумкин эмас.

    Ўзбекистон парламентарийларининг бу соҳадаги барча таклиф ва ташаббуслари Парламентлараро Иттифоқнинг стратегик мақсадларига тўла мос экани анжуман қатнашчилари томонидан қайд этилгани, шу билан бирга, ёндашувларимиз тарихий ассамблея якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясида ҳам ўз ифодасини топгани қувонарлидир, албатта.

    Давлатимиз раҳбари маърузасида дунё­да юз бераётган воқеа-ҳодисаларни реал, холисона таҳлил қилгани, ўртага ташлаган муҳим ва долзарб таклифлари қатори йиғилиш иштирокчиларига мамлакатимизда

    парламент институтини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтгани, айниқса, эътиборли.

    Сўнгги йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари

    5 тадан 12 тага, Сенат ваколатлари эса

    14 тадан 18 тага оширилди. Президентнинг қатор ваколатлари қонун чиқарувчи ҳоки­миятга ўтказилди. Миллий парламентимизда хотин-қизлар улуши бугун 38 фоизга етди. 2021 йили Олий Мажлис палаталари ҳузурида илк бор ёшлар парламентлари ­фаолияти йўлга қўйилди.

    Бундай маълумотларни учрашув иштирокчилари илиқ кутиб олди. Мамлакатимиз вакиллари Осиё Парламентлари Ассамблеяси, Марказий Осиё парламентлари форуми, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламент Ассамблеяси каби тузилмаларда фаол иштирок этаётгани, бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон катта дунёга очиқ, ҳар қандай дўстона мулоқотларга тайёр экани Президентимиз томонидан алоҳида қайд этилди.

    Охирги йилларда юртимизда БМТ институтлари ва Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда Осиё хотин-қизлар форуми ва Жаҳон парламентлари аёл раҳбарлари саммити муваффақиятли ўтказилгани ҳам Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ўрни алоҳида эканига ёрқин далилдир.

    Ўзбекистон Президентининг Ассамблеяда сўзлаган нутқидаги яна бир муҳим жиҳат ён қўшнимиз Афғонистон масаласидир. Мен давлатимиз раҳбарининг “Бизга қўшни бўлган Афғонистон ҳақида тўхталиб ўтмаслик мумкин эмас. Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоб­лаймиз. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонамиз”, деган сўзларини тинг­лаганда, таниқли шоир ва мутафаккир, сиёсатчи Муҳаммад Иқболнинг бундан 120 йиллар бурун айтиб кетган қуйидаги сўзларини эсладим беихтиёр: “Осиёда бир дарахт бор. У яшнаса, бутун Осиё гуркираб яшнайди, агар қовжираб қолса, унинг бу ҳолати бутун Осиёга таъсир қилади. Билингки, бу дарахт Афғонистондир”. Ҳа, ён қўшнимиз Афғонистон гуллаб-яшнаши керак.

    Албатта, дунёдаги ҳеч бир давлат ва жамият фақат кўплаб қонун ёки қарорлар қабул қилиш билан ривожлана олмайди. Барчамиз бу йўлда бирлашиб, қонун ижодкорлиги руҳини кучайтириб, бор билим ва тажрибамизни ягона мақсад сари сафарбар этиш орқали умумий мақсадимизга эриша оламиз деб қайд этди анжуман қатнашчилари.

    Ассамблея доирасида ўтган турли тадбир ва дебатларда парламентлар олдида турган энг асосий вазифалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди ҳамда истиқболли режалар белгилаб олинди. Қабул қилинган барча қарорлар эса кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлигимиз тарихида янги саҳифа очишига шубҳа йўқ.

    Парламентлараро Иттифоқнинг Тошкентда ўтган 150-юбилей Ассамблеяси дунёда ижтимоий интеграция, муносиб меҳнат, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг қарор қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш каби кўплаб шу куннинг долзарб масалаларига доир тарихий қарорлари билан нафақат махсус қабул қилинган Тошкент декларациясида, балки Марказий Осиё ва жаҳон парламентарийси тарихида ўзининг муносиб ўрнини эгаллайди.

    Қадим Туркистонда жам бўлди дунё,

    Дунёга нур сочгай бу қутлуғ зиё...

    Абдусаид КЎЧИМОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

    Телеграм каналимиз
    Text to speech