баннер
9 янв 2025
09:03
  • 13502.28 сўм
  • 121.01 сўм
  • 12948.10 сўм

Қалб ва муҳаббатнинг мангулик рақси

2021 йил 5 сентябрь. Шу  сана  Алишер Навоий номидаги давлат Академик катта театрида “Лазги — муҳаббат ва қалб рақси” номли балет илк марта намойиш этилган кун сифатида муҳрланиб қолди.  Бу премъера ЮНEСКО ҳомийлигида бўлиб ўтди ҳамда профессионал ҳамжамиятнинг юксак эътирофи ва баҳосига сазовор бўлди.

Мазкур асар Берлин миллий опера ва балет мактаби битирувчиси, Дортмунд театри бош балетмейстери NRW Juniorballet Dortmund раҳбари, балет бош хореографи Рауль Раймондо Ребек томонидан саҳналаштирилди.

— Мени узоқ йиллардан бери “Хоразм Лазгиси”, унинг ўтмиши, шаклланиш жараёнлари жуда қизиқтиради. Ундаги жозиба ва жўшқинликнинг гўзал уйғунлиги дунёнинг бошқа биронта рақсида учрамайди. Тарих – сирли, сеҳрли сандиқ. Уни очиб, Ўзбекистоннинг янги қиррасини кашф қилганим, нурга чулғанган хазинасидан баҳраманд бўлганим мен учун жуда катта тажриба мактаби бўлди. Ўзимни уч минг йиллик тарихни ўзида мужассам этган улкан майдонга тушиб қолгандай ҳис қилдим... Гавҳархоним Матёқубованинг маслаҳати билан мен аввало Хоразм тарихини ўргандим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро “Лазги” фестивалини ўтказиш ҳақидаги қарори барча лазгисеварлар юрагига олов ёқди. Замонавий “Лазги” балети ҳам шу оловнинг яна бир ёлқини, — дейди Рауль Раймондо Ребек.

Ғоя муаллифи — Саида Мирзиёева, лойиҳа раҳбари — Гаяне Умерова, сценография — Ёко Сеяма қаламига мансуб, либослар дизайнери — Фрол Буримский, мусиқий безак ва композиция муаллифи — Девидсон Жаконелло, маслаҳатчилар — Гавҳархоноим Матёқубова, Гулнора Мусаева, театр бош балетмейстери — Гули Ҳамроева.

Тўрт саҳна кўринишидан иборат либреттонинг биринчи фасли “Ипак йўли воҳаси” деб номланган. Режиссер “Лазги” нинг ўтмиши ва анъаналарини бир аёл тимсолида мужассам этади ҳамда уни “Қалб” деб атайди. Рақс ва маданиятга бўлган муҳаббат тарихининг бардавомлиги, асрлар синовига бардош бериб бугунги кунгача етиб келган ноёб қадриятлари инсониятни ҳамон ҳайратга солади. Буюк Ипак йўлида туғилган бу Муҳаббат бир томондан икки қалбнинг севги қиссаси бўлса, бошқа тарафдан рақс ва мусиқага бўлган самовий ишқдир.

Чексиз саҳрода вужудини қуёш нурлари куйдираётган, сувсизликдан азоб чекаётган паричеҳра хаёлида шаршарани кўргандай бўлиб, ҳушини йўқотади ва қумга йиқилади. Буюк Ипак йўли бўйлаб Тошкентдан Самарқанд томон кетаётган карвон бир оз нафас ростлаш мақсадида тўхтайди. Бу масканда яшаётган одамлар кундалик юмушлар билан машғул бўлиб, афсунгар мусиқа оҳанглари остида Буюк шаманнинг сўзларини тинглаб, унинг рақсларидаги хаёлий гўзалликларни, жониворлар ва қушлар, гуллар ва боғларни ўзларича тасаввур қилиб кун кечиришади.

Тасодифан ҳушсиз гўзал қизни топиб олган одамлар унга ёрдам беришга уринади, аммо у худди жонсиздек ётаверади. Олислардан эшитилаётган мусиқанинг оҳанги ўзгаради, янги товушлар сеҳри унинг танаси ва “қалбини” тирилтиради, янгидан ҳаёт бағишлайди. Нигоҳлари сирли боқувчи қизни кўрган карвонбоши уни ўз чодирига чорлаб, ундан рақсга тушиб беришини илтимос қилади. Паричеҳра қизнинг мусиқага мос сирли ҳаракатлари уни шунчалик ром қиладики, у ошиқ бўлади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Ҳамроева кўнгли рақс гирдобида чарх ураётган қизнинг ички ҳолатини ниҳоятда ишончли ифода этади, унинг кўриниши шунчалар нозик ва нафиски, гўё ўтмиш насимларида учиб кетаётгандек. Шунда ситам ва ҳижроннинг ҳарир либосидаги канизаклар пайдо бўлади. Бу оддий ижро эмас, балки рақсга айланган “Қалб”га бўлган улкан муҳаббатнинг бошланишидир ва у абадий давом этади. Шаман рақс оташига чулғанган бу севги қиссасини асраб-авайлайди. Тилдан-тилга кўчиб, қуёш заралари, кўнгил изтироблари, орзу ва умидлари тимсолида авлодлар оша бизгача етиб келади.

Воқеалар, мантиқан таъсирли ҳолатлар, қалб манзаралари, зиддиятлар кураши, тарихий-маърифий ришталар билан боғланган макон ва замони билан томошабинни ўзига тортади. Жўшқин ва эҳтиросли пластика, имо-ишоралардаги поэтик интонация ўтмишнинг келажакка монологи сифатида идрок этилади. Томошабин қалбига азалий саволларни муҳрлайди.

Қадимий “Лазги”нинг ибтидоий тузум ва “Авесто”билан боғлиқ илк элементларининг фалсафий-эстетик талқини жонланади. Либосларининг бичимларида “Авесто” даври билан миллийлик уйғунлаштиради.

Иккинчи кўринишда замон ва макон алмашади. Воқеалар ривожи “Табиатшунослик музейида” давом этади. Соат сайин глобаллашиб бораётган янги замон одамлари музейда юртининг ўтмиши ва маданияти тарихи билан танишмоқда. Қайсидир бир лаҳзада кўргазмада иштирок этаётган аёллардан бири, (уни шартли равишда “Муҳаббат” деб атайлик), тарихий жуфтликни пайқаб қолади, улар сиймосида ўзининг унутилаёзган кўнгил дардларини кўради. Аёлнинг ҳаяжонини кузатиб турган Шаман экспонатларни уйғотади.

Анъаналарга асосланган тарих ўтмиш ва бугунни бир бутун қилиб боғлайди. Сўнгра витриналардаги тарихий экспонатлар жонланиб, анъаналар тарихи, маданият ва ҳозирги замонни бирлаштиради. “Муҳаббат” ва “Қалб” ёлғиз қолди. Улар ўзаро бир бутун бўлиб, биргаликда рамзий маънода битта инсонни ифодалайди. Хотиралар уммонида иккиси ҳам ўз севгилиси билан рақсга тушади.

Олислардан ўтмишнинг қўнғироғи янглиғ мусиқа эшитилади. Ошиқ йигит созни бағрига босиб ҳасрат дарёсида сузмоқда, умидсиз бармоқлари ила қалб торларини чертмоқда. “Дутор Лазгиси” мисол ошиқ қалбнинг жон ипидан эшилган торлар дардидан майсалар илтижо билан чайқалмоқда...

Дард нималигини билсак-да, лекин унинг суратини кўрмаганмиз. Асов тўлқинли денгиз ирмоққа сиғмагани сингари, дард ҳам ҳеч қачон оддий ҳаракатлар бағрига сиғмайди. Режиссернинг санъаткорлиги шундаки, у ҳеч қайси замон учун қимматини йўқотмайдиган ўтмиш воқеаларининг моҳиятини топиб, уларни ҳаракатлар, имо-ишоралар ва мусиқада ифодалаган. Дарднинг чўққиси — муҳаббат. Унинг олий нуқтаси — соғинч, фидойилик, меҳр ва садоқат ўтларида куймоқдир. Шу ўт тафти тубан ҳисларни ҳайдаб, нафсоний ва шайтоний истаклардан руҳ ва қалбни поклайди. Покланиш жараёнида оловранг сариқ либосда “Лазги” (Дилноза Ортиқова) пайдо бўлади.

Саҳнада устоз Комилжон Отаниёзовдан мерос “Сўйла менга, эй санам...” нақоратли “Хоразм Лазгиси” янграйди. Муҳаббат ва Қалб “Лазги”да бирлашади. Покланаётган юракдан нурли тилаклар, олий ҳақиқатлар отилиб чиқади... Учала образ биргаликда рақсга тушади. “Лазги” ўзининг ҳаётбахш меҳри билан музейдаги экспонатларга жон бағишлайди. Миллий либосдаги чолғучилар, раққосаларга қўшилиб, экспонатлар ва томошабинлар рақсга тушади.

“Шиддатли дунё ва анъаналар”.деб номланган учинчи саҳна кўринишида режиссёр қадимият руҳини сақлаб қолган ҳолда, янгиланаётган дунёнинг ўзига хос ижро услубларига урғу беради.

Кейинги юз йилликлар даврида жамиятнинг шиддат билан тараққий этиши миллий рақс санъатига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Рақс cанъати — инсон тафаккурининг меваси сифатида, унинг дунёни англаши ва теварак-атрофидаги миллий-маданий муҳит таъсиридаги ҳис-туйғуларини ўз ҳаракатлари орқали ифодалаш эҳтиёжи натижасида юзага келган. Инсон боласининг комилликка интилиши, аввало унинг ўз ватани тарихини, миллий қадриятларини билиши, ундан фахрланиб яшашида намоён бўлади. Виртуал ҳаёт, қайгадир шошаётган, интернет тармоқларига боғланиб қолган, ҳиссиётлардан узоқлашиб қолган одамлар....

Шиддат билан яшаётган одамларни ҳайратга солиб, саҳнанинг ўртасидан “Лазги” ўта бошлайди. Унутилаёзган анъаналар қайсидир маънода унга ҳам ўз таъсирини ўтказган. Ҳарорат, қалб парвози ва тарих нафаси уфуриб турган саҳна муҳитида замонлар, маконлар, динлар, маросимлар, урф-одатлар қоришган манзаралар аро инсон руҳияти, унинг ички кечинмалари, изтироблари, орзу ва армонлари мифлар кўринишида томошабин кўз ўнгидан ўтади. Унинг сокин нигоҳлари, оҳиста одимлари одамларнинг кўнглига ҳам илҳом солади, ҳам уларни огоҳликка ундайди .

Тўртинчи саҳна кўриниши. “Муҳаббат ва қалб” деб номланади. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг фикрича, “Муҳаббат деб бир нарсани суймакни айтилур. Дунёдаги инсонлар меҳр ва муҳаббат соясида яшарлар. Ҳар бир ишни муҳаббат орқасида ишларлар. Муҳаббатсиз киши ҳеч бир ишни ишламакка ғайрат ва жасорат қилолмас. Дунё неъматидан лаззат ололмас”.

Инсоннинг ўз-ўзини англаши чин муҳаббат ва уни юксакликка кўтарувчи қалбан улғайиш жараёнида шаклланади. Қадимият саслари эшитилиб турган ўтмишдан бугунги кунга биргаликда одимлаётган “Муҳаббат” ва “Қалб”асрлар тўфонида қайта-қайта зиддиятларга дуч келади. Қоп-қоронғи саҳнанинг марказида самога туташган оловранг либосдаги “Лазги” .қаҳрамонлик рақси — “Сурнай Лазги”сини ижро қилади. Саҳнада — “Лазги”нинг оҳанрабоси бир маконга жамлаган турли миллат вакиллари.

Мураккаб элементларга бой замонавий кўринишдаги балет кўҳна ва ҳамиша навқирон муҳаббат мавзусининг фалсафий талқинига бағишланган. Лазги киради. Саҳнадаги айлана бўйлаб меҳр ва муҳаббат улашади.. Бир-бирини тўлдирувчи кўнгил ва тафаккур жавоҳири уйғунлашиб бораверади, келажак сари мағрур нигоҳ ташлайди. Уларни барча қувончу дардлари билан севувчи инсоннинг муҳаббати сари талпинади. Макон ва замон, туғён ва эҳтирослар туташган кўнгиллар ҳудудини маънавий бир бутунликка айлантирган “Лазги” оламни ҳайратга чулғайди. Бағрикенглик, меҳр-оқибат каби ўзбек халқининг энг олижаноб фазилатларини ўтмиш ва келажакни рақсда мужассам қилган тимсол сифатида юртимиз бой тарихининг ёрқин саҳифаси, қалб ва муҳаббатнинг мангулик қўшиғи бўлиб қолаверади!

Бу қўшиқнинг авж пардаларида музаффар“Лазги”ни яратган буюк ўзбек халқига, тамаддун бешиги Ўзбекистонга, “Авесто”дан мерос “эзгу сўз, эзгу амал, эзгу фикр”га, мўъжизалар ўлкаси Хоразмга бўлган чексиз муҳаббат ва эҳтиром оҳанглари бор!

Қаҳрамонларнинг ўтмиш ва келажак оралиғидаги бир-бирига ва гўзалликка муҳаббати қалб туғёнларини чертади. Беқасам тўндаги чолғучилар “Хончиқар” куйини чаладилар. Муҳаббат водийсида васл ишқидаги қушлар пайдо бўлади. Табиатнинг энг гўзал гулу чечаклари бахту завқ қўшиғига рақсга тушади...

“Лазги” балетининг қадим илдизларида қадимий ва ҳамиша навқирон “Масхарабоз Лазгиси”, “Қайроқ Лазгиси”, “Дутор Лазгиси”, “Сурнай Лазгиси”, “Сарой Лазгиси”, “Чангак Лазгиси”, “Хива Лазгиси”, “Гармон Лазгиси”, “Хоразм Лазгиси” каби бир-бирини такрорламайдиган, замон ва маконларни туташтириб турган тўққиз муҳташам эзгулик ҳалқаларининг сурати бор. Мазкур асар ватанимиз тупроғининг қанчалар улуғ ва муқаддаслигини, миллий рақс санъатимизнинг қанчалар серқирра эканлигини англатувчи бебаҳо хазинадир.

Ўзбекистон халқ артисти Гавҳархоним Матёқубованинг фикрича, рақс тарихи Хоразм халқи маданиятида фақат ўзига хос томонлари билан ажралиб туради. Чунончи, Хоразм томоша, халфачилик ва бахшичилик санъати, халқ мусиқаси, мақомлари, суворалари, лапарлари, яллали рақслари, масхарабозлик ўйинлари, турли оммавий рақслари, айниқса, урф-одатлар ва маросимлари Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига қараганда Хоразмда кўпроқ қадимийлик аломатларини ўзида сақлаб, уни ҳозирги замон анъаналари билан бойитиб келаётир. Албатта, санъат турлари ичида миллий рақс инсон руҳияти ва онгу шуурига нисбатан тезроқ таъсир этувчи восита ҳисобланади. Ёшлар қалбида тарихга қизиқиш ва ҳурмат, қадим қадриятларга муҳаббат туйғусини шакллантиришда, уларни мафкуравий таҳдидлар ва оммавий маданият таъсирига қарши тура оладиган комил инсонлар қилиб тарбиялашда ҳам миллий рақс санъати муҳим аҳамият касб этади.

Режиссернинг юксак маҳорати туфайли, миллий заминга, хилма-хил услубга эга, фавқулодда халқчил, ҳаётбахш “Лазги” миллий руҳ ва миллий хусусиятларини сақлаган ҳолда ўзининг янги қирраларини кашф қилди. Замонавий балет сифатида санъат орқали дунё халқларини яқинлаштиришнинг янги саҳифасини очди. Қалбни ҳайратга солган нозик ва жўшқин ҳаракатлардан юксак эзгу ғоялар, илҳомбахш севги сеҳри уфуриб турган нафис манзаралар яратди.

Икки бош қаҳрамон Дилноза Ортиқова ва Нодира Ҳамроеванинг ҳаракатларда ифодаланган кўнгил эҳтироси, пластик матни, имо – ишоралардаги тасвирий нутқи ниҳоятда жозибали. Улуғбек Олимов, Родион Исянов, Элмира Юсуповалар ўз ижролари билан томошабинлар қалбини бутунлай забт этди. Асар бири-биридан сирли, сеҳрли, ёрқин лавҳаларга бойлиги билан хотирага муҳрланади.

“Лазги” туркумининг мукаммал саҳнавий романи дунё юзини кўрди.. Янги Ўзбекистоннинг янги ижодий мўъжизаси бўлди. Миллий рақс ва балет санъатининг ижодий уфқлари янада кенгайди. Ўзбек балети кўзни қамаштиргудек юксакликдаги чўққини эгаллади. Ижодий гуруҳ ҳамфикрликда анъана ва замонавийликни заргарона бирлаштирган - ўзбек миллий куй-қўшиқлари билан Европа симфония мактабининг энг гўзал намуналари уйғунликда чинакам жаҳоний манзара касб этди.

Ўзбекистон Президентининг санъат, адабиёт ва маънавиятга эътибори дунё ҳамжамиятида ҳам катта қизиқиш уйғотяпти, кун сайин янгиланаётган Ўзбекистонни ҳайрат билан кузатиб турибди. Мамлакатингиздаги ислоҳотлар, Хивадаги, Тошкентдаги тарихий обидаларга муносабат, бунёдкорлик ишлари санъатда ҳам сезилиб турибди. Биз “Лазги” балетида ўзбек халқининг қадимий илдизларини, жаҳон тамаддунига ўз таъсирини ўтказган ўлмас қадриятларини мужассам этишга ҳаракат қилдик. Санъатсевар ўзбек халқининг самимияти, меҳмондўстлиги менда катта таассурот қолдирди. Келажакда яна биргаликда ижодий ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор, дейди мамнуният билан германиялик режиссер Рауль Раймондо Ребек.

Инсоний туғёнлар, руҳий эҳтиросларнинг таъсирчан ва ҳаққоний ифодаси, ўзбек миллий рақси ва замонавий балетнинг вобасталиги билан дунёни мафтун этмоқда. Ўтган йил 28 ноябрь куни Дубайдаги Dubai Opera саҳнасида бўлиб ўтган "Лазги — қалб ва муҳаббат рақси" балетининг халқаро премьераси бу фикрларни яна бир карра тасдиқлади.

Истиқлол — миллий ўзлик туйғусини ҳис этиб, улуғ аждодлар билан фахрланиб, эркин дунёқараш, қалб озодлиги ҳамда эркин тафаккур билан яшаш, ижод қилиш саодати. “Лазги”нинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилганлиги янгиланаётган Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий харитасида ислоҳотларнинг муваффақиятли бораётганлигининг яна бир амалий чизгисидир.

“Лазги” нафақат ўзбекларнинг, балки дунё халқларининг меҳрини қозонган гўзал рақсгина эмас, балки сирли мусиқа, сеҳрли сўзга вобаста муаззам асар сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлди. Унинг ҳаётбахш, жозибали кучи, инсон кайфияти ва руҳиятини кўтаргувчи сеҳри ҳақиқий мўъжиза эканлигига ишонасиз.

У дунё саҳналарини, турли тилда сўзлагувчи одамларни бир – бирига яқинлаштиргувчи рақс илдизидан ўсиб, улканлашиб, Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанссининг, улуғвор Буюк ипак йўлининг, Шарқу Ғарб тамаддунлари туташган табаррук маконнинг рақсдаги суратига айланади ва еру осмон оралиғида чарх уради...

Ҳулкар ҲАМРОЕВА,

филология фанлари доктори, Ўзбекистон давлат

хореография академияси катта ўқитувчиси

No date selected
январ, 2025
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31
Use cursor keys to navigate calendar dates
Телеграм каналимиз
Text to speech