Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросиға мардум киби ватан қилғил.
Бола эдим. Ғазал муаллифи Навоий эканлигини билсам ва уни ижро этаётган Юнус Ражабийнинг хушовозлигига тан бериб, уйдагилар каби «Ушшоқ»ни алоҳида меҳр билан тингласамда, қўшиқ маъносини англамасдим. Фақат шу маълум эдики, «Қаро кўзум» оддий ашуламас, балки ғам-ғуссага лиммо-лим қалб ноласи. Юракни титратувчи фарёд.
Таъсирланган тингловчининг кўз ёшию, ҳофизга қўшилиб нола қила бошлаганига ҳам гувоҳ бўлганмиз.
Мусиқа сеҳрини биламиз. Меҳридан ҳам болаликдан баҳрамандмиз, яъни дилрабо куй-қўшиқни ҳаммамиз ёшлигимиздан яхши кўрамиз.
Юрагимизга яқин назм ва наво бизни ўтмишга, беғубор бахтли дамларимизга қайтара олади. Шахсан мен ёқимли хотиралар уйғотувчи дилрабо куйлар, оҳангдор лирик шеърлар билан бир сафда қалбга сокинлик бағишловчи «Қаро кўзум»ни ҳам тинглашни жуда ёқтираман.
Қаро кўзум, келу...
Қудрат сўздами ё оҳангда?
«Тошкент Ушшоғи» ўзаро оҳанг ва сўз уйғунлигининг беназир намунасимасми?
Лекин Навоий...
Ким бўлган экан «Қаро кўзи?»
У (ёки унинг лирик қаҳрамони) юрак-юракдан кимни чорламоқда, кўзи қаросида мардум (кўз қорачиғи) каби ватан қилишини истаб? Орзуидаги қора кўзли маҳбубасиними?
Оддий маҳбубамас, балки малоикадир у қора кўз – фариштани чақираётгандир бу буюк илоҳий ишқ куйчиси? Яъники, кела қол, фариштам, одамларга хос хусусият касб этиб, кўзим қорачиғига жойлашгин!..
Машҳур ғазалнинг ҳар байт, ҳар мисраси адабиётшунос олимлар, донишмандлар томонидан аллақачон ўз шарҳини топган. Хоҳ маҳбуба бўлсин, хоҳ фаришта, «қора кўз»нинг қай даражада шоир учун ардоқлилиги бининиб турибди, дея улар хулоса чиқаришган.
Навоий – дурлар тўла беҳудуд уммон. Шунчалар тубсиз ва бепоён уммонки, ҳар бир ўқувчи (китобхон) ундан ўзи хоҳлаган дурни, ўзи англаган маънони, ўзи ҳис қилган туйғуни топиши, маълум бир хулосага келиши мумкин.
«Қаро кўзум»ни ўқиймиз.
Бир-бирини тўлдирган, мутаносиблик касб этган ҳар икки мисра – бир байтда бир (балки бир олам!) маъно мужассам. Ҳар байтни шарҳлашга эса уч-тўрт варақ қоғоз камлик қилади гўё. Ҳар байт замирида ётган чуқур фалсафий мазмун – алоҳида бир китоб, десак булолаға бўлмас. Айни чоғда ғазалдаги ҳар байтни мазмунан бир-бирига боғловчи ноаён ришта борлигини ҳам англаб, Навоийнинг адабий маҳорати, мафтункорлигига тан бермай иложимиз йўқ.
Такрор-такрор ўқиймиз ғазални, «Тошкент Ушшоғи»ни қайта-қайта тинглаймиз. Юрак мунгли садо таратар, худди нозик торларига кимдир тирноқ ураётгандек. Дард қўшиғи куйчисининг ошуфтаҳол сиймосини кўз олдимизда гавдалантирамиз, маънавий-руҳий изтиробларини ҳис этамиз, мажруҳ кўнгли сирларига (маълум даражада, албатта) ошно бўламиз, лекин ғазал замирида ётган асл маъо-моҳиятни тўлалигича англаб оламизми ёки йўқ... бу гумон.
Куй ва қўшиқ...
Шундай ҳофизлар борки:
Нола қилса юрак-юракдан,
Тошбағир ҳам этади фарёд.
Ошиқ булбул ошуфта ва лол,
Не кўйларга тушар одамзод!
Мусиқадан табиат яшнайди, филдай ҳайбатли ҳайвоннинг ҳам юраги яйраб, рақсга тушади (Ҳиндистонлик рассом Амрита мусиқа ҳавосида рақс қилаётган филни моҳирона тасвирлаган). Инсончи?
Хурсандчилик, бахтли лаҳзалар нишонаси – мусиқадан сеҳрланган одам гоҳида руҳиятни, вужудни бошқаролмай қолади, сурур ва ҳаяжон юракдаги энг ширин туйғуларни қўзғаб юбордими, қўшиқ туғилади.
Лекин гоҳида қаттиқ қайғуга ботган одам боласи наво уммонига ғарқ бўлгиси келар, нола қилар, айтиб-айтиб дардини чиқарар ва таскин топар экан.
«Қаро кўз-ум...» – деб нола қиляпти ҳофиз...
Болалигимда ижрочининг (ё шоирнинг) қора кўзи – бевақт кетган жигарбанди, «Қаро кўзим» – бу марция, деган гапни эшитган эдим. Бу нақл «Ушшоқ»нинг биринчи ижрочиси – машҳур Тўйчи ҳофиз Тошмуҳамедовнинг шахсий ҳаётига тааллуқли экан. Ҳофиз умрининг сўнгги йилларида тақдирнинг қаттиқ зарбасига дучор бўлади – ўттиз уч ёшли фарзанди тўсатдан вафот этади. Ўзининг дарду ҳасратини куйга солиб, у бемаҳал хазон бўлган «қора кўзи»ни қабристонга кузатади. Натижада «Ушшоқ» (ошиқлар дарди) юраги алангалаган отаизорнинг дардларига қоришиб, марцияга айланиб, «Гиря» номи билан ҳам машҳур бўлади.
«Хазон сипоҳи»ю, «гул баргидан кафан» каби ибораларга дуч келамиз. Ҳофиз нола қиляпти – мотамнинг вазмин оҳанги эшитиляпти бамисоли.
Шоир ғазални бағоят тушкун кайфиятда – ҳаётининг оғир дамларида ёзгандек. Шундай ҳам туюладики, ҳажр ва алам оловида ёнаётган лирик қаҳрамон шу топда Азроилга эҳтиёж сезяпти – даъват этилаётган ажал бўлса, даъват этувчи соғинч ҳисси билан уни ёнига чорламоқда! Илтижо қиламан, кел... кел...
Таниқли олим Бойбўта Дўстқораев шундай деб ёзганди: «Навоийнинг «Қаро кўз»и, аввало, жон олғувчи маъшуқа... Ғазалда маълум даражада ўлим фалсафаси ҳам акс этган. Бу фалсафанинг моҳиятига сингдирилган ўлим йўқликка эмаса, бандасининг Аллоҳга етиши, қўшилиб кетиши билан боғланган абадийликка эришиш йўлидир».
Иброҳим Ҳаққулнинг «Қаро кўзум келу...» мақоласининг иккинчи номи «Бир байт таҳлили». Унда машҳур ғазалнинг биринчи байти таҳлил қилинган. Адабиётшуноснинг фикрича, «Навоий «Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил», дея мурожаат ва даъват айлаган Шахс дин, маърифат, ишқ аҳлининг пири комили эди. Шоир бу улуғ зотдан «мардумлиғ» тилаганда ундан етадиган безавол файз, бақо қулфларини очадиган маслак ва маърифат нурини назарда тутганди».
«Қаро кўзум» тўғрисида ўнлаб мақолалар эълон қилинган бўлса, Алибек Рустамов, Исмоил Бекжон, Абдулла Аъзамов, Эркин Мусурмонов сингари донишмандларнинг, шунингдек, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг шарҳ ва талқинлари алоҳида аҳамият касб этган. Профессор Нажмиддин Комиловнинг тафсири нисбатан мукаммалроқ бўлиб, бошқалар ғазални байтма-байт, мисрама-мисра таҳлил қилишга уринган бўлса, у сўзма-сўз тушунтиришга ҳам ҳаракат қилган. Биринчи байтдаги «кўз» – комил инсон тимсоли, кейинги байтдаги «қад» эса (алиф ҳам) комил инсон ҳайкалидир, «юз» илоҳий гўзаллар мазҳари, «юзинг гули» – мазҳарнинг порлаши, шунингдек, «кўнгил равзаси» (боғи) – ошиқнинг ёрга интизор қалби...» деб шарҳлаган эди забардаст муҳаққиқ. Комил инсон ҳайкалини улуғ Навоий жон ичида тасаввур этган, деган хулосаси ҳам бор шарҳловчининг.
Нажмиддин Комиловнинг «Тааасаввуф» китобида қуйидаги сатрларга дуч келамиз: «Жон» сўзи арабча ёзилганда алиф ҳарфи ўртада келади, шу маънода, Навоий «қадинг алифдай жон ичида бўлсин», деган маънони қистириб ўтган».
Шуни ҳам унутмаслик жойизки, Яратганнинг бир номи Алиф. Яна бир исми – Жонон. Унинг жойи комил инсоннинг жони ичида. Шундан келиб чиқсак, «Қаро кўзум» илоҳий мазмунидаги ғазалларнинг олий намунаси.
Турли йилларда ёзилган мақолаларни ўқиб, гоҳида қарама-қарши талқинларга ҳам гувоҳ бўламиз. Айрим ҳолларда сатрлар қатида яшириниб ётган маъноларни ҳар ким ҳар хил тушунган ва изоҳлаган, «дунёвий маъно» ва «илоҳий мазмун»ни ажратиш баъзан қийин кечгани баҳс-мунозаларга сабаб бўлган. Ҳақиқий ва мажозий ишқни шарҳлашда чалғисак, яъни талқинда иштибоҳга йўл қўйсак, гуноҳкор бўлишимиз мумкин, деб ёзганди машҳур адиб Омон Мухтор. Бироқ буюк Навоийнинг санъат ва маҳорат сирлари ҳали тўлалигича очилмагандек туюлсада, шоирнинг сатрлараро жо бўлган кўнгил сирларига ошно бўлишимизда мавжуд шарҳлар муҳим аҳамиятга эга.
Ғазалнинг сермаънолик жиҳатларини бутунлигича идрок эшиш, албатта, бағоят мушкул, шунга қарамай шарҳлар ёрдамида ниманидир англасак – «Қаро кўзум» Илоҳга интилган руҳ ноласи эканлигини дилдан ҳис этсак, янада эътиборлироқ ҳолда «Ушшоқ»ни тинглаймиз, қўшиқ руҳиятимизга бошқачароқ таъсир қилади.
Муҳаммад ШОДИЙ