баннер
13 мар 2025
23:14

    Қарши шаҳрининг ҳудуди кенгаяди

    Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Қарши шаҳрининг янги бош режасига кўра, вилоят маркази кейинги 18 йил ичида Косон, Қарши ва Кўкдала туманлари ҳудудига қараб 7 минг 767 гектарга, яъни қарийб икки баравар кенгаяди.

    Қайд этилишича, Қарши шаҳрининг ҳудуди ҳозирги пайтда 8 минг 308,9 гектарни ташкил этса, 2030 йилнинг охирига қадар 11 минг 26,8 гектар, 2042 йил якунигача эса 16 минг 73,6 гектаргача ўзгаради.

    Шу йилларда шаҳар аҳолиси сони 300 минг кишидан мос равишда 400 минг ва 470 минг кишигача кўпайиши кутилмоқда, уй-жой фонди эса бугунги 3 миллион 992,27 минг квадрат метрдан биринчи навбатда 7 миллион 200 минг квадрат метр, ҳисоб даврида 10 миллион 810 минг квадрат метргача ошиши режа қилинган. Шунда уй-жой билан таъминланиш даражаси бир кишига ўртача 14,1 квадрат метрдан 2030 йилда 18 квадрат метр, 2042 йилда 23 квадрат метргача кўтарилади.

    Эътиборлиси, шаҳар уй-жой фондининг умумий майдонида 2-3 ва 4-5 қаватли уйларнинг ҳиссаси кескин камайиб, 7, 12, 14 ва 16 қаватли уйларнинг ҳиссаси эса, аксинча, ортади, 9 ва 20 қаватли уйлар барпо этилади.

    Қарши шаҳрининг бош режасига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий соҳа объектларига бўлган талабини амалдаги меъёрларга мослаштириш асносида соҳа кўрсаткичлари жадал суръатларда ўзгаради.

    Шаҳарда магистраль кўчаларнинг узунлиги (ҳозир - 88 километр) 2030 йил охирида 155,35 километр, 2042 йил якунида 291,33 километрни ташкил қилиб, йилига ташиладиган йўловчилар сони (ҳозир 96 миллион нафар) яқин 6 йил ичида 160 миллион, 18 йилдан кейин эса 235 миллион нафаргача кўпаяди.

    Қаршида экологик муҳитни яхшилаш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатиш омилларини камайтириш мақсадида экологик талабларга мос равишда умумий фойдаланишдаги кўкаламзор ҳудудлар, майдони ҳисоб даврида 423 гектар, киши бошига 9 квадрат метр (ҳозирги ҳолати - 178,4 гектар ва 6,3 квадрат метр), санитар-ҳимоя ҳудудлар майдони 586,7 гектар, киши бошига 12,48 квадрат метрга (ҳозирги ҳолати - 166,5 гектар ва 5,88 квадрат метр) етказилади.

    Телеграм каналимиз
    Text to speech