Қашқадарё вилоятида январь-сентябрь ойларида 2,2 млн. долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинди

    Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ОАВ вакиллари учун Қарши шаҳридаги “Қавали” кичик саноат зонасига ташкил этилган пресс-турда айтиб ўтилди.

    Дастлаб, журналистлар “Алптом” МЧЖда бўлишди. Корхона мутахассислари журналистлари учун тақдимот ўтказишди. Унда амалга оширилиши кутилаётган инвестиция лойиҳалари, корхона фаолияти, қуввати ва маҳсулотлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Шу ернинг ўзида маҳслуотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

    Навбатдаги манзил “Қарши мебель” МЧЖ. Тадбир иштирокчилари корхона раҳбари билан мулоқот қилишди. Шу билан бирга ишлаб чиқариш жараёни, тайёр маҳсулотлар билан яқиндан танишишди. Корхонада асосан таълим муассасалари учун мебеллар ишлаб чиқарилиши барчани диққат эътиборини тортди. Жамият Туркия, Германия ва Хитой давлатининг замонавий технологиялари билан жиҳозланган. Қалам ахли шу ерда ташкил этилган шоурумда ҳам бўлишди.

    Таъкидланишича, “Қарши мебель” МЧЖ томонидан умумий қиймати 8,5 млрд. сўм бўлган мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилган. Бу ерда йилига 4 минг дона турли кўринишдаги мебеллар ишлаб чиқарилади. Лойиҳа шу йили сентябрь ойида ишга туширилган. Эътиборлиси, 50 нафар қашқадарёлик ёшлар иш билан таъминланган.

    Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари “Pegas” МЧЖ ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишишди. Корхона раҳбари мехмонларга тўлиқ маълумот тақдим этди. Бу ерда ўрнатилган технология ва ускуналар, маҳсулот турлари барчада илиқ таассурот қолдирди.

    “Pegas” корхонасида темирни қайта ишлаш, лак-бўёқ, эшиклар ҳамда текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу лойиҳанинг қиймати 13 млрд. сўмдан зиёд бўлиб, бу ерда 150 та янги иш ўрни яратилди. Корхона маҳсулотларига ички бозорда талаб юқори.

    Маълумот учун, вилоятда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ишлаб чиқариш ҳажми 1 трлн. 064 млрд. сўмни ташкил этди. Шунингдек, январь-сентябрь ойларида 2,2 млн. долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинди.Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йил январь-сентябрь ойларида 356 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.