Қарши ва Китоб туманларида 120 хонадонли, Шаҳрисабз туманида эса 180 хонадонли уй-жойлар қурилади, дейилади Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати берган хабарда.
Мазкур уй-жойлар Президентнинг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан қуриб битказилмоқда.
— Кўпчилик юртдошларимизда шундай уй-жойлардан олиш учун нима қилиш керак деган савол туғиляпти, — дейди “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси вилоят филиали директори Қўйли Нарзуллаев. — Дастурдаги арзон уй-жойлардан олиш учун фуқаро туман ҳокимлиги ҳузуридаги талабгорларни аниқлаш комиссиясига ариза билан мурожаат қилиб, ҳужжатларини тақдим этиши керак.
Қўйли Назуллаевнинг қўшимча қилишича, 2021 йил якунига қадар аҳоли талабидан келиб чиқиб, Шаҳрисабз туманида яна 540 хонадонли 27 та уй қурилиши ҳам режалаштирилган бўлиб, қурилиш ишлари бошланиш арафасида турибди.









