Хусусан, Инвестициялар ва саноат вазири Муҳаммад ат-Тани билан бўлиб ўтган самарали суҳбат давомида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ва сармоявий, савдо-иқтисодий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ ташаббуслар кўриб чиқилди. Томонлар икки мамлакат ишбилармон доираларини алоқаларни мустаҳкамлаш, сармоявий ва саноат кооперациясини ошириш учун барча зарур чораларни кўришга ўзаро тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Қатарнинг йирик компания раҳбарлари билан ўтказилган музокараларда Қатар компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди. Мамлакатимизнинг сармоявий ва саноат салоҳияти намойиш этилди ва кейинги йилларда сармоявий фаолият учун яратилган қулай шароитлар қайд этилди.
Қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор келишувларга эришилди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, «яшил» энергетика, инфратузилмавий ривожланиш, маиший кимё, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда молиявий-техник ҳамкорликни ривожлантиришга келишилди.
Учрашувлар якуни Қатар ишбилармон доирасининг Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиши юқори эканлигини, Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестиция киритиш ва бизнес географиясини кенгайтириш учун жозибадор йўналишлардан бири эканлигини яна бир бор тасдиқлади, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.