Учрашув давомида Ўзбекистон Президентининг Қатарга амалга оширган давлат ташрифи чоғида «Power International Holding» компанияси билан эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида «Power International Holding», «UCC Holding» ва «Assets Group» компаниялари раҳбарларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
Ташрифнинг асосий мақсади «Power International Holding» компанияси томонидан Ўзбекистонда йўл, кўптармоқли шифохона мажмуасини барпо этиш, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида меҳмонхоналар қуриш, Навоий вилоятида аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда қайта тикланувчи энергия соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш ишларини бошлашдан иборат бўлади.
Шунингдек, жорий ноябрь ойида Тошкент шаҳрида «Power International Holding» компаниясининг офиси очилиши режалаштирилмоқда.
«Power International Holding» компанияси 1983 йилда ташкил этилган. У дунёнинг 19 та мамлакатида фаолият юритади. «Форбс» нашрига кўра, «Power International Holding» Яқин Шарқдаги 13 та энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади. Компания таркибида 5 та шўъба корхоналар бор.