Ҳужжат билан «Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази» лойиҳа офиси ташкил этиляпти. Унинг директорига қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари учун белгиланган ваколатлар берилади ва директор Президент Администрацияси томонидан лавозимга тайинланади.
Лойиҳа офисининг асосий фаолият йўналишлари:
- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, шу жумладан ўсимликлар карантини ва ҳимояси, ветеринария, чорвачилик ва наслчилик-селекция, пиллачилик, яйловлардан фойдаланиш соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар ва истиқболли ташаббусларни ишлаб чиқиш;
- халқаро ташкилотлар томонидан берилган тавсияларни умумлаштириш ҳамда мақбул ташаббусларнинг самарали имплементация қилинишини таъминлаш;.
- соҳада суғурта хизматларини ривожлантириш бўйича таклифларни шакллантириш;
- соҳага ажратилаётган субсидия маблағлари самарадорлигининг таҳлили асосида уларнинг натижадорлигини ошириш;
- соҳада ресурстежамкор технологияларни жорий этиш ва интенсив усулда маҳсулот етиштириш;
- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишда юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, уларни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштириш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;
- соҳада ислоҳотларнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда бозор тамойилларини жорий этиш;
- соҳани рақамлаштириш, ва кадрларни тайёрлаш бўйича таклифларни тайёрлаш.
Лойиҳа офиси ҳар ойда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини ислоҳ қилиш ҳолати, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисида Президент Администрациясига ахборот киритиб боради.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 21 июндан кучга кирди, деб хабар беради «Norma» портали.