Қишлоқ хўжалигини илм-фан асосида ривожлантириш аҳоли ҳаётини фаровон, дастурхонини тўкин қилади

    «Самарқандда хурмо мевасини қуритиш орқали қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш» маҳаллий лойиҳаси институт ҳамда Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети билан ҳамкорликда амалиётга татбиқ қилинмоқда.

    Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти қишлоқ хўжалиги ҳамда аграр соҳа мутахассисларини тайёрлаш мақсадида 2020 йили Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали номи билан очилган. Президентимизнинг 2023 йил 7 июлдаги “Аграр соҳада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш орқали сифат ва самарадорликни оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали негизида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти номи билан янгидан ташкил этилди.

    Мамлакатимизда аграр соҳага қаратилган эътибор ва қишлоқ хўжалигини илм-фан асосида ривожлантириш халқимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади. Давлатимиз экспорт имкониятининг кенгайишида муҳим аҳамиятга эга. Гап қишлоқ хўжалигини илм-фан асосида ривожлантириш ҳақида борар экан, соҳага ихтисослашган олий таълим муассасаларидаги илмий тадқиқотлар, лойиҳалар диққатни тортади.

    Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида ҳам озиқ-овқат хавфсизлигига оид муаммоларни ҳал этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ошириш, аҳоли дастурхонига сифатли мева-сабзавот, полиз экинларини етказиш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Олимлар саъй-ҳаракати туфайли хорижлик ҳамкорлар билан истиқболли лойиҳалар бажарилмоқда. 2023/2024 ўқув йилида Жанубий Кореядан бир, Германиядан икки ватандош ўқитувчи таълим жараёнига жалб этилди.

    “Самарқандда хурмо мевасини қуритиш орқали қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш” маҳаллий лойиҳаси институт ҳамда Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети билан ҳамкорликда амалиётга татбиқ қилинмоқда. Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) молиялаштираётган ушбу лойиҳа қиймати 100 минг АҚШ доллари. Келгусида лойиҳа қийматини 1 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.

    Картошка уруғи юртимизга ҳар йили четдан келтирилади. Бу эса сабзавот нархи ошишига сабаб бўлади. Картошка уруғини маҳаллий шароитда етиштириш борасида ҳам амалий ишлар бажариляпти. Жанубий Корея Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазирлиги маблағи ҳисобидан “Республикада картошка уруғчилик тизимини ривожлантиришда кадрлар салоҳиятини ошириш” лойиҳаси асосида Ўзбекистон – Корея картошка уруғчилиги маркази иш бошлади. Лойиҳа доирасида in vitro лабораторияси ва иссиқхоналар қурилиши давом этмоқда.

    Шунингдек, “Республика тупроқ-иқлим шароитига мос саноатбоп каннабис навларини танлаш ва улар асосида янги навлар яратиш”, “Самарқанд бўзночи ўсимлигини уруғидан кўпайтириш ва плантацияларини ташкил этиш” мавзусидаги амалий лойиҳалар бажарилмоқда.

    Зарарли ҳашаротларга қарши кураш аграр соҳадаги долзарб масалалардан. ОТМда бу борада ҳам самарали ишлар қилиняпти. Масалан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан “EU-AGRIN: қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг яшил иқтисодиётга инклюзив ўтишини қўллаб-қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида инновацион гуруҳлар ташкил қилиниб, “Экинлар учун зарарли ҳашарот – оққанотга қарши биологик кураш” мавзусидаги лойиҳа амалга оширилмоқда.

    Институтда илмий ва инновацион фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан интеграцияни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон – Корея картошка уруғчилиги маркази, Пахтачилик илмий маркази, Биоиқтисодиёт маркази, CARIS “Самарқанд инновацион таълим ва қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари тадқиқотлари” маркази ва IT инкубация маркази ташкил этилди.

    Профессор-ўқитувчиларнинг хўжалик шартномаси асосидаги илмий тадқиқотлари ва кўрсатган хизматидан 160 миллион сўм кирим қилинди.

    Жорий йилда хориждаги турли ҳамкор олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан 28 делегация ҳамкорлик ўрнатиш, малака ошириш ва турли лойиҳалар бўйича тажриба алмашиш учун институтимизга келди.

    Бир гуруҳ професор-ўқитувчи ва докторантлар малака ошириш, стажировка ўташ ва илмий тадқиқот ишлари учун дунёнинг турли нуфузли олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларига юборилди. Шу билан бирга 26 талаба Германия ва Aнглиянинг қишлоқ хўжалиги ташкилотларида ишлаб чиқариш амалиёти ўтаб қайтди.

    Мамлакатимиз илм-фани ривожи йўлида ҳали истиқболли илмий ишлар ҳаётга татбиқ этилади ва олимларимиз соҳа ривожига ҳисса қўшади. Бу борада ёшларга таълим-тарбия бериш, уларни жаҳон стандартларига мос, етук мутахассислар этиб тарбиялаш йўлидаги режа ва мақсадларимиз яқин келажакда самара беради.

    Шавкат Ҳасанов,

    Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates