Қишлоқ хўжалигининг тақдири — томчилатиб суғоришда

    Экспертларнинг ўтган асрдаги сув энг қиммат ресурсга айланиши ҳақидаги прогнозлари бугун ўз исботи топа бошлади.

    Негаки, Сув хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, 2030 йилга бориб, Ўзбекистонда 7 миллиард куб метр сув танқислиги кузатилиши ва оқибатда мамлакат дунёдаги сув танқис бўлган 33 давлат қаторига тушиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу эса қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, суғоришнинг тежамкор усулларини қўллашни жадаллаштиришни тақозо этади.

    Дараҳақиқат, бугунги кунда кўплаб хорижий давлатлар қишлоқ хўжалигида сув тақчиллиги муаммосига сув тежовчи технологиялар орқали ечим топмоқда. Масалан, Исроилда 75-80 фоиз экин майдонлари томчилатиб суғориш тизимига ўтказилган. Эътиборлиси, Ўзбекистонда ҳам бу тизим оммалашиб, сўнгги йилларда 400 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинди.

    — Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи, янаям аниқроғи, деҳқончилик тақдири — томчилатиб суғоришда, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Сув тақчиллиги тез-тез такрорланаётган, қурғоқчилик таъсири ортиб бораётган ҳозирги шароитда суғоришнинг ушбу усулига ўтмасдан туриб, ҳосил етиштириш қийин масала. Шунинг учун юртимизда суғоришнинг тежамкор усулига ўтиляпти. Табиийки, бунда пахта-тўқимачилик кластерлари локомотив вазифасини бажармоқда.

    Бухоро вилоятидаги “BCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластери ғўза майдонларида ҳам томчилатиб суғориш тизими йил сайин кенгайтирилмоқда. Жорий йилда у 507 гектарда татбиқ қилиняпти. Бунинг учун 15 та сув тиндириш ҳовузини қуриш, уларга обиҳаёт етказиб бериш учун тик қудуқлар қазиш, шунингдек, насос ва бошқа агрегатлар ўрнатиш, қувурларни ётқизиш ишлари жадал олиб бориляпти. Ушбу технология ишга тушгач, экинларни суғориш ва озиқлантириш учун сув ва минерал ўғитлар сарфи 50 фоизгача тежалиши кутилмоқда.

    Яқинда Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТСТ Сluster” кўп тармоқли кластерининг яна 50 гектар ғўза майдонида суғоришнинг тежамкор усулига старт берилди.

    Кластер Томчилатиб суғориш бўлими бошлиғи Аброр Фармоновнинг айтишича, анъанавий суғориш усулидан босқичма-босқич воз кечилиб, томчилатиб суғоришга ўтиляпти. Шу мақсадда ўтган йилларда 1200 гектардан ортиқ майдонга ушбу технология татбиқ қилинди. Чунки ушбу технология туфайли сув билан биргаликда, зарурий ўғитлар экиннинг илдиз қисмига узатиб берилади. Натижада сув ва ўғит сарфи кескин камайиб, пахта ҳосилдорлиги ўртача 30 фоизгача кўтарилади.

    Шу каби афзалликлар туфайли жорий йилда яна 450 гектар майдон томчилатиб суғориш усулига ўтказилиши режалаштирилган. Ана шунда ушбу кластерда тежамкор соғориш тизимлари жорий этилган майдонлар умумий ҳажми 1700 гектарга етади.

    Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2022 йилда республика бўйича 89,8 минг гектарда томчилатиб, 16,2 минг гектарда ёмғирлатиб, 5,7 минг гектарда дискрет, 72,9 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали ва 36 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш тизимлари жорий қилинди. Натижада сув сарфи тежаладиган майдонлар 1 миллион гектардан ошиб, қишлоқ хўжалиги умумий экин майдонининг 25 фоизи қамраб олинди.

    Бундай лойиҳаларни амалга оширган қишлоқ хўжалиги корхоналари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани катта рағбат бўляпти. Масалан, 2019-2022 йилларда пахта майдонларида сувни тежашга йўналтирилган томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган 5 мингдан ортиқ фермерга 138 минг 953 гектар майдонда ушбу технологияларни жорий этгани учун давлат томонидан 1 триллион 44 миллиард сўмдан ортиқ субсидия маблағлари ажратилди.

    Зотан, сув тақчиллиги сезилаётган ҳозирги шароитда қишлоқ хўжалигининг келажиги ва ривожи томчилатиб суғоришдадир.

    Саид РАҲМОНОВ

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates