Қонун лойиҳаси билан «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Яъни, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар турларидан фойдаланишни тақиқловчи ва чекловчи талабларни белгилаш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган турларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва уларнинг яшаш-ўсиш муҳитини асраш, алоҳида муҳофазага олиш ҳамда келажак авлодга бус-бутунлигича қолдириш имкониятини беради.
Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди, таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.