Қонун билан Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда

    Мамлакатимизда 23 июн 2023 2580

    Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонун сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

    Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ҳозирги замон воқеликларини, фуқароларнинг таклифлари ва талаб-истакларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

    Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузи тобора ошиб бораётганлигини, айниқса, маданият, спорт ва илм-фан соҳаларида катта ғалабаларга эришилиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи жаҳон узра баланд кўтарилаётганлигини инобатга олиб, ундан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтириш эҳтиёжи юзага келган.
    Шу эҳтиёждан келиб чиқиб, амалдаги Қонун бир нечта янги нормалар билан тўлдирилмоқда.

    Хусусан, ушбу Қонун билан Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия ва маданий тадбирларда, расмий халқаро тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида ҳамда бошқа ҳолларда ҳурматни таъминлаган ҳолда байроғимиздан фойдаланиш мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

    Шунингдек, байроқ тасвири туширилган белгилардан фойдаланишда ҳам аҳолига кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, байроқдан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт воситаларининг салонида, расмий халқаро тадбирларда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахсларнинг кийим-бошида ва фарқловчи нишонларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланиш мумкинлиги назарда тутилмоқда.

    Бундан ташқари, байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд уларни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

    Ўз навбатида, Сенат аъзолари томонидан Қонун муҳокамаси жараёнида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ҳамда аҳоли, айниқса ёшларининг ўз юртига нисбатан меҳр-муҳаббат, фахр-ифтихор туйғуларининг ва ватанпарварлик ҳиссининг янада ошишига, энг муҳими, халқимизнинг байроқ билан янада яқинроқ муносабатда бўлишига хизмат қилиши қайд этилди.

    Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates