Ушбу ташаббус таълим олаётган ёшларнинг қиш мавсумидаги йўл қатновида юзага келган турли ноқулайликларини бартараф этиш мақсадида Қўрғонтепа тумани ҳокимлиги ҳамда тумандаги фаол фермер ва тадбиркорлар томонидан амалга оширилмоқда.
Талабалар учун Қўрғонтепанинг 8 та ҳудудига (Марказ, Қўрғонтепа, Қорасув, Султонобод, Дардоқ, Чимён, Қўштепа, Савой қишлоқларига) жами 11 та автобуслар юборилади.
Талабалар якшанба куни ўзлари яшовчи ҳудудларидан автобусга ўтиради ва ўқиш жойига қадар элтиб қўйилади. Шанба куни эса, ўқиш жойлари олдидан уйларига қадар олиб келинади. Бунинг учун туман ҳокимлиги махсус чипта жорий қилди.
Кеча биринчи қатнов амалга оширилди. Жараёнларни ташкил этишда ёшлар ишлари агентлиги ва ёшлар етакчилари алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Автобуслар ҳудудлардан 16:00 да талабалар билан Андижон шаҳри томон йўлга чиқди.