Одамнинг табиати шундай, ўз инон-ихтиёридан ташқари, бирор нарсанинг тақозаси туфайли бажарилиши шарт бўлган ишни унчалик ёқтиравермайди. Хоҳ ихтиёрий, хоҳ ихтиёрсиз амалга оширилиши шарт бўлган иш ёки ҳолат эса мажбурий сўзининг моҳиятини англатади. Мажбурий таълим, мажбурий хизмат, мажбурий ижро, мажбурий меҳнат, мажбурий суғурта...
Бундан икки йил олдин улар сафига мажбурий рақамли маркировкалаш, деган ибора ҳам қўшилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Орадан кўп ўтмай ҳукуматнинг эълон қилинган яна иккита ҳужжати бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирларга доир ишларни кенгайтиришга қаратилди.
БУ ТИЗИМ НЕГА КЕРАК?
Рақамли маркировкалаш — бу товар айланмасини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими. Рақамли белгилар қўлланилиши маҳсулот ҳақидаги барча маълумотларни олиш имкониятини беради. Жумладан, ишлаб чиқарувчининг номи, тайёрланган товар ёки сотиладиган жой, сана ва вақт, яроқлилик муддати, стандарт рақами каби маълумотлар махсус код остига жойлаштирилади. Маълумотлар давлат ахборот тизимида сақланади. Бу тизим наинки тадбиркор ва давлатга, истеъмолчиларга ҳам фойда келтиради.
— Тизим, аввало, харидорлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган, — дейди “CRPT Turon” МЧЖ менежери Умар Исроилов. — Чунки унинг ёрдамида истеъмолчилар маҳсулот ҳақида барча маълумотларга эга бўлади. Бу хатарли ёки паст сифатли товарни сотиб олиш хавфини ҳам камайтиради. Мобил иловадан фойдаланган ҳолда маҳсулотнинг асллигини текшириш ва товар ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконияти яратилади. Агар сохта маҳсулот аниқланса, қоидабузарлик ҳақида тегишли идорага хабар берилиши мумкин. Тадбиркорга эса маҳсулот ҳаракатини кузатиш ва логистикани тежаш, мавсумийлик, интенсивлик ва сотиш географияси бўйича долзарб статистик маълумотларга асосланиб таъминот ва омбор захираларини оптималлаштиришга ёрдам беради. Натижада харажатлар камаяди ва меҳнат унумдорлиги ошади.
Давлат даражасида товарларнинг рақамли маркировкаси “қора” бозорда товар айланмасини қисқартиради, солиқ ва божхона тўловлари тушумини оширади, назорат қилишни ташкил этиш учун сарфланадиган харажатларни камайтиради. Қолаверса, экспертлар фикрича, Ўзбекистон учун рақамли маркировкалаш тизими ўта зарур ва уни ўз вақтида жорий этишга киришилган. Зеро, ўша кезда республикада яширин иқтисодиёт айланмаси ЯИМнинг 50 фоизига етиб қолган эди.
КЎҲНА ТАРИХ ВА ЗАМОНАВИЙ QR-КОД
Мутахассисларнинг таъкидлашича, эрамиздан аввалги даврда ҳам товарларни маркировкалаш бўйича дастлабки саъй-ҳаракатлар бўлган. Хусусан, археологик қазишмалар туфайли топилган хумларда маҳсулот номи, узум нави, қайси жойда ва қачон тайёрлангани ҳақида қайдлар бўлган.
1901 йил 11 декабрда муҳандис Гульельмо Маркони морзе алифбоси орқали бошқа қитъага биринчи сигнални жўнатишга муваффақ бўлади. Бу, ўз навбатида, америкалик аспирантларни сканерга жойлаштирилган ахборотни ўқувчи штрих-код яратишга илҳомлантирди. Ҳозирги пайтда бу борада икки ўлчамли радиосигналли кодлар, масалан, QR-код ва RFID қайдларидан кенг фойдаланилмоқда.
QR-код белгиси кейинги пайтда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб боряпти. Оқ фонда сирли қора катакчалар туширилган тасвирларни ҳамма жойда учратамиз. Уни маҳсулотлар, коммунал тўловлар ёрлиқларида, журнал ва газета саҳифаларида ҳам кўришимиз мумкин. Аслида бу белги кўп миқдордаги ахборотларни узатиш ёки ундан фойдаланишни соддалаштиришда қўл келмоқда. Шу боис, бутун дунёда электрон тўловларни амалга оширишда мазкур технология беминнат дастёрга айланган.
— Рақамли маркировкалаш тизими Европа Иттифоқи давлатлари, Бразилия, Аргентина, Канада, Филиппин, Россия ва Қозоғистонда фаол қўлланилмоқда, — дейди “CRPT Turon” МЧЖнинг операция жараёнлари бўйича директори Олег Кузмин. — Масалан, Франция Европанинг дори-дармонни маркировкалаган биринчи мамлакати саналади. Бу жараён жорий этилганидан бир йил ўтиб, давлат бюджетига даромадлар 1,7 миллиард доллар ошган, ўз навбатида, бу қўшни мамлакатларда ҳам дори-дармонни маркировка қилиш учун жиддий туртки берди.
Россияда биринчилардан бўлиб мўйнали пальтолар маркировка қилинган. Бир қарашда уларни маркировкалашга ҳожат йўққа ўхшайди, бу турдаги кийим кўп харид қилинмайди ва қалбакилаштириш даражаси ҳам ниҳоятда паст, деб ўйлаш мумкин. Маркировкалаш жорий этилгач, мўйнали пальтоларнинг расмий савдоси 10 баробар ошди. Шунингдек, тамаки маҳсулотлари маркировка қилинганидан сўнг йўқ жойдан илгари маҳсулот ишлаб чиқариш ва солиқсиз сотиш билан шуғулланиб келган 18 та завод пайдо бўлди. Улар ўз фаолиятини қонунийлаштиришга мажбур бўлди.
Хитойда эса мажбурий маркировкалаш бўйича қатъий қоидалар йўқ: бу масала билан давлат эмас, балки ўз маҳсулотларини қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш истагидаги тадбиркорлик субъектларининг ўзи шуғулланади.
ҚАРОР ИЖРОСИ ҚАНДАЙ ТАЪМИНЛАНЯПТИ?
Ўзбекистонда ҳам босқичма-босқич мажбурий рақамли маркировкалаш тизимига ўтилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Asl belgisi” маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилди. Бу тизим давлат-хусусий шериклик шаклида ишлаяпти. Хусусий шерик “CRPT Turon” МЧЖ бўлиб, Давлат солиқ қўмитаси рақамли белгиларни мажбурий маркировкалаш соҳасида ҳуқуқий тартибга солишни амалга оширади. Data Matrix икки ўлчовли штрих-код сифатида товарларнинг ҳақиқийлиги ва сифатини кафолатлаш воситаси ҳисобланади.
Мамлакатимизда 2021 йил 1 январдан тамаки ва алкоголь маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш бошланди. 1 апрелдан пиво маҳсулотларининг мажбурий маркировкасига старт берилди. Шу ўринда табиий савол туғилади: нима сабабли юртимизда маркировкалаш тизимини йўлга қўйиш биринчи бўлиб акцизли товарлардан бошланди?
— Бунинг сабаби жуда оддий, — деб таъкидлайди Умар Исмоилов. — Бу гуруҳга оид маҳсулотлар тўғрисида барча маълумотларга эга бўлиш долзарб талабга айланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Европада сотиладиган тамаки маҳсулотларининг тахминан 10 фоизи сохта ёки контрабанда товарлардир. Бу фуқаролар соғлиғи учун жиддий зарар бўлибгина қолмай, катта молиявий зиён ҳам келтиради. Ноқонуний савдонинг асосий қисми акциз маркалари фалсификацияси ва лицензиялари билан боғлиқ бўлади.
Тўғрисини айтиш керак, мамлакатимизга олиб кирилаётган бу турдаги маҳсулотларнинг аниқ ҳажми ҳам маълум эмас эди. Табиийки, солиқ ва божхона тушумлари ҳам шунга яраша бўларди. Шу боис, ҳукумат томонидан жуда тўғри йўл тутилди.
— Ҳар бир янгиликни татбиқ этиш учун муайян вақт зарур, — дейди “CRPT Turon” МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Замира Тошева. — Маркировкалашда ҳам ишлаб чиқарувчи, импортёр ёки чакана савдо нуқтасида янги тизимни жорий этиш учун керакли вақт ажратиляпти. Мисол учун, ҳукуматнинг тегишли қарори билан муомалада бўлган маҳсулотларни маркировка кодисиз сотувда бўлишига муайян вақт берилиши ишлаб чиқарувчи ёки импортчига омборидаги захира қолдиқларини бошқариш ва сотиш учун имконият яратди.
Энди барча қадоқлар тўғрисидаги маълумотлар ягона электрон тизимда сақланади. Белгилаш кодини олишдан олдин ишлаб чиқарувчи (ёки импорт қилувчи) маҳсулотларга тегишли барча маълумотларни Миллий каталогга киритади. Товарлар ҳақида маълумот унинг веб сайтида ҳам, штрих-кодларни сканерлаш ва ёрлиқли товарлар тўғрисидаги ахборотлар “Asl belgisi” мобиль иловасида ҳам жойлаштирилади. Истеъмолчи товарларни рақамли маркалаш учун мобил иловадан фойдаланиб, унинг қонунийлигини текшириши мумкин. Харидор маҳсулотни харид қилгандан сўнг уни кузатиш ва назорат қилиш жараёни ниҳоясига етади.
Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, алкоголь, тамаки ва пиво маҳсулотлари тўлиқ рақамли маркировкаланган ҳолда ишлаб чиқарилиши таъминланиб, бугунги кунда мазкур йўналишда 78 та ишлаб чиқарувчи, 25 та импорт қилувчи корхона фаолият кўрсатяпти.
Рақамли маркировкаланган маҳсулотлар бўйича батафсил (номи, ҳажми, ишлаб чиқариш санаси, суратлари) маълумотларни жамлайдиган “Маҳсулотлар каталоги” яратилди. Мазкур каталогга жами 11 минг 320 та турдаги маҳсулот тўғрисида маълумотлар киритилди.
Маҳсулотлар айланмаси занжирини тўлиқ кузатиш мақсадида 141 та улгуржи ҳамда 12 минг 473 та чакана савдо корхонаси “Asl belgisi” кузатиш ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилди. Хусусан, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 10 та йирик заводнинг товарлари хариди жорий йил беш ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44,2 фоиз ошган, тармоқнинг бошқа корхоналарида эса ўсиш 13,8 фоизни ташкил этган. Бундан ташқари, шу вақт давомида ушбу маҳсулотларни импорт қилувчилар томонидан 840 мингга яқин идентификация кодига буюртма берилган, бу ўтган йилнинг мос даврига қараганда қарийб икки баробар кўп.
Мазкур маълумотлар рақамли маркировкалаш бозорда расман иш юритмаган ва солиқ тўлашдан бўйин товлаб келган бозор иштирокчилари ҳамда аввал ҳисобга олинмаган товар ҳажмлари соядан чиққанидан далолат беради.
ҲАР 19 ДАҚИҚАДА БИТТА, ЙИЛИГА 1 МИЛЛИОН ДОНА МАҲСУЛОТ
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “ТEХНОПАРК” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг нафақат юртимиз ёки қўшни давлатларда, балки бошқа қитъаларда ҳам харидорлари кўпайиб боряпти. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу саноат мажмуаси мамлакатимизда юқори технологиялар, рақобатдош, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқариш маҳсулотларини яратишга йўналтирилган корхоналар гуруҳига айланган. Бу ерда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа йўлга қўйилган. Бугунги кунда шундан 13 таси ишга тушган бўлиб, электрон газ ҳисоблагич, музлатгич, саноат кондиционерлари ва совитиш тизимлари, лифт ва эскалаторлар, сув насослари, эшик ва дераза ромлари учун аксессуарлар ясалмоқда. Бу йил изоляция маҳсулотлари, сув иситиш ускуналари, ошхона техникаси корхоналари ҳамда логистика маркази ишга туширилади. Натижада ҳозирги кунда мажмуада 6 минг 635 нафар йигит-қиз иш билан банд бўлса, тўртта лойиҳа амалга оширилиши билан бу кўрсаткич ўн мингга етади.
Ишлаб чиқариш биноларидан биридамиз. Ташқарида чилла жазирамаси, катта саҳнни эгаллаган, энг янги авлод технологиялари ўрнатилган замонавий бинонинг ичида эса ҳаво мўътадил. Бу ерда 60 га яқин русумдаги маиший техника маҳсулотлари тайёрланади, уларнинг 80 фоизи экспортга, қолган қисми ички бозорга йўналтирилади.
— Бундан уч йил олдин эндигина иш бошлаганимизда ҳар19 дақиқада битта маҳсулот тайёрланиб, йилига турли сиғимдаги 1 миллионта маиший ва савдо совутгичи тайёрланади, дейилганида бу хаёлий орзудай туюлган эди, — дейди жамият раҳбари ўринбосари Азим Азаматов. — Бу марралар қисқа вақтда эгалланди. Товарларимиз хорижий брендлар номида ва уларнинг назорати остида тайёрланиши боис харидоргир. Масалан, кир ювиш машиналари Япониянинг “Шиваки”, Жанубий Кореянинг “Самсунг”, ўзимизнинг “Артел” брендлари тамғаси остида ишлаб чиқариляпти. Афсуски, ҳозир камроқ инвестиция киритиб, кўпроқ даромад олишни хоҳловчи инсофсиз “ишбилармонлар” ҳам кам эмас. Биз мамлакатимизнинг турли бурчакларида контрафакт маиший техника воситаларининг навбатдаги партиясини сотишга уринишлар бўлгани тўғрисидаги янгиликларни тез-тез ўқиб турамиз. Бундай жиддий муаммолар ечимини топиш учун бозорда соф муҳит яратишга, биринчи навбатда, рақобатбардош ҳалол ишлаб чиқарувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир бўлган самарали восита керак. Мажбурий рақамли маркировкалаш ана шу вазифани тўла-тўкис бажаради.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан маиший техника маҳсулотларини тажриба тариқасида маркировкалашга ўтган йил 1 июндан киришилди, шу йилнинг 15 апрелидан жорий этилди. “ТEХНОПАРК” МЧЖ бу ташаббусни фаол қўллаб-қувватлаган ва татбиқ этган корхоналар сирасига киради.
Жамиятда йилига 300 минг дона кир ювиш машинаси тайёрланади. Мазкур ишлаб чиқариш жараёнининг энг охирги қисмида уларнинг ҳар бирига “Asl belgisi” мобил иловаси ёрлиғи қўйилади ва маҳсулот ҳақидаги барча маълумот шу заҳоти миллий ахборот тизими электрон базасига келиб тушади.
Компания директорининг сифатни назорат қилиш ва ривожлантириш бўйича ўринбосари Миракмал Мирпўлатовнинг қайд этишича, маркировкалаш тизими жорий қилиниши истеъмолчига маҳсулот ҳақида ҳаққоний ахборот олиш ва контрафактдан муҳофазаланиш имкониятини беряпти. Ўзимиз эса маҳсулотнинг ҳаракатланиши ҳақида ишончли маълумотга эга бўлиб, бутун жараённи кузатиб бориш имкониятига эгамиз.
ИМТИЁЗ ВА ТАЛАБЛАР
Маиший техника маҳсулотларини рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш ҳам босқичма-босқич олиб борилмоқда. Зеро, Ўзбекистон МДҲда бу лойиҳага қўл урган ягона мамлакат ҳисобланади.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги “Маиший техника маҳсулотларини мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан, уни бошлаш муддатлари ва маҳсулотлар турлари гуруҳлар бўйича белгиланган, — дейди “CRPT Turon” МЧЖнинг операция жараёнлари бўйича директори Олег Кузьмин. — Жумладан, биринчи гуруҳ 2022 йил 15 апрелдан бошлаб — чангютгич, кир ювиш машинаси, совутгич ва музлатгич, телевизор ва монитор, иккинчи гуруҳ 2022 йил 1 августдан бошлаб — маиший газ плитаси, ошхона дудбўрони, духовка ва печка, микротўлқинли печ, дазмол, сув иситгич, учинчи гуруҳ 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб — сув иситиш қозонлари, кондиционер, ўрнатилган электр моторли маиший техника (сок чиқазгич, блендер, миксер, кофе янчгич, гўшт майдалагич), барча турдаги лампалар.
Маиший техника маҳсулотларининг тегишли гуруҳини мажбурий рақамли маркировкалаш жорий қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида маркировкасиз ишлаб чиқариш ҳамда улар агрегaцияланган импорт коди бўйича маълумотлар божхона юк декларaциясида кўрсатилмасдан “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштириш тақиқланади. 6 ой мобайнида маркировкаланмаган маиший техника маҳсулотлари қолдиқларини улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари томонидан ихтиёрий равишда бепул рақамли маркировкаланишга рухсат берилади. 12 ойдан сўнг барча айланма иштирокчилари ўртасида тақсимлаш фақат электрон ҳисобварақ-фактураларга маркировка кодлари тўғрисидаги маълумотларни киритган ҳолда амалга оширилади ва рақамли маркировкасиз сотилмайди.
Давлат солиқ қўмитаси мутахассисининг изоҳ беришича, мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузган тадбиркорлик субъектларига нисбатан чоралар қўллаш нормалари бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш орқали белгиланган. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 166-моддаси 4-қисми билан мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотлар) ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан идентификaция воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидалари бузилиши ушбу корхоналарнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА БОШҚА МАҲСУЛОТЛАР
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги “Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ўтган йил 1 июндан бошлаб фармацевтика бозори фаолиятида рақамли маркировкалаш тизимини жорий этишга киришилди. Унда хориж фармацевтика компанияларининг 46 та ваколатхонаси, 27 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъекти ихтиёрий равишда иштирок этди.
Лойиҳа менежери Диёр Расуловнинг қайд этишича, тажриба доирасида ишлаб чиқарувчилар битта линияни маркировкалаш учун бепул ускуналарни, шунингдек, Data Matrix кодларини олиш имкониятига эга бўлган. Хорижий компаниялар ваколатхоналарига фақат маркировкалаш кодлари тақдим этилиб, техник характерга эга масалаларни уларнинг ўзлари мустақил ҳал қилган. “Маркировкаланган товарлар каталоги” тизимида 593 та дори рўйхатга олинган. Уларнинг 332 таси маҳаллий ишлаб чиқарилган, қолган қисми хорижий препаратлар ҳисобланади.
Мамлакатимизда дори ва тиббий маҳсулотларни рақамли маркалаш 1 сентябрдан бошланади, унга биринчи гуруҳга мансуб иккиламчи (ташқи) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори (орфан дори воситалари бундан мустасно) киритилган. 1 ноябрдан бошланадиган иккинчи гуруҳни бирламчи (ички) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори (агар иккиламчи (ташқи) ўрам мавжуд бўлмаса) ва доривор ангро маҳсулотлар (орфан дори воситалари бундан мустасно) ташкил этади.
2023 йил 1 мартдан бошланадиган учинчи гуруҳ — Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган кам учрайдиган касалликларни даволаш учун мўлжалланган орфан дори воситалари ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун мўлжалланган тиббий буюмлар, шунингдек, юртимиз ҳудудидан ташқарида амалга оширилган рўйхатга олиш натижаларини тан олиш тартиби доирасидаги дорилар, тиббий буюмлар ва тиббиёт техникасининг давлат реестрига киритилган дори воситалари маркировкаланади.
Яна бир муҳим йўналиш — шиша идишдаги сув ва алкоголсиз ичимликлар эса 1 октябрдан бошланиши режалаштирилган.
Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёни фаол давом этмоқда. Бу жараённинг муҳим босқичи – барча маҳсулотларни рақамли кодлар билан таъминлаш, яъни уларга рақамли паспортни тақдим этиш тобора кенгайиб бораётган истеъмол бозорининг шаффоф ва очиқ бўлишига хизмат қилади, сифат ва самарадорликнинг янги имкониятлар эшигини очади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи