Референдум нима?

    Биласизми? 13 март 2023 55949

    Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.

    Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодасидир.

    Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.

    Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

    Референдумда кимлар иштирок этиш ҳуқуқига эга?

    Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

    Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.

    Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар.

    Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.

    Референдум oкругларини тузиш тартиби қандай?

    Референдум округлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида тузилади.

    Референдум округларининг референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони ва референдум ўтказувчи округ комиссиялари жойлашган ер кўрсатилган рўйхатлари референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин кечи билан беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.

    Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатларини тузиш тартиби қандай?

    Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.

    Рўйхатга овоз берувчи ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва турар жой манзили киритилади.

    Ҳар бир фуқаро овоз берувчиларнинг фақат битта рўйхатига киритилиши мумкин.

    Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати асосида тузилади.

    Референдумда овоз бериш вақти ва жойи

    Овоз бериш референдум куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка комиссияси референдум ўтказиладиган кунга камида ўн кун қолганда фуқароларни хабардор қилади.

    Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларида, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, участка комиссияси овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.

    Референдумда овоз бериш тартиби қандай?

    Референдумда овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Овоз бериш бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган фуқаро ўз хоҳишига кўра, референдум ўтказувчи комиссия таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.

    Фуқаролар референдумга қўйилган масалага қарши овоз берадиган бўлсалар, масала таърифи матнини ўчирадилар ёки масалани ёқлаб овоз берадиган бўлсалар, уни ўчирмайдилар.

    Тўлдирилган бюллетенни фуқаро овоз бериш қутисига ташлайди. Овоз бериш қутилари референдум ўтказувчи участка комиссияси аъзоларига ҳамда кузатувчиларга кўриниб туриши керак.

    Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетени фуқаронинг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган овоз бериш бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

    Бу йилги референдум қачон ўтказилади ва Конституцияга нечта янги модда киритиляпти?

    Конституциянинг янги таҳрири тўғрисидаги қонун 132 та овоз билан қабул қилинди. Конституция тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича Референдум 2023 йил 30 апрель, якшанба куни ўтказилиши белгиланди.

    Референдум бюллетенида: «Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?» деб ёзилади.

    Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритиляпти, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошади, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаяди, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланади.

    Янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттиришга, шу жумладан, давлат ҳокимиятининг янада самарали ташкил қилинишига ёрдам беради.

    Абдуманноп Буриев,

    Фарғона вилоят

    Адлия бошқармаси бошлиғи.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates