Қозоғистон: АЭС қуриш бўйича референдумда овоз бериш якунланди

    Қозоғистонда атом электр станцияси (АЭС) қуриш бўйича республика референдумида овоз бериш якунланди.

    10 мингдан ортиқ референдум ўтказиладиган участкаларда овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 07:00 дан 20:00 гача режалаштирилган эди. Хорижда қозоғистонликлар учун 59 та давлатда 74 та сайлов участкалари ташкил этилди.

    Маҳаллий вақт билан соат 19:00 да бўлиб ўтган брифингда республика ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко Қозоғистоннинг 7358 фуқароси хориждаги сайлов участкаларида овоз берганини, сайловчиларнинг 59,79 фоизи иштирок этганини маълум қилди.

    Референдум бюллетенидан битта савол ўрин олган эди: “Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?” Овоз бериш иштирокчилари иккита жавоб вариантидан бирини танлашлари керак эди: “ҳа, розиман” ёки “йўқ, рози эмасман”. Сайлов рўйхатига 12,2 миллиондан ортиқ қозоғистонлик киритилди. Референдум ўтган деб топилди, чунки унда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 50 фоиздан ортиғи иштирок этди. Референдум бўйича Марказий комиссия эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан соат 18:00 ҳолатига кўра, сайловчиларнинг 61,56 фоизи иштирок этди, 7,5 миллионга яқин киши овоз берди.

    Референдумга қўйилган масала юзасидан қарор қабул қилиш учун овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпи уни қўллаб-қувватлаган бўлиши талаб этилади. Марказий комиссиянинг референдум якунлари тўғрисидаги хабари овоз беришдан кейин етти кун ичида эълон қилиниши керак, деб хабар беради tass.ru.

    Агар Қозоғистон фуқароларининг аксарияти атом электр станцияси қурилишини қўллаб-қувватласа, у Олма-Ота вилоятида Балхаш кўли яқинида қурилиши мумкин. Қозоғистон ҳукумати ядровий технологияларнинг бир нечта етказиб берувчилари – Хитойнинг CNNC компанияси, Жанубий Кореянинг KHNP, Росатом ва Франциянинг EDF компанияларини кўриб чиқмоқда. Референдумда иштирок этган Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев станция қуриш учун хорижий компаниялар консорциумини жалб этиш зарур, деб ҳисоблашини маълум қилди.

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates