"Реклама тўғрисида"ги қонун кучга кирди

    Янги таҳрирдаги қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида газетамизнинг бугунги сонида мақола эълон қилинди. Қуйида ҳужжат ҳақида батафсил танишишингиз мумкин.

    Кўчаларда турли шакл-шамойилдаги, тартибли-тартибсиз ташқи ёзув, реклама, дўконларнинг пешлавҳасига кўзимиз тушади. Реклама материаллари жойлаштирилмаган телевидение, радио, босма нашрлар, ижтимоий тармоқлар ҳам йўқ, ҳисоб. Хўш, реклама нима учун керак? Нима учун бугунги кунда рекламалар пала-партиш жойлаштирилганига кўп гувоҳ бўляпмиз? Тарқатилаётган рекламаларнинг барчаси талабга жавоб берадими?

    Реклама — товарларнинг сифати, уларни сотиб олишдан кўриладиган наф ҳақидаги ахборот; бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар ёки маҳсулот тўғрисида тарқатиладиган махсус ахборотдир. Ишбилармон ва тадбиркорлар рекламага алоҳида аҳамият қаратишади. Ва бу орқали маҳсулоти ҳақида кенгроқ оммага маълумот етказиш ҳамда кўпроқ даромад олишга интилади. Лекин реклама тарқатишнинг ҳам қонун-қоидалари, меъёрлари борлиги ҳақида баъзан унутиб қўямиз.

    Рекламалар Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни ва 10 га яқин бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Бугунгача амалда бўлган 30 та моддадан иборат Қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, 16 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

    “Реклама тўғрисида”ги қонунда умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжуд бўлиб, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган эди. Шунингдек, реклама фаолиятига қўйиладиган талабларнинг етарли эмаслиги, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмагани ва қатор ноаниқ меъёрлар ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлаётган эди.

    Кейинги йилларда бутун дунёда бўлгани каби республикамизда ҳам замонавий технологиялар, янги ва креатив реклама ва маркетинг усуллари, реклама ахборотини тарқатиш ва усулларининг ўзгача, яъни қонун билан тартибга солиб бўлмайдиган йўллари ортиб бормоқда.

    Табиийки, у анча эскирган, тегишли тузатишлар киритиш вақти келган эди. Шу муносабат билан соҳада муносабатларни тартибга солиш, шу жумладан истеъмолчиларни нотўғри рекламадан ҳимоя қилиш, реклама бозори иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Жорий йил 7 июнда Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Унда рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш соҳасида бир қатор талаблар белгиланди. Қонун 8 та боб ва 53 та моддадан иборат.

    Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда 30 га яқин хорижий давлат қонунлари, халқаро ҳужжатлар ва бошқа илмий нашрлар таҳлил қилинди. Ушбу қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири шундан иборатки, унга реклама тарқатиш тилига оид меъёрлар киритилди.

    Шу пайтга қадар амалдаги қонунимизда реклама тилига бўлган талаб мавжуд эмасди. Яъни реклама уни берувчининг хоҳишига кўра, исталган тилда берилиши мумкин эди. Эндиликда рекламани дастлаб давлат тилида бериш қатъий белгиланди ва реклама берувчининг ихтиёрига кўра, бошқа тилларда ҳам айнан қайтарилиши мумкин бўлди.

    Масалан, янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг
    “Реклама тили” ҳақидаги 6-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилиши, реклама мазмунининг таржимаси бошқа тилларда такрор берилиши мумкинлиги, бунда асосий маъноси бузиб кўрсатилмаслиги, бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги матн ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши кераклиги ва бошқа шу каби қатор меъёрлар белгиланди.

    Бундан ташқари, янги таҳрирда қабул қилинган қонун қонун нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилди ва янги тушунчалар билан тўлдирилди. Яна бир эътиборли томони, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилди ва янги нормалар киритилди.

    Хусусан, мактаб дарслиги ва дафтарларида реклама жойлаштириш, рекламада нархларни хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умум эътироф этилган нормаларига зид келувчи шакл, ибора ва образлардан фойдаланиш, товар (иш, хизмат)нинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш кабилар тақиқланмоқда.

    Бугундан истеъмолчилар кутган яна бир муҳим тартиб қонуний кучга эга бўлди. Яъни, истеъмолчилар ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлиги билан боғлиқ маҳсулотлар (дори воситалари, биологик фаол озуқавий қўшимчалар, энергетик ичимликлар, халқ табобати маҳсулотлари, тамаки, чилим, алкоголь маҳсулотлари, пиротехника воситалари, қурол-яроғ) рекламасига қўйиладиган талаблар такомиллаштирилди.

    Бу жиҳатлар озиқ-овқат маҳсулотлари зарарсиз ва инсон саломатлиги учун фойдали эканлиги тўғрисида таъкидлаш тақиқлангани, қимматли қоғозлар, молиявий ва аҳолининг пул маблағларини жалб қилиш билан боғлиқ хизматларни реклама қилиш тартибга солингани, вояга етмаганларни рекламадан, хусусан унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш ва рекламада вояга етмаганлар иштирокини чекловчи янги нормалар киритилганида акс этади.

    Энди вояга етмаганларни хавфли вазиятларда кўрсатиш, реклама қилинаётган маҳсулотга эга бўлмаслик тенгдошлари ва жамоатчилик орасида камситилишига олиб келиши ҳақида тасаввурни шакллантириш, кундалик овқатланишлар сонини кўпайтиришни ёки асосий озиқ-овқатларни енгил озиқ-овқатлар, қандолат маҳсулотлари ва бошқалар билан алмаштиришни рағбатлантирувчи рекламаларга йўл қўйилмайди.

    Шу муносабат билан, айрим ҳолатларда, хусусан тақиқланган (тамаки, алкоголь, гиёҳванд, наркотик, порнографик, қурол) маҳсулотни реклама қилганлик, нотўғри реклама берганлик, дори, энергетик ичимлик рекламасига қўйилган талабларни бузганлик учун юридик шахсларга молиявий санкция қўллаш белгиланди.

    Албатта, ҳар бир реклама қандай йўналишда бўлишидан қатъи назар “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига жавоб бериши шарт. Рекламалар инсон ҳаёти, соғлигига хавф солмаслиги зарур.

    Бозор иқтисодиёти шароитида реклама хизматларининг аҳамияти кучайиб, муомала (меҳнат маҳсулотларини олди-сотди воситасида айирбошлаш) харажатида реклама харажатларининг хиссаси ортиб бормоқда. Шу ўринда таъкидлар эдикки, тарқатилаётган рекламалар “Реклама тўғрисида”ги Қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мос бўлиши ҳам тадбиркорга, ҳам истеъмолчига фойдали бўлади.

    Гўзал ҚОДИРОВА,

    Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг маслаҳатчиси