Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Кореянинг Бунданг клиникаси билан ҳамкорлик ўрнатди

    Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

    Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Д.Алимов Корея Республикасида хизмат сафарида бўлди. Ташриф доирасида ушбу мамлакатнинг энг илғор тиббиёт муассасалари 5 талиги ва дунёнинг топ-100 рўйхатидан ўрин олган Сеул миллий университетининг Бунданг клиникаси фаолияти билан яқиндан танишди.

    Маълумот ўрнида айтиш лозимки, мазкур шифохона ўз фаолиятини 2003 йилда бошлаган бўлиб, 1500 ўриндан иборат. Айни пайтда марказга кунига 10 мингга яқин мурожаат қабул қилиниб, йилига 350 минг нафардан ортиқ беморга стационар ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, бу ерда ҳар йили 42 мингдан зиёд юқори технологик хирургик амалиётлар бажарилади. Илғор рақамли технологияларни даволаш жараёнига тўлиқ татбиқ этган муассаса бугунги кунда ушбу янги усулларни Европа ва АҚШ клиникаларига экспорт қилмоқда. Йиллик илмий-тадқиқот бюджети 30 млн. АҚШ долларидан иборат бўлган марказ 30 дан ортиқ бўлимларда ўтказиладиган илмий лойиҳалар бўйича мамлакатнинг энг етакчи тиббиёт муассасаси сифатида тан олинади.

    Ташриф доирасида беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий ёндашув, жумладан, тиббий саралаш мезонлари, тиббиётни рақамлаштириш, тиббий таълим, телетиббиёт бўйича ҳамкорлик ва симуляцион технологиялардан фойдаланган ҳолда янги амалиётларни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

    Шунингдек, мулоқот давомида ушбу марказда қўшма шикастланган беморлар учун яратилган ёрдам тизими ҳақида маълумот берилди. Ўз навбатида, ўзбекистонлик мутахассис мамлакатимизда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар билан кореялик ҳамкорларни таништирди.

    Мулоқот якунида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Сеул миллий университетининг Бунданг клиникаси билан икки томонлама алоқаларни кенгайтириш бўйича шартнома имзоланди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates