Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан глобал қариш муаммосига оид ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, кекса аҳолининг демографик юки ривожланган мамлакатларда ўсиб бормоқда, энг юқори кўрсаткичлар Япония ва Европада кузатилмоқда.
Аҳолининг қариши иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида, хусусан, соғлиқни сақлашда кадрлар етишмаслигига олиб келмоқда. Эмпирик ҳисоб-китоблар қариялар улуши юқори бўлган мамлакатларга иммигрантлар оқими қарияларнинг қарамлик юкини 2,4 фоиз камайишига, шунингдек, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг 4,6 фоизга ўсишига олиб келишини кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда кекса ёшдаги аҳолининг демографик юки ҳар 100 меҳнатга лаёқатли аҳолига 7 кишини ташкил этади, бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан паст ва ҳатто 2035 йилги прогнозларда ҳам умумжаҳон ўртача кўрсаткичларидан паст бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон демографик дивиденд олиш бўсағасида турибди ва жаҳон меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш учун яхши салоҳиятга эга.
Демографик инқирозга учраган мамлакатларда вазият янада оғирлашиши кутилмоқда. Ушбу давлатлар томонидан бир қатор тизимли чоралар қўлланилиши (касб-ҳунар таълими, тил ўзлаштириш, саломатлик ва хавфсиз меҳнат шароитлари билан боғлиқ қулай шароитлар яратиш, ҳ.к.) келажакда бу мамлакатларга малакали кадрларни жалб қилишда рақобатдош устунлик бериши мумкин.