Унда мамлакатимиз дипломати Россиянинг Шимолий-Ғарбий минтақаси билан ҳамкорликнинг асосий йўналиши минтақалараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, унинг ҳудудларида турли сабаблар билан бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш эканлигини газетхонларнинг эътиборига ҳавола қилган.
Мамлакатимиз бош консули Ўзбекистон вилоятлари маъмурияти вакиллари, сиёсатчилар, олимлар, тадбиркорлар, маданият арбоблари, таълим ва тиббиёт вакилларининг ташрифлари чоғида ўзаро ҳамкорлик асослари қўйилаётгани хусусида тўхталар экан, бундай амалий сафарлар пандемия пайтида ҳам батамом тўхтаб қолмагани, ҳозирги пайтга келиб эса ўзаро борди-келдилар тез-тез амалга оширилаётганини маълум қилган.
Интервъюда Санкт-Петербург ҳудудида меҳнат қилаётган хорижлик муҳожирлар орасида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони жиҳатидан биринчи ўринни эгаллаши қайд этилган. Ўзбекистонлик дипломат бу ҳақдаги фикрларини ўртоқлашишда давом этар экан, мамлакатимиз ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва бу эрда ишлаётган Ўзбекистоннинг бошқа ташкилотлари вакили билан биргаликда йирик қурилиш объектларига сафарларни уюштириш мунтазам тус олганига алоҳида урғу берган. Суҳбатда бош консул Қурилиш майдонларига борганимизда, биз ватандошларимизнинг яшаш тарзи, Россия Федерацияси қонунларига ва улар учун янги бўлган муҳитда ўзини тутиш қоидаларига риоя қилиш зарурлигини тушунтирамиз. Биз доимо телефон рақамларимизни қолдирамиз, ватандошларимиз бирон-бир муаммо ёки қийинчиликларга дуч келишса дарров биз билан боғланишади, дея таъкидлаган.