Руҳ ва ахлоқ тарбияси — ҳаёт ғоясининг асоси

    Фикр 19 январ 2023 2126

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидан сўнгги ўйлар

    Тарихан олганда, миллатимиз даҳосининг шаклланиш жараёни узоқ давом этган ва унинг ҳеч бир босқичи осон кечмаган. Тақдирига адолатсиз курашлар, миллат ойдинларини йўқотиш кампаниялари, турли хил зулмлар кўриш битилган халқимизни икки қудратли куч омон сақлаб, буюк саодатга элтган, бу — юртга чўнг муҳаббат ва бирдамлик руҳи.

    Ҳозир эски тақдирни эслаганимиз боиси бор. Гап шундаки, биз таҳликали дунё деб атаётган бугунги замонимизда буткул янги эътиқодлар, халқаро сиёсий дипломатия пайдо бўлди.

    Бу, бир томондан, давлатлараро муносабатларда жанговар салоҳият руҳи, иккинчи томондан, геосиёсатда янгиланишга уринишлар, бошқа томондан, жуда тез содир бўлаётган экологик инқирозлар, хуллас, барчаси мамлакатлар ўртасидаги ҳамда минтақавий алоқаларда ўзаро ишончсизлик ҳодисасига замин яратмоқда. Бугун дунёдаги таҳлика мана шу каби ишончсизлик манбаларидан авж олмоқда.

    Шундай экан, табиий савол туғилади: бундай шароит ва вазиятда қандай йўл тутмоғимиз зарур? Президентимиз ­Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мана шу саволнинг жавобини батафсил шархлаб, барқарор ва дахлсиз ривож­ланиш йўлимизнинг муҳим асосларини белгилаб берди. Шу асосда биз ғоя ва фикр, руҳ ва ахлоқ тарбиясини шакллантиришда қандай йўл тутмоғимиз зарурлиги ҳақида муҳим хулосаларга келдик.

    Билим ва Ватан

    Биз юқорида икки саодатдан бири сифатида юртга муҳаббат руҳини айт­дик. Бу дунёда ўзгармас ақидалар ва ­эътиқодлар бор. Уларнинг ҳар бири тириклик моҳиятини англатади. Шу ­моҳият ва элпарвар тарбия асоси эса билим эканини ҳар биримиз яхши биламиз, албатта.

    Ҳукамолардан бири “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдур”, деганида ҳақ эди. Биз бу даъватни бугунги замон руҳи билан боғласак, олдимизда ниҳоятда катта масалалар турганига ишонч ҳосил қиламиз.

    XXI асрга келиб ахборот макони — ҳақиқий жанг майдонига айланди. Ғоялар, мафкуралар ғолиблиги, маънавий қурбонлик жанги.

    Бу жанг қаҳрамонлари ҳам, жабрдийдалари ҳам, қурбонлари ҳам ўзимиз бўлиши ҳар биримизни жиддий ташвишга солмоқда. Бунда яна бир жуда муҳим ҳақиқатни асло унутмаслигимиз зарур ва шарт. Гап шундаки, бугун дунёда “Ёш авлод онги учун жанг” кетмоқда. Буни теран англашимиз, азиз ­фарзандларимизга бўлаётган ҳар бир таҳдидни олдиндан сезишимиз лозим.

    Шундай мураккаб вазиятда нажот йўлини қаердан изламоғимиз керак, деган табиий савол туғилади. Албатта, хавф ва таҳдидларнинг чораси ҳам бор. Бунинг учун, аввало, ёш авлод онгига қандай ташқи таҳдидлар хавф солаётганини ўрганиб чиқишимиз керак бўлади.

    Ҳаракатлардан англашиладики, ёш­лар онгига биринчи таъсир, бу — ғоя­вий қарамликни келтириб чиқариш. Кимгадир ғоявий қарам бўлсак, бошқарув ҳам уларнинг қўлига ўтиши аниқ. Бу истак нима учун керак? Шунинг учунки, эртага давлатчилик бошқарувига келадиган ёш авлод онгини ва хоҳиш-истак­ларини бош­қариш осон бўлиши, таъбир жоиз бўлса, ҳар мақомга йўрғалатиш учун.

    Демак, олдимизда ягона йўл бор. Миллий тарбият йўлини маҳкам тутмоғимиз зарур. Шу ўринда жадид боболаримизнинг “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деган даъваткор гапларини эслаш жоиз бўлади. Президентимиз ўз Мурожаатномасида ҳам бу ҳаёт-мамот масаласи ҳар биримизнинг амалий ҳаракатимизга айланиши кераклигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

    Бундан англашимиз зарурки, фарзанд тарбияси, таълими ва билим эгаллаши биз учун ягона нажот йўлидир.

    Бу йўлда биз ғоявий кураш тизимига асос солмоқдамиз. Токи, ёш авлодимиз онгини бўш ва ахлоқсиз ғоялар эгалламасин. Улар ўз Ватанини, элини онгли севсин.

    Иккинчи таъсир — иқтисодий таҳдид. Ўзгараётган дунёда иқтисодий қарамликни келтириб чиқаришга сунъий уринишлар авж олаётгани, афсуски, сир эмас. Бу вазиятда ҳам фақат билим билангина юзимиз ёруғ бўлиши мумкин.

    Ҳозир бутун дунёда иқлим кескин ўзгариб бормоқда. Шу туфайли инсоният жиддий хавф ёқасига келиб қолди. Бундай таҳликали шароитда озиқ-овқат хавфсизлиги, табиат неъматлари тақчиллиги, табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж кучайиши ҳам бор гап. Ёшлар онгига иқтисодий таҳдид ҳам ана шу манзара фонида содир бўлаётир. Таҳдид шуки, ташқи муҳит ўзга мамлакатлар ёшларини иқтисодий жозибадорлик билан мафтун қилишга киришган...

    Модомики шундай экан, биз қўл қовуштириб ўтиришга асло ҳақли эмасмиз. Бу борада ҳам фақат билим нажотга келишини унутмаслигимиз керак. Боиси, иқлим ўзгаришларига қарши курашда инновацион усуллар ва замонавий қишлоқ хўжалигини қўллашимиз сув ва ҳаводек зарурдир. Бу ҳақда фикр юритганда жадид бобомиз — Абдулла Авлонийнинг мана бу ўгитига амал қилмоғимиз жоиздир: “Мол топмакнинг энг баракали йўллари: ҳунарчилик, экинчилик, чорвачилик, савдогарликдур. Буларнинг ҳар бирига ҳам бу замонимизда билим лозимдур”. Токи, бизнинг авлод бугун ва яқин келажакда иқтисодий таҳдидлар қурбони бўлиб қолмасин.

    Учинчи таъсир — ношукурлик ҳиссининг кучайиши. Ота-боболаримиз шукроналик ҳисси билан тарбияланган, биз ҳам шу руҳда камолга етдик. Фарзанд­ларимиз ҳам шундай тарбияланмоғи жоиздир. Негаки, ношукурлик, сабрсизлик ва очкўзлик рўёби Яратганга ҳам хуш келмас.

    Авлодлар тарбиясида шу хушхулқни вояга етказсак, синовли кунларда ҳам, барокатли дамларда ҳам йўлимиз ойдин бўлиши шубҳасиз. Аксинча, ношукурлик ҳиссини сингдиришга бўлган ҳаракатлар, бир томондан, катта бир авлод оқимини норозилик кайфиятида тарбияласа, бош­қа томондан, ислоҳотларга ишончсизлик руҳини уйғотади. Бу кимга зарар? Ўзимизга. Кимга фойда? “улар”га.

    Фарзандларимиз билан суҳбатларда ҳаётдан кўпроқ мисоллар айтиб берайлик. Мана биттаси: мустақиллигимизнинг илк йилларини эслайлик. Том маънода очарчилик даврини бошдан кечирдик. Қишлоқдаги кўплаб оилалар бир қоп ун ё буғдой учун бир бош сигирини сотишга мажбур бўлди. Етти-саккиз, ўн бир жон яшайдиган оила учун бир қоп ун бир ҳафтага етарди, холос. Ўшанда бир бурда нонга зор вақтлар ҳам кўп бўлган эди. Лекин ўша оғир даврда ҳам халқимиз шукр қилиб яшади, шу сабаб бугунги фаровон кунларга етиб келдик. Бунинг учун Аллоҳга минг шукрлар бўлсин!

    Тўртинчи таъсир — енгил-елпи яшаш руҳини сингдириш. Ҳаётни енгиллаштириш учун катта ҳаракатлар бўляпти. Бу яхши, албатта. Лекин авлодлар онгига енгил-елпи яшаш руҳини сингдириш — катта фожиа.

    Фожиа шундаки, енгил-елпилик масъ­улиятсизликни тарбиялайди. Масъулият­сизлик ҳиссизликни келтириб чиқаради. Ҳиссиз одамда эса ватанпарварлик руҳи сўнади. Руҳ сўнган жойда бошқа сўзга ҳожат қолмайди. Бундай кишиларни ҳар кўйга солиш, ҳар куйга ўйнатиш ҳам мумкин бўлади.

    Лекин, афсуски, бугун ижтимоий тармоқлардаги айрим оқимлар ёшлар онгига енгил-елпи ҳаёт таъсирини, унинг бир қарашда жозибадор роҳатини зўр бериб сингдиришга ҳаракат қилмоқда.

    Бу борада бизга яна азиз аждодларимизнинг ибрати асқатади. Абдурауф Фитрат авлодлар тарбияси ҳақида қайғурар экан, жумладан, шундай деган эди: “Ҳаётнинг умумий жадалгоҳида инсоннинг ўрни буюк. Ҳар бир одам улғайгач, бахт-саодатини таъминлаш учун бу жадалгоҳга кириб курашишга мажбур. Бу кураш майдонида ўзида уч нарсани мужассамлаштирган инсонгина ғолибликка эришиши мумкин. Бу уч нарса: тансиҳатлик, соғлом фикр ва яхши ахлоқдан иборат. Шу уч нарсанинг биттасидан ҳам маҳрум бўлган одам бу курашда мағлуб бўлиб чиқиши муқаррар. Бошқа ибора билан айт­ганда, бахт-саодат жисмонан соғлом, солим фикрли ва чиройли хулқли инсонга насиб этади, шу жиҳатларга эга бўлган кишилар турли хил бадбахтлик­ларни муносиб кутиб оладилар”.

    Бешинчи таъсир — ўзликни, миллий­ликни йўқотишга бўлган уринишлар. Нима учун фарзандларимиз бэтмен ёки ўргимчак одам бўлишга уринмоқда. Дўппини бошдан олиб, шу ҳақда бир ўйлаб кўрайлик! Чунки биз тарбиянинг ўзлик ҳудудига келганида бўшлиққа йўл қўйганмиз. Табиийки, бу “четдаги дўстлар”имиз учун айни муддао. Энг аламлиси, ўша кийимларни ўзимизнинг одамлар минг азоб билан четдан олиб келмоқда. Майли, шу ерда ўзимиз тикаётгандирмиз. Мақсад битта — талаб бор, пул ишлаб қол.

    Чеварларимиз, тадбиркорларимиз нима учун Алпомиш, Султон Жалолиддин, Буюк Амир Темур, Мирзо Бобур, Ҳазрат Алишер Навоий каби улуғ аждодларимиз қаҳрамонлигида, сиймосида кийим тикмайди. Чунки бозорда талаб йўқ. Чунки оилада улар ҳақида гаплашмаймиз, кинолар яратмаймиз. Борлари ҳам зерикарли, томошабинни ўзига тортмайди. Ҳиссиз ва тунд ишланган.

    Бугун уч-тўрт яшар боладан Амир Темур ким бўлган, деб сўранг, билмайди. Бэтмен-чи? Билади, сайраб кетади... Шу тариқа миллийлик, ўзлик йўқолиб бормоқда. Бу бўшлиқни зудлик билан тўлдирмасак, эртага жуда кеч бўлади. Ўзлик ва миллийлик йўқ жойда ҳаёт завол, десак ҳам бўлаверади.

    Олтинчи ва ниҳоятда қўрқинчли таъсир — Ватансиз ҳам фаровон яшаш кафолатини бериш. Бунинг доди жуда оғир бўлади.

    Ҳозир тириклик оламида “дунёнинг исталган мамлакати мен учун Ватан”, деган ақида тинимсиз тарғиб қилинмоқда. Эмишки, киши учун пул бор, шароит бор жой Ватан бўлармиш. Уларга қарата: “Биродарлар, бу дунёда ҳар бир инсоннинг ВАТАНИ битта бўлади”, дегимиз келади. У яхшими, ёмонми, очми, тўқми, Ватанни танлаш имкони йўқ. Уни Аллоҳ қодир қилади. Бу ҳақда кўп баҳс ортиқча: Пайғамбаримиз: “Ҳуббул ватани минал-имони, яъни Ватанни суймак имондандур”, демиш.

    Лекин яна бир гапни айтишга мажбурмиз. Ватансиз яшаш илинжи кишини бадном қилади. Тараққиётни орқага суради, охир-оқибат қарамликка олиб келади. Биз, Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, унинг сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашимиз шарт. Бу — бизнинг тарих ва келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз ва мажбуриятимиздир.

    Ватан ва ватанпарварлик ҳақида гапирганда ҳар сафар бир ибратли сабоқ хаёлимизда жонланади. Абдурауф Фит­рат бобомиз XX аср бошларида Истанбулда Но Камо исмли ёш япон сайёҳи билан учрашиб қолади. Бу йигит уч йил давомида Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Араб давлатларини велосипедда айланиб чиққанини эшитган бобомиз йигитни саволга тутади: “Биродар, бепул, ёлғиз, беаслаҳа бу икки чархли араванг билан Арабистоннинг жонни куйдирувчи чўлларидан қандай ўтдинг? Фараз қилдикки, ўзингга таом топиб еб, ётар жой ҳам топдинг, лекин чумчуқни ҳам соғ қўймайдиган саҳройи араб чангалидан қандай халос топдинг?”. Бунга жавобан сайёҳ йигит кулибди-да, қўлини кўтариб ўз юртининг байроғини кўрсатиб, дебди: “Шу байроқ мени сиз айтаётган хавф-хатардан, мушкулотлардан муҳофаза қилди”. Но Камо суҳбат давомида япон миллати ўзининг буюклиги ва шарафини бутун заминга таратгани, шу боис, унинг бирор-бир вакили дунёнинг ҳеч бир нуқтасида мушкулотга дучор бўлмаслиги ҳақида фахрланиб гапирган экан. Мана бу суҳбат барчамиз учун ибрат бўлиши керак.

    Албатта, онг учун кураш йўлида яна кўп таъсирларни санашимиз мумкин. Булар — ёшлар онгини радикализм, экстремизм, терроризм, бузғунчи ғоялар билан заҳарлаш, гиёҳвандлик балосига мубтало қилиш. Лекин бунинг учун бизда мустаҳкам қалқон, кучли иммунитет бўлиши зарур. Уларни қаердан оламиз? Ҳеч иккиланмасдан айтишимиз мумкинки, аждодларимиз ҳаётий ўгитлари ва сабоқларидан. Мана шунинг учун ҳам Президентимиз зўр бериб жадид боболаримиз меросини тиклаш, уларни ҳаётга кенг татбиқ этиш масаласида жон куйдирмоқда.

    Ниҳоят, ҳаёт ғоясини тушунгандек бўламиз. У — Билим ва Ватан. Бу икки уйғун тушунча моҳияти бизнинг руҳ ва ахлоқ тарбиямизни чўғлантириб туради. Боиси, билим бор жойда инсоний фазилатларга йўл берилади, инсоний фазилат эса, аввало, Ватанни севиш ва тинчликни қадрлаш туйғусида кўз очади.

    Ойдинлик йўли

    Бутун дунёда ўзаро ишончсизлик кайфияти зоҳир бугунги кунда давлатлар­аро муносабатлар янги тамойил асосига қурилаётгани ҳам бор гап. Бу ҳарбий салоҳият билан боғлиқ масала.

    Кейинги йилларда гибрид характердаги қуролли тўқнашувларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай таҳликали шароитда олдимизда биргина мақсад ва бурч бўлиши керак: мамлакат дахлсизлигини асраб-авайлаш, тинчликни барқарор сақлаш. Мана шунинг учун ҳам Қуролли Кучларимизда катта ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

    Президентимиз бу ҳақда гапирар экан, жумладан, “Ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур”, деди. Бу таянчларни чуқур таҳлил қилсак, кўп мақсадлар ойдинлашади.

    Биринчидан, бизга жанговар руҳ қудрати керак.

    Бу қудрат, энг аввало, миллий қаҳрамонларимиз феноменини ўрганиш орқали шаклланади. Тўғри, бу осон бўлмаяпти. Негаки, узоқ йиллар қаҳрамонларимиз, халқимиз даҳоси билан айро яшадик. Кунимиз уларни қоралаш билан ўтди. Ҳатто бу қоралашни тадқиқот даражасига олиб чиқдик. Ўнлаб қўлёзмалар пайдо бўлди. Диссертациялар ёқланди. Шу даражага бордикки, бугун неварамиз “Бобо, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур ким бўлган?”, дея сўраса, “Буюк саркарда, жаҳонгир султонлар”, дейишдан ўзга паноҳ топа олмадик.

    Бизга янги даъватлар, янги чақириқлар керак. Жорий йил 13 январь куни бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий ва жанговар тайёргарлигини кучайтириш, ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш бўйича тавсиялар берар экан, жумладан, шундай деди: “Бизга бу кучни четдан излашнинг ҳожати йўқ. Шонли тарихимиз, бой илмий ва маданий меросимиз, баҳодир аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти биз учун чинакам ибрат мактаби”.

    Шу даъваткор гап мағзини чақар эканмиз, фитратимизда жанговар руҳ қудрати намоён бўла бошлайди. Бу “Халқ ва армия — бир тану бир жондир”, тамо­йили асосида бўй кўрсатади. Тарихдан қадрли бир ибрат бор: армиянинг халқдан ажралиб қолиши ҳеч қачон яхши натижа билан тугамаган. Чунки армияда халқ фарзандлари хизмат қилади. Аскарлар, офицерлар, майору генераллар ҳам, аввало, ота-она фарзанди. Шундай экан, отани боладан, болани онадан ажратиб бўлмаганидек, армияни ҳам халқдан айро тасаввур қилиш мумкин эмас. Бунда парокандалик вужудга келади.

    Қолаверса, жонажон юртимиз сарҳадлари дахлсизлигини сақлаш, тинчлигимизни асраб-авайлаш фақат аскарларнинг бурчи эмас, бу — умуммиллий ҳаракат. Шу маънода, Президентимизнинг “Халқ ва армия — бир тану бир жондир”, тамойилини илгари сураётгани туб моҳияти аён бўла бошлайди. Шунда биз бутун халқимиз жипслиги ва мақсадлари рўёби сари ҳаракатида катта куч — жанговар руҳ қудратини қалбан сезамиз.

    Иккинчидан, оидлик руҳи ожизлашиб бораётган замонда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини юксалтиришимиз зарур.

    Оидлик руҳи ҳам кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган тушунча эмас. Унинг тарихий илдизлари мустаҳкам. Бу ерда гап эрамиздан олдинги даврлардан, ибтидоий маконлардан мерос бўлиб келаётган яшаш учун кураш фалсафаси ҳақида бормоқда. Яъни инсон пайдо бўлибдики, ҳаёти турли курашлар остида кечади. Бу табиат қонуни дунёда давлатлар пайдо бўлиши, чегаралар белгиланиши билан давом этиб келмоқда.

    Демак, мамлакатлар пайдо бўлиши ва давлатчилик шаклланиб, ривожланишининг илк асоси оидлик руҳи экан. Бугунги замонимизда эса бу руҳга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Чунки юқорида таъкидлаганимиз каби, бугун давлатлараро муносабатлар ҳарбий салоҳият билан ўлчана бошлади. Шундай экан, фуқароларимизда, айниқса, ёшларимизда ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини юксалтиришимиз давр талаби бўлиб қолаверади.

    Бу йўлда халқимизда муҳим ҳаётий асослар бор. Биринчидан, қадим давлатчилик тажрибасига эгамиз. Иккинчидан, бизнинг юртда тарбияланган ҳар бир фарзанд ўз заминига эгалик ҳисси билан озиқланган. Учинчидан, буюк саркардаларимиздан бой ҳарбий мерос қолган. Буларнинг барчасини чуқур таҳлилий ўрганиб, бугунги ҳаётимизга, амалимизга татбиқ этсак, биздан қудратли халқ ва давлат топилмайди.

    Учинчидан, қалб хотиржамлигига эришишимиз шарт.

    Қалб хотиржамлиги пайдо бўлиши учун кейинги йилларда кўп амалий ишлар қилинди. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш, муносиб турмуш шароити яратиш, хотин-қизлар, ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, хуллас, бунинг саноғи узоқ. Улар ичида яна бир муҳим ислоҳот — ҳарбий хизматчиларимиз қалби хотиржамлигини таъминладик.

    Булар ҳарбийлар маоши оширилганида, оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси таъминланганида, фарзандларига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилаётганида, турмуш ўртоқлари касбга ўқитилиб, ишга жойлаштирилаётганида намоён бўлади.

    Энди ўйлаб кўрайлик: биз модомики, Ватанимиз дахлсизлиги, мустақиллигимиз абадийлигини таъминлаш мақсадида эканмиз, бунда, энг аввало, ҳарбий хизматчилар ва мудофаа қобилиятига таянамиз. Шундай экан, ҳарбийларимиз учун шароит яратиб, уларнинг оиласидаги фаровон муҳитни таъминлаш ҳам давлатимиз бурчи эмасми?!

    Яна бир гап, қачонки ҳарбийлар ўз касбидан рози бўлиб, ишга киришар экан, мудофаа салоҳиятимиз ҳам мус­таҳкамланиб бораверади. Бу эса, ўз нав­батида, сизу бизнинг қалб хотиржамлигимизга йўл очади.

    Тўртинчидан, садоқат руҳини тарбиялаш — ҳаётий масала.

    Абдулла Авлоний бобомиз “Садоқат гулшани саломат, бўстони нажотдур”, деган эди. Бу гап бугунги кунимиз учун ҳам ғоят долзарбдир. Аслида, биз юқорида сўз юритган ҳар бир масала замирида садоқат руҳи турибди. Моҳиятан олганда эса ишга, дўстга, элга, ёру биродарларга ва ниҳоят, юртга садоқатли инсонлар яшаётган заминда ҳар доим катта ислоҳотлар юз очган, халқ фаровонлиги таъминланган.

    Шу маънода айтиш жоизки, биз кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон орзуси” билан яшаяпмиз. Бу орзу бизни кўп эзгу мақсадлар сари чорлаб турибди. Унга эришиш йўли эса садоқатли фарзандлар тарбияси билан янада чўғланур.

    Мақоламиз аввалида бирдамлик саодати ҳақида айтганимиз ҳам бежиз эмас. Зеро, бирдамлик руҳи улғайган элда қут-барака, ишда унум бўлади. Бу йўлда биз, энг аввало, руҳ ва ахлоқ тарбиясини ўзимиз учун ҳаётий ғоя сифатида танлаётганимиз мазмуни ҳам шу, аслида.

    Бу барчамиз учун ойдинлик йўлидир.

    Салим ДОНИЁРОВ

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates