Руҳий эҳтиёждан ижтимоий заруратгача ёхуд қонунлар қандай яшайди?

    Кунботарни томоша қилиб ўтирган суҳбатдошим узоқ ўйга толди. Унинг нигоҳи қонталош булутларга қадалган, чуқур нафас олишидан елкаси кўтарилиб тушарди.

    У гўё қушдай учишга чоғланар, аммо замин оёғидан маҳкам ушлаб тургандай эди. Ниҳоят оғир сукунатни бузиб фавқулодда қувноқлик билан сўз қотди: «Қаранг, қандай гўзал, бундан ортиқ бахт йўқ!»

    Шундай дея сал нарида учиб ўтаётган бир жуфт қушни кўрсатди. Нимаси бахт дегандек унга қарадим. Суҳбатдошим буни тез илғади ва қалин қошини чимириб, жиддий қиёфада деди:

    – Тошкентда уйим йўқ эди. Каталакдай дўконимга ҳар куни солиқчи келарди. Санитария идораси бир кунда уч маҳал текширарди. Текширса ҳам майли, улушини олиб, хонасида ёзиб келинган қоғозни пештахтамга ёпиштириб кетади. Жаҳлим чиқади, ўзи оддий гуммахона бўлса... Майли, дедим, тишимни-тишимга қўйиб ишладим. Биламан, текширишга келадиганларнинг ярми штатсиз ишчилар. Юрист бўлмасам ҳам қонунни биламан, вақтида ўқиганмиз. ...Йўқ, фақат университетда эмас, репетиторлик қилганман. Ўзим ўқишга кира олмаганман. Ҳозиргидай осон эмасди, биласиз. Айтаверса, бу ҳам бир достон. Кейин репетиторим менга ёрдам бер, яхши ўзлаштиргансан, деди. Шу-шу пул топишга қизиқиб кетдим. Ҳозир менга қараб нимаси бахт, деяпсиз, билиб турибман. Қаранг, қуёш қандай гўзал ботяпти. Анави икки қуш эмин-эркин учиб юрибди, менга ўхшаб...

    – Эркинлик нима ўзи? – дейман унга қараб.

    – Гуммахонамга ҳадеб текшириш келавермаса, солиқларимни кимнингдир қўлига эмас, шундоқ телефонимдан ўзим тўласам. Санитария идораси ходимлари улуш олиш учун эмас, ростдан ҳам тозаликни кўришга келса, – дедию нимадир ёдига тушгандай бирдан жонланди. – Жуда қизиқ-да, ҳозир ҳам худди шу одамлар ишлаяпти. Биз томондагилар деярли алмашмади. Лекин бирдан ўзгарди. Олдин келиб дўқ урарди, ҳозир салом бериб, киришга рухсат сўрайди. Одам яхши томонга ҳам жуда тез ўзгарар экан.

    – Эҳ, содда, – дейман унга қараб, – улар ўзгаргани йўқ, ўзгаришга мажбур бўлди. Одам яралгандан бери жамиятни муайян қонунлар тартибга солиб туради. Ана шу қонун адолатли бўлса, муҳими, у барчага бирдай ишласа, жамият ўнгланади.

    Унга шундай дейман-у хаёлан қарийб 3 минг йил аввалги даврга саёҳат қиламан. Амударё қирғоғи. Ўша даврларда инсонлар тупроқни ҳам, сувни ҳам, гиёҳу ҳайвонот оламини ҳам муқаддас, деб билган. Биз учун ибтидоий қарашга эга бу одамлар эзгулик ҳомийси осмонда экани ва ёвуз кучлар ер қаъридан чиқишига шубҳасиз ишонади. Улар наздида ер юзи — икки кучнинг кураш майдони. Агар инсонлар йўлдан адашса, ерости кучига рағбат берган бўлади. Оқибатда одамзод табиий офатлар, ёвуз кучлар қуршовида қолади. Одамлар адашмаслиги, зиддиятга бормаслиги учун жамиятнинг умумий қоидалари – «Авесто» кўрсатмаларига амал қилиши зарур.

    Ҳозирги давр. Инсоният тафаккури, билимидаги эврилишлар эвазига чексиз тараққиёт сари юзланган. Амударё соҳилидаги ўша инсон сувни ҳурмат қилмаса, обиҳаёт уни ташлаб кетишига ўзи шоҳид бўлган. Муқаддас битиклардаги сўзлар бежиз эмаслигини билади. У эзгулик ва ёвузлик орасидаги кураш ер юзида эмас, балки инсон қалбидан бошланишини ҳам яхши ҳис этади. Шунинг учун ёзувлик ер остидан униб чиқмаслиги, одам ўз нафсининг ҳокими бўла олмагач, ёмонликларга йўл очишини яхши англайди. Шу боис, у барча муқаддас битиклар мазмун-моҳиятини ўзида жамлашга уринган китоб – Конституцияга амал қилиши керак.

    Бунда унинг яшаш, таълим олиш, эътиқод қилиш, қонуларга ҳурматда бўлиш каби жуда муҳим ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган, кафолатланган. Конституция тарихи ҳақида гап кетганида қадимги Римни эслаймиз. Ҳув, ўша замонларда ҳам қонунлар ёзилган, одамлар бунга эҳтиёж сезган, Римликлар илғор эди, деймиз. Эҳтимол, шундайдир. Аммо мен бошқача фикрдаман. Назаримда, қонунлар учун қадимги Рим жуда қисқа тарих. Унинг асл манбаси анча олисда, инсоният ер юзида яшай бошлаган замонларга тўғри келади. Масалан, «Авесто»да ёзилишича, инсон ерда ҳаёт бошлагач, илк хатоси сабаб ерни муз қоплайди. Шу тариқа мавжуд қонун амалда ўзини кўрсатади, жазо муқарар экани ойдинлашади. Ёки Одам Атонинг фарзандлари Қобил ва Ҳобил ўртасидаги зиддият ҳам ўша илк қонун бузилиши ва жазога мисол. Демоқчиманки, инсон доим қонунлар орқали ўз истаклари бошқаларнинг эркига дахл қилмаслигини таъминлаган. Хўш, инсонда қонунларга қандай эҳтиёж бор?

    Биринчиси, руҳий эҳтиёж. Аввало, инсон ҳаёти гўдак уйқусидай сокин, мароқли бўлишини истайди. Бунинг учун у яшайдиган жамиятда барча тенг ҳуқуқли, ҳеч ким бошқаларнинг ҳақига хиёнат қилмайдиган бўлиши керак. Шундагини инсон ўзи истаган орзулари сари қоқилмай одимлайди.

    Иккинчиси, ижтимоий эҳтиёж. Сизнинг орзу-истакларингиз бошқалар тинчлигига рахна солмаслиги керак. Инсон нафсига эрк берса, манфаати учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Қонунлар эса қайсидир маънода инсоннинг нафсини жиловлашда муҳим восита. Шу орқали жамият ягона қоидалар атрофида бирлашиб, олға силжийди.

    Инсон туғилиши билан бир қанча ҳуқуққа эга бўлади. Энг биринчиси, яшаш ҳуқуқи. Қадимги битиклардаги каби еру осмон оралиғидаги барча тирикликни азиз билган киши бошқаларнинг яшаш ҳуқуқига дахл қилмайди.

    Дарвоқе, туғилиш ҳақида. Ўшанда ҳамширанинг «Қаерда «прописка»да туради?» деган саволидан сергак тортдим. Унга жавобан савол бердим: «Қайси асрда яшаяпсиз?!»

    Ҳамшира гап оҳангимдан хато қилганини тушуниб, аёлимни етаклаб ичкарига олиб кирди. Туғуруқхонанинг ойнаванд эшигидан уларга қараб турар эканман, Тошкентга илк бор келган вақтларимни эсладим. Кунора пўрим кийиниб эшикка қараб йўл олганимда синфдошим Шуҳрат савол берарди:

    – Йўл бўлсин?

    – Кўчага. Зерикдим, бир айланиб келай, – дейман қора кўзойнагимни пешонамга қўндириб.

    – Бир куни сизни бориб «панелний»дан топиб келамиз, – дейди синфдошим ҳавасини яширмай. Бу гапидан завқим келади. Қўрқмаслик кераклиги, кўчада ИИБ ходимини кўрганда одам ўзини қандай тутиш ҳақида унга ваъз ўқийман. Барибир кўчага чиқишга юраги бетламайдиган Шуҳрат терс қараб ётганча, бошини кўрпага буркайди. Мен эса ижара уйимиз эшигини ёпиб олишни тайинлаб, ташқарига йўл оламан.

    Ўшанда биз — абитуриентлар учун шаҳар айланиш ҳам қаҳрамонлик эди. Фақат синфдошим Шуҳрат буни ғирт аҳмоқлик деб биларди. Чунки у пойтахтда вақтинча яшаш ҳуқуқини берадиган бир парча қоғози бўлмагани (ўшанда вақтинчалик «прописка» ҳужжатини олиш ҳозирги уй сотиб олишдан ҳам мураккаб эди) учун жаримага тортилган. Жаримани тўлагунча вақтинча сақлаш жойи деб аталадиган бинода панжара ортидан йўлга кўз тикиб, тунни тонгга улаган. Уч томони тошбетон зах хонада ўтказган бир куни бутун умрга татиган.

    Мен эса шунча вақтдан бери бирор марта қўлга тушмаганман. Тўғри, метрога тушиш жойида турган ИИБ ходими уст-бошим, афт-ангоримга қараб вилоятдан келганимни тез фаҳмлаган. Неча бор тўхтатиб, ҳужжатларимни сўраган. Аммо йўл-йўриғини қилиб «омон» қолганман. Шунинг учун Шуҳрат менинг ҳам қачондир қўлга тушиб, панжара ортига киришимга шубҳа қилмайди. Айни дам бу шаҳарда бемалол юриш йўлини ахтаради. Англайдики, бунинг энг осон йўли унверситетга ўқишга кириш. Тўхтатган одамга талабалик гувоҳномасини кўрсатиб, бошини ғоз тутиб ўтиб кетиш. Шу мақсадда китобга мук тушади. Ижара уйга келганимда қўлидаги китобга чизиб, белгилаб ўқиётган бўлади.

    – Нима ўқияпсан?

    – Ҳуқуқдан тайёрланяпман. Мана, Конституциянинг 18-моддасида ёзилган: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга»...

    – Ҳамма тенг бўлса, сен нега кўчага чиқа олмаяпсан? – дейман қитмирлигим тутиб. Гап яна унинг жарима тўлагани ҳақида кетаётганини билиб, жаҳл қилади: «Йўқол, кўзимга кўринма!»

    Шу воқеани эслайман-у, аёлимни ўша пайтларда туғуруқхонага олиб келганимда нима бўларди, деб ўйлайман. Сен шу юрт фуқаросисан ва яна бир инсонни дунёга келтириш арафасида, жонталош бўлиб турибсан. Сенга ёрдам беришга қасам ичган оқ халатли инсонлар эса бир парча қоғозга, шу шаҳарга расман мансуб ёки мансуб эмаслигингга қараб муомала қилади...

    Ҳозир ўша ҳамшира ҳам суҳбатдошимнинг гуммахонасига келадиган солиқчилар каби ўзгарган. Аммо хаёлдан улар ўзгаришга мажбур бўлган экан, демак, исталган вақтда аслини кўрсатиши мумкин, деган исёнкор ўй ўтади. Ана шу ерда қонунларга ички эҳтиёж ўзини кўрсатади. Аввал жамиятда қонунларга бўйсуниш мажбурияти бора-бора кўникмага айланади. Агар қонун ҳаётбахш, умуминсоний мезонларга мос бўлса, узоқ яшайди. Йўқса...

    Ишхонадан ўтган асрнинг 70 йиллари арафасида ёшлар нашрида чоп этилган мақолани топиш топшириғини олдим. Шу боис, икки куним кутубхонада ўтди. Кенг ва ёруғ ўқув залида газетанинг чанг босган саҳифаларини бирма-бир варақлайман. Ўша давр руҳи уфуриб турган саҳифаларга кўз тикаман. «Прожектор» деган рукнда эълон қилинган митти мақола (аслида чақув хати)ни ўқиб донг қотаман. Олис вилоятдаги мактаб ўқувчиси таҳририятга ёзган хатида мактабдошлари ҳақида сўз юритар экан: «Фалончи илғор терувчи, у чаноқда пахта қолдирмайди. Пистончи эса бунинг акси, пахтани тоза термайди. Боз устига фартугидаги оқ олтинни ерга тўкиб-сочиб юради», деб ёзган. Хат яхши теримчи бўлган бола дарсларни ҳам яхши ўзлаштириб, зўр ишчи бўлиб камол топиши ҳақидаги оламжаҳон шиор билан якунланган. Ўша хатни ўқигач, ўйлаганман: тенгликни ҳамма ўзича тушунар экан-да. Қаранг, собиқ тузумда инсонлар тенг бўлиши керак, дея меҳнатга мажбуран оммавий олиб чиқилган. Ҳатто аёллар энди туғилган чақалоғи билан пахта даласига чиқишга мажбур бўлган. Унча-мунча қулдорлик тузумида ҳам бўлмайдиган болалар меҳнатидан имкон қадар кўпроқ фойдаланиш усуллари ўйлаб топилган. Сўнг бунинг асоратидан узоқ вақт қутула олмадик.

    Одамларнинг мол-мулки хатланиб, колхозга ўтказилгани, бу умумий бойлик, дея аслида вагонлаб марказга ташилиши ҳам ўша «тенглик»нинг асл қиёфаси эди. Бундай жамиятда инсон ўз орзулари билан яшай олмайди. У ўзимнинг орзум, деб билганлари ҳам аслида кимнингдир истаги бўлиб чиқади. Чунки одамда мавжуд шароитдан келиб чиқиб олдига мақсад қўйиш кўникмаси бор. Бу одамнинг онгостида шакллангани боис орзулар ўзимники, унга ҳеч ким дахл қила олмайди, деб ўйлайди. Аммо вазият ўзгариши билан жамият ҳам ўнгланиб, ўзгариб бораверишига ўзимиз гувоҳмиз.

    Ҳозир пахта оқ олтин эмас, шунчаки иқтисодиётнинг биргина тармоғи эканини яхши биламиз. Бунинг учун аёллар гўдагини чирқиратиб дала бошига кўтариб бориши шарт эмас. Болалар ҳам фақат китоб ўқиши керак. Уларнинг меҳнати келажакни қоронғиликка бошлашдан бошқа нарса эмас. Шу каби тушунчалар адолатли қонунларга руҳий муҳтожликни ижтимоий эҳтиёжга айлантиради. Бу ўйлар мени яна қадим битиклар сари етаклайди. Уларнинг барчасида инсон табиат олдида ожиз экани, атроф-мухитни ҳимоя қилишга мажбурлиги белгиланган.

    Ҳа, ҳатто қўлида найза ушлаб, мамонт ортида югуриб кетаётган овчиларнинг ҳам ўзи амал қиладиган қонунлар бўлган. Биргина мисол: улар жонзотлар кўпайиш мавсумида ов қилмаган. Бу руҳий, ижтимоий эҳтиёжнинг уйғунлашуви эди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда биринчи марта инсоннинг экологик ҳуқуқлари аниқ кўрсатилди. Бу ўша инсон шууридаги қадим эҳтиёжнинг ижтимоий ҳаётимизда ўз аксини топиши эди. Шу зайлда ўйларим бош қонунимиз, ундаги ўзгаришлар сабаб кафолатланган ҳуқуқларимиз сари кетади. Бундай ўйларимни тағин суҳбатдошимнинг гапи бўлади: «Битта гуммахона атрофида шунча машмаша ўтказдим. Яқин йилларда солиқчилар ишлаб чиқариш цехимга келди. Тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган экансиз, деди. Гуммохонадагидай томоша бошланди, деб ўйладим. Хато ўйлабман. Рўйхатдан ўтсангиз, кешбекми, имтиёзми берамиз, бемалол ишлайсиз, деди. Ҳей, ошна, одамлар замон ўзгармайди, дейди. Замон ўзгарар, ҳатто одамларни ҳам ўзгартирар экан. Мана ўтган куни ёнимдаги дўкон эгаси бозорнинг паттачиларига дағдаға қиляпти. Гап нимада эканини билмадим, қизиқ ҳам эмасди. Аммо шу дўкондор ҳам ўзгарди. Паттачини кўрса, етти букилиб салом берадиган одам-а?! Худди кимдир келиб уларга сеҳрли таёқчаси билан тегиб қўйгандай».

    Суҳбатдошим тинмай гапирарди. Рўпарамизда эса эртага янада чароғон кун бўлишига ваъда бергандай қуёш уфқни тандирдай қизартирган. Бу ҳам боболарнинг гапи: кунботар куйса ҳаво очиқ бўлади. Демак, бояги жуфт қуш бекорга вижир-вижир қилиб бемалол учиб юргани йўқ. Уларнинг эркин юришига иккита асос бор. Бири шу юртдаги одамлар. Улар қонунга кўра, табиатга зарар етказмайди. Иккинчиси, табиат қонуни... буниси энди бошқа гурунг.

    Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates