Сафда тенгсиз гвардиячилар: энг илғорлар сараланди

    Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.

    Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” эзгу ғояси остида кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танловининг якуний, республика босқичи ўтказилди. Унда гвардиячилар Қуролли Кучларнинг янгиланган Саф низоми асосидаги юксак маҳоратини намойиш этдилар.

    Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг жорий йил 14 февралдаги фармонига асосан Қуролли Кучлар учун янги Саф низоми ишлаб чиқилган эди. Таъкидлаш жоизки, мазкур низом асосидаги “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танлови Қуролли Кучлар таркибидаги тузилмалар орасида биринчи бўлиб айнан Миллий гвардияда ташкил этилди. Танлов уч босқичда – ҳарбий қисмлар, минтақавий ва республика миқёсида ўтказилди.

    Кўрик-танловни ўтказишдан мақсад – Миллий гвардия бўлинмаларининг саф тайёргарлиги бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда шахсий таркибнинг қурол билан махсус саф усулларини бажаришда ўзига ишончини юксалтиришдан иборат. Ушбу танловни йилда икки марта – Ватан ҳимоячилари куни ва Мустақиллик байрами арафасида ўтказиш белгиланган.

    Танловнинг республика босқичи Жамоат хавфсизлиги университетида бўлиб ўтди. Унда 11 та жамоа якка тартибда қурол билан ва қуролсиз саф усулларини намойиш этиш, саф қўшиғини тантанали куйлаш, жанговар чақириқ ҳамда қурол билан махсус кўргазмали чиқишлар қилиш каби шартлар бўйича ўзаро баҳслашди.

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, танловдан кўзланган яна бир муҳим мақсад – келгусида унда “Жасорат мактаблари” ўқувчиларининг иштирокини таъминлаш орқали ёшлар ўртасида ватанпарварлик руҳини кучайтириш, ҳарбий соҳага қизиқишни ошириш ва ўсиб келаётган авлоднинг маънавий салоҳиятини юксалтиришдан иборатдир.

    Танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим Ички ишлар вазирлигининг “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида бўлиб ўтди. Унда Миллий гвардия қўмондонлиги, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарияти, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, “Жасорат мактаблари” ўқувчилари ва ёшлар иштирок этди.

    Тадбирда меҳмонлар эътиборига гвардиячиларнинг кўргазмали чиқишлари ҳавола этилди. Ҳарбий оркестрнинг мусиқий дастури, янги Саф низоми асосидаги машқлар, айниқса, гвардиячи қизлар жамоасининг қурол билан моҳирона ҳаракатлари ва Фахрий қоровул батальонининг намунали чиқиши барчада катта таассурот қолдирди. Танловда хотин-қиз ҳарбий хизматчиларнинг фаол иштироки тизимда гендер тенглик масаласига қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол намунаси бўлди.

    Танлов якунида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.Унга кўра, 3-ўрин Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармалари жамоаларига насиб этди. 2-ўринни Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси эгаллаган бўлса, фахрли 1-ўринни “Шер” жамоаси қўлга киритди.

    Ғолибларга диплом ва пул мукофотлари топширилди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates