Саида Мирзиёева: келгуси йилда бундай вазият такрорланмаслиги керак

    Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева раислигида Махсус комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Фарғонада ҳам вазиятни яхшилаш бўйича кескин чоралар кўриш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди

    Йиғилишда қабул қилинган чора-тадбирлар хусусида Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимлари, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ахборот берди.

    Президентимиз мендан ҳар куни бу масала бўйича ҳисобот сўраяптилар. Халқимизнинг саломатлиги билан боғлиқ масала бўлган жойда ҳеч биримизнинг сусткашликка йўл қўйишимизга ҳаққимиз йўқ”, — деди Саида Мирзиёева.

    Мутасаддилар қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот берди. Хусусан, йирик яшил ҳудудлар ва боғлар ташкил қилиш, табиий сув ҳавзалари атрофини ободонлаштириш, сунъий кўллар қуриш ҳақида сўз борди.

    Саноат зоналари ва иссиқхоналардаги экологик ҳолатни қатъий назорат қилиш билан бир қаторда, белгиланган талаб доирасида ишлашни хоҳловчи тадбиркорларга давлат томонидан ҳар томонлама кўмак бериш кераклиги таъкидланди.

    Лекин ўз навбатида, экологияни бузаётган ва қоидаларни писанд қилмайдиган ҳар қандай субъектга нисбатан кескин қонуний чоралар кўрилиши, бунда ҳеч кимга истисно қилинмаслиги қайд этилди.

    Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Махсус комиссия аъзолари олдига аниқ вазифалар қўйди: ҳозирда амалга оширилаётган чора-тадбирлар муайян муддатларга эга бўлиши ва тизимли равишда бажарилиши лозим. Келгуси йилда бундай вазият такрорланмаслиги керак.

    Кўриб чиқилган кенг қамровли чора-тадбирлар мажмуаси қуйидагиларни ўз ичига олади: яшил майдонларни барпо этиш турлари ва жойлари, ариқ тизимини қайта тиклаш, иссиқхоналар ва саноат корхоналари чиқиндиларини камайтириш ҳамда ҳаво сифатини яхшилаш бўйича бошқа шошилинч ҳаракатлар.

    Саида Мирзиёева Фарғонада ҳам вазиятни яхшилаш бўйича кескин чоралар кўриш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.

    Умуман олганда, экологик вазият ҳамда уни яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар қандайдир бир марталик ёки вақтинчалик акция эмаслиги, бундан кейин, гарчи ҳаво яхшиланган тақдирда ҳам, мазкур йўналишдаги ишлар тўхтаб қолмаслиги, изчил ҳамда тизимли давом этиши, буни барча бўғиндаги раҳбарлар тўғри англаши кераклиги қатъий таъкидланди.

    «Энг асосийси, Президентимиз хоҳлаётган ва доим таъкидлайдиган масала — қилаётган ишларимиз илмга асосланиши керак. Олимларни эшитишимиз, илғор хорижий илмий тажрибалардан фойдаланишимиз, юртимизда ҳам ушбу соҳадаги илмий мактабни яратишимиз керак», — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.

    Йиғилишда Ўзбекистонда атмосфера назоратига мўлжалланган катта илмий лаборатория ташкил қилишга оид масала ҳам муҳокама қилинди ва бу бўйича масъуллар учун қатъий муддатлар белгиланди.