Марказнинг очилиш маросимида «UzAuto Motors» АЖ вакиллари билан биргаликда ҳокимият масъул вакиллари, шаҳарнинг етакчи тадбиркорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.
Мўғулистон миллий анъаналарини ўзида акс эттирган тадбирда АҚШ ва Ўзбекистоннинг Мўғулистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари меҳмон сифатида ташриф буюриб, ушбу тадбирнинг халқаро миқёсдаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Америка элчиси ўз нутқида Chevrolet‘нинг Мўғулистонда янги даври бошланганини таъкидлаган бўлса, Ўзбекистон элчиси лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашига умид билдирди.
Ўз навбатида «UzAuto Motors» АЖ Сотув ва автосервис бўйича бошқарувчи директори Ўлмасбек Алимов сўзга чиқиб, бу ютуқ нафақат Chevrolet брендига бўлган ишончнинг акси, балки Ўзбекистон автомобилсозлик саноатида эксперт салоҳиятининг жадал ривожланаётганининг тасдиғидир, дея таъкидлади.
Маросим доирасида «Doctor Auto Chain» МЧЖга Чевролет брендининг Мўғулистондаги расмий дилерлигини тасдиқловчи махсус сертификат топширилди.
«Doctor Auto Chain» МЧЖ вакиллари ўз чиқишларида келажакдаги режалари ҳақида тўхталиб ўтишди. Қисқа фурсатларда Chevrolet брендини Мўғулистон бозорида янада кенгайтириш ва мамлакат мижозларига энг юқори даражадаги хизмат кўрсатишни мақсад қилган.
Тадбир давомида меҳмонлар ва иштирокчиларга Chevrolet Cobalt автомобиль модели тақдим этилди. Автомобиль илк харидорига тантанали равишда топширилди.
Таъкидлаш жоизки, марказда мижозлар нафақат янги автомобилларни харид қилишлари, балки GM глобал стандартларига мувофиқ сервис хизматларидан фойдаланишлари, эҳтиёт қисмлар ва аксессуарларни сотиб олишлари, шунингдек, автомобилларни техник кўрикдан ўтказишлари мумкин бўлади.