“Самарқанд мулоқоти” — Туркий дунёнинг қайта тикланаётган қудрати

    Фикр 15 ноябр 2022 1246

    Ҳар бир даврнинг ўз қуввати, ўзига хос руҳи бўлади. Улар тарихда унутилмайди, изсиз йўқолмайди. Қадимда дунёнинг тўрт томонидаги элу элатларни ўзаро боғлаб турган Буюк ипак йўли ҳам инсоният тақдиридаги катта ютуқлардан бири эди.

    Шу қудратли йўл узоқ сарҳадлар оша бизнинг заминда фалсафийлашиб, одам авлодлари учун ҳаётий мазмун касб этган. Бунда, айниқса, “Самарқанд мулоқоти” муҳим ўрин тутган. Ҳар тарафдан келган маслагу мансаби фарқли инсонлар шу манзилда учрашиб, ўзаро фикрлашган, олам илми, ҳаёт мароми ва файзиёб келажак ҳақидаги машваратларда қатнашган.

    “Самарқанд мулоқоти” бошқа бир жиҳатдан ҳам тарихда ўчмас из қолдирган. Бу — мамлакатлар ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-маърифий муносабатларни ўзаро боғлиқлик тамойили асосида қуришга йўналтирилган катта интилиш ҳаракати эди.

    Яна бир гап. Туркий дунё қуввати, аввало, Самарқанд заминидан руҳланиб турган. Бу, ўз навбатида, дунё халқлари ҳаётини ўзгартириб юборган Ренессанс ҳодисасига йўл очди.

    Бугун шу тарих такрорланмоқда. ­Самарқанд жорий йил сентябрь ойида муваффақиятли ўтган ШҲТнинг тарихий саммитидан сўнг навбатдаги йирик тадбир — Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ­Шавкат Мирзиёев раислигида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги йиғилишига мезбонлик қилди.

    Бу йиғилишнинг тарихий жиҳатини ­

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев жуда ­таъсирли ифодалади: “Бугунги саммитимизнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, кўп минг йиллик тарихимиз давомида туркий оиламиз мана шундай тўлиқ шаклда, янгиланган ташкилотимиз доирасида йиғилиб турибди”.

    Мана шундай кўтаринки руҳда Самарқанд саммитининг бир қатор ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

    Аввало, нега айнан ноябрь ойи?

    Куз — сарҳисоб палласи. Бу фаслда йил бўйи қилинган ишлар, олдимизга қўйилган мақсадларга эришилганлик даражаси, режалар рўёбини таҳлил қилишга одатланганмиз. Шулардан келиб чиқиб, келаси йилнинг тарҳини чизамиз, олдимизга янги режа ва мақсадлар қўямиз. Бутун дунёда шундай.

    Шу маънода, давлатлар, халқаро ташкилотлар миқёсида олсак ҳам, куз фасли ҳисобот даври эканини кўриш мумкин.

    Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар етакчиларининг куз фаслида учрашиши ҳам бежиз анъанага

    айлангани йўқ. Келинг, Ташкилотнинг 2018 йилдан буёғига ўтказиб келинаётган саммитлари санасига эътибор қаратамиз. Чунки айнан 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган олтинчи саммитда Президент Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмон сифатида иштирок этган эди. Шу куни Венгрия Туркий кенгашда кузатувчи мақомини олган.

    Еттинчи саммит 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтди. Бу сафар Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қатнашди.

    Саккизинчи саммит 2021 йил 12 ноябрь куни Истанбулдан жануби-шарқда жойлашган ҳамда Туркия учун тарихий аҳамиятга эга бўлган Демократия ва озодлик оролида бўлди. Шу йиғилишда Туркманистонга Ташкилотнинг кузатувчи мақоми берилди.

    Демак, Туркий давлатлар ташкилотининг 11 ноябрь куни бўлиб ўтган Самарқанд саммити аҳамиятли томонидан бири бу — ўзаро келишилган режаларни йил якунига қадар тизимлаштириб, уларни янги йилдан тўлақонли амалга оширишга киришиш учун фурсат бўлиши ҳамдир.

    Албатта, Ўзбекистон томони ўз раислиги даврида Ташкилот нуфузини янада ошириш, тарихи, тили, маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқишга интилади.

    “Самарқанд Туркий дунё ғуруридир” ёхуд Ота юртга билдирилган эътирофлар

    Тарихда инсоният тақдирига дахлдор ва тамаддун бешиги бўлиб келган шаҳарлар саноқли. Улардан бири — Самарқанд. Бу ҳақда биз мақоламиз аввалида гапирдик. Шу боис, энди кечаги саммитда бу шаҳарга олий даражада берилган таърифлар, эътирофлар ва Янги ­Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий руҳи, Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятига тааллуқли фикрларга тўхталмоқчимиз.

    Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев “Самарқанд Туркий дунё ғуруридир”, “Бу шаҳарни Буюк ипак йўлининг олтин кўприги, деб айтишади”, “Туркий оламнинг ота юрти”, деган эътирофларни айтиб ўтди.

    “Ўзбекистонга бир неча йил олдин келган эдим. Қисқа вақтдаги ўзгаришларни кўриб ҳайратда қолдим”, “Биз Туркий давлатлар ташкилотини “тинчлик форуми”, деб атаймиз. Барчангизга тинчлик ғояларини илгари сураётганингиз учун миннатдорлик билдираман”, деди Венгрия Бош вазири Виктор Орбан.

    Туркий давлатлар етакчилари билан Буюк ипак йўлининг бутун тарихи давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган қадимий Самарқанд шаҳрида учрашиб турганидан хурсандлигини билдирган Қирғиз Республикаси ­Президенти Садир Жапаров “Ҳурматли ­Шавкат ­Миромонович, меҳмондўстлик ва тадбир аъло даражада ташкил этилгани учун самимий миннатдорлик билдираман, шунингдек, Сизни Ташкилотга раислик лавозимини эгаллаганингиз билан табриклайман”, дея дўстона тилакларини изҳор қилди.

    Озарбайжон Республикаси ­Президенти Илҳом Алиев “Ўтган 7 ой ичида қардош ­Ўзбекистонга учинчи ташрифим. Апрель ойи­да давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлдим, сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар саммитида иштирок этдим. Бугун яна Самарқанд шаҳрида эканимдан хурсандман. Ушбу ташрифлар давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдим. Биродарим, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ва қардош ўзбек халқини эришилган муваффақиятлар билан табриклайман. Ташрифларим давомида Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган суҳбатлар Озарбайжон — Ўзбекистон муносабатлари янада юксак босқичга кўтарилганидан далолат беради”, деди.

    Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған биродар ва дўст мамлакатларимиз олдидаги катта вазифаларга шундай баҳо берди: “Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммити юқори даражада ташкил этилди. Ишончим комилки, Қозоғис­тон ҳам кейинги саммитни ана шундай юқори даражада давом эттиради”, “Биз Туркий давлатлар ташкилоти инвестиция жамғармасини имкон қадар тезроқ амалга оширсак, шунча фойдали бўларди. Бундан ташқари, ушбу жамғарма бизга қайси йўналишлар бўйи­ча кўмаклашишини аниқлаб олишимиз керак. Биз турли йиғилишларда ана шундай масалаларни муҳокама қилиб, қарор қабул қилишимиз лозим. Бу механизм барчамиз учун фойдали бўлади”.

    Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердиму­ҳа­медов “Ўтган йили Туркманистон Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи сифатида қўшилган эди. Бу эса биродар давлатлар билан ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаради. Биз туркий давлатлар билан стратегик масала сифатида иқтисодиёт, савдо, саноат, энергетика, транспорт, экология, маданият ва инсонпарварлик йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш бў­йича олиб борилаётган ишларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, деган ҳаётий долзарб масалаларни илгари сурди.

    Бу каби самимий ва дўстона руҳдаги фикрлар, таклиф ва ташаббуслар Туркий цивилизациянинг янги даври бошланаётганидан далолат беради, албатта. Зеро, умумий тараққиёт ва фаровонлик сари интилаётган халқларимиз фақатгина биргаликда, бирдамликда кўзланган натижага эришиш мумкинлигини аллақачон ­англаб етган.

    Ўзаро меҳрдошлик ифодаси

    Туркий давлатлар ва халқларимизнинг эзгу мақсаду муддаолари Янги Ўзбекистондаги конструктив фаол ташқи сиёсат фонида янада жўшқин тус олди. Гап шу ҳақда кетганида, Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятининг ҳаётимиздаги амалий натижаларини ҳам айтиб ўтиш ўринли бўлади.

    Аввало, таъкидлаш жоизки, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари фақатгина расмий йиғилишларда ёки ўрнатилган протокол асосида иш кўрмайди. Бугун туркий давлатларнинг ягона аҳил ­оиласи пайдо бўлмоқда. Бу ҳақда сал кейинроқ тўхталамиз.

    Ҳозир эса Ташкилот фаолиятининг амалий натижаларига қайтамиз. Бу, биринчидан, туркий давлатларнинг ўзаро боғлиқлик сиёсатини қўллаётганида намоён бўлади.

    Биргина мисол. Бош вазир Виктор Орбан Самарқанд саммитида Туркия Президентига Венгрияга буғдой коридорини очиб бергани, қочоқлар масаласини ҳал қилишда фаоллиги учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

    Бу илиқ вазиятга фақатгина сиёсий-дипломатия ёки иқтисодий манфаатлар нуқтаи назаридан қараш хато бўлади, бизнингча. Бу Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар раҳбарларининг ўзаро хайрихоҳ муносабатларидан ёрқин муждадир. Шунингдек, Ташкилот йиғилишларида илгари сурилаётган ташаббусларнинг амалий ифодаси ҳам саналади.

    Яна бир мулоҳаза. Туркий давлатлар минтақавий йирик лойиҳаларни амалга оширишда бир-бирига беғараз кўмак бериб келмоқда. Бу янги транспорт коридорларини очиш, электр энергияси, сув таъминоти, экология масалалари, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, маданий-маърифий алоқаларни, туризмни ривож­лантириш, туркий ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштириш каби жиҳатларда ўз аксини топади.

    Буларнинг барини бир нуқтага жамласак, туркийлар бирдамлиги намоён бўлади. Ўзаро меҳрдошлик ифодасини кўрамиз.

    Туркий дунё ўз соғинчлари билан ҳам ҳаяжонли ва қадрлидир

    Самарқанд саммитида 2023 йил Ташкилот доирасида “Туркий цивилизациянинг юксалиш йили”, деб эълон қилинди. Бу тасодифий қарор эмас, албатта.

    Президентимиз Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарлари кенгаши йилиғишида сўзлаган нутқида, жумладан, шундай деди:

    “Туркий дунёмизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихи, улуғ аждодлари ва ­беқиёс бойликлари бор.

    Ва мен ишонаман, Туркий дунёни буюк келажак кутмоқда.

    Бу келажакни, ҳеч шубҳасиз, меҳнаткаш, бағрикенг ва олижаноб халқларимиз билан биргаликда яратамиз”.

    Шу нуқтаи назардан англаш керакки, бугун бизнинг биродар халқларимиз олдида ниҳоятда катта вазифа, инсоний бурч турибди. Бу йўлда барчамизни Туркий дунё соғинчлари бирлаштираётгани, аждодларимиз армонлари ушалаётгани ҳам Аллоҳнинг бизга марҳамати бўлса, не ажаб!

    Самарқанд яна шуниси билан дунёнинг диққат марказида бўлиб турибдики, Ташкилотимизнинг бу кўҳна ва боқий заминда ўтган саммити туркий дунё цивилизацияси замонавий тарихида янги юксалиш босқичини бошлаб беришига умид билдирилмоқда.

    Ҳа, бу тарихий ҳақиқат, янги дунёнинг замонавий эҳтиёжидир.

    Келинг, ўтган ҳафтада туркий давлатлар раҳбарларининг бу мақсад йўлидаги илк бошламаларига эътибор қаратамиз.

    Биринчидан, Туркий цивилизациянинг эзгу ғояларини ўзида ифода этган Самарқанд дек­ларацияси имзоланди.

    Иккинчидан, Самарқанд “Туркий цивилизация пойтахти”, деб эълон қилинди.

    Учинчидан, “Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси” маъқулланди.

    Тўртинчидан, туркий дунё ёшларини бирлаштирувчи тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди. Шу мақсадда Ташкилот Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш таклифи илгари сурилди.

    Бешинчидан, Ўзбекистон Туркий маданият халқаро ташкилотига аъзо бўлди.

    Олтинчидан, Ташкилотда институционал ислоҳотлар ўтказишга келишиб олинди.

    Мана шу жиҳатлар бирлашиб, Туркий цивилизацияни бошлаб бериши, Ўзбекистон ­Президенти Шавкат Мирзиёев руҳлантираётган Учинчи Ренессанс ҳодисасига йўл очиши шубҳасиз.

    Бу, бир томондан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида кўзда тутган мақсадларимизга ҳамоҳанглиги билан ажралиб турса, иккинчи томондан, таҳликали замонда геосиёсий хатарларнинг олдини олишга замин ­яратади.

    Олий мукофотнинг руҳий қуввати

    Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммити маънавий-маърифий, маданий жиҳатдан ҳам ажралиб турди. Хусусан, ўзининг

    30 йиллигини нишонлаётган Ташкилот доирасида келгуси йили туркий халқлар маданияти фестивалини ўтказишга келишиб олинди.

    Туркий давлатлар ташкилотининг 2021 йил ноябрь ойида Туркияда бўлиб ўтган саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан туркий дунё бирлигига салмоқли ҳисса қўшган улуғ мутафаккир ва давлат арбоби ­Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилган эди.

    Самарқанд саммитида унинг илк соҳиби туркий дунё бирлигига улкан ҳисса қўшган, бир умр туркийлар қайғуси билан яшаб, ижод қилган дунёга таниқли адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов бўлди.

    Бу олий мукофотни топшириш маросимида “Буюк адиб ва жамоат арбоби, улуғ гуманист, марҳум Чингиз Айтматов барча халқларимизнинг чин дўсти, туркий тарих ва маданиятни бутун дунёга тараннум этган бетакрор ижодкор, ўлмас асарлари орқали азалий урф-одат ва олижаноб қадриятларимизни жаҳондаги миллионлаб инсонлар қалбига муҳрлай олган мутафаккир шахс эди”, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

    “Чингиз Айтматов орамизда йўқ, мукофотни унинг оиласига берамиз. Мукофот Айтматов музейига жойлаштирилади”, деди катта фахр билан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров.

    Ҳозир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот билан биринчи бўлиб тақдирланган Чингиз Айтматов ҳақида ўйлар эканмиз, буюк адибимизнинг мана бу гапи ёдимизга тушди.

    “Биз ўтмишимизни ўз қўлларимиз билан синдириб ташладик, ўз оёқларимиз билан ерга топтаб юбордик. Ўзимизнинг жоҳиллигимиз туфайли буюк ғоя сўниб кетди. Агар халқ хотираси ўша ғояни уйғотмаса, халқнинг ўзи ўша ғояни кўтармаса, энди уни ҳаётга қайтариш ниҳоятда машаққатли бўлади...”, деган эди XX аср сўнгида Чингиз оға.

    Бу ҳаётий ўкинч ва зўр илинж умиди ниҳоят шу кунларда рўёбга чиқа бошлаганидан қувонамиз.

    Самарқанд саммити доирасида Президентимиз таклифи билан таъсис этилган “Олий даражали Имом Бухорий” ордени ислом маърифатини кенг ёйиш, дунë миқёсида мусулмонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва бирдамлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни қарор топтириш, ёшларни эзгулик руҳида тарбиялаш йўлидаги улкан хизматларининг муносиб эътирофи сифатида Туркия Республикаси Президенти ­Режеп Таййип Эрдоғанга топширилди.

    — Ҳадис ва фиқҳ илмининг чўққиси бўлган Имом Бухорий номидаги бу қимматли мукофотни олишдан улкан шараф ва ғурур туяман. Шавкат Мирзиёевни илк таниган пайтларимдан буён Имом Бухорий меросидан намуналар келтириб сўзлагани учун менда қардошимга фарқли бир ҳурмат-муҳаббат пайдо бўлган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан Самарқандда илм даргоҳлари қурилди, Туркия ва Ўзбекис­тон олимлари яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Бу орденни халқларимиз ўртасидаги азалий ва абадий қардошликнинг, ҳамма соҳада ривожланиб бораётган муносабатларимизнинг кучли рамзи сифатида қабул қиламан. Ўзим ва миллатим номидан бу юксак эътибор учун ­Ўзбекистон Президенти ва халқига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман, — деди Режеп Таййип Эрдоған.

    Мана шу ҳар икки улуғ мукофот бизнинг халқларимизга руҳий қувват бериб туради. Боиси, Имом Бухорий мероси қадим заминдан маънавий-руҳий дунёмизни бойитиб келаётган бўлса, Мир Алишер Навоий бобомизнинг туркий тилдаги ижоди ҳамон фитратимизда яшаб, ички оламимизни безаб турибди.

    Шундай экан, туркий дунё халқларининг бирдамлиги муборак, Имом Бухорий ва Ҳазрат Навоий боболаримизнинг руҳлари шод бўлсин, деймиз.

    Биз юқорида туркий давлатларнинг ягона, аҳил оиласи пайдо бўлаётгани ҳақида айтган эдик. Бунинг таърифи шундайки, бугунги таҳликали дунёда барча давлатлар тарихий туташ илдизларини мустаҳкамлашга киришди. Ўзаро боғлиқлик руҳидаги янги муносабатлар ғоят ­қадрли ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўла бошлади. Шу маънода, қадимги туркий эллар ўзгараётган замонавий дунё фонида янги жипслик маконига қайтишга киришди.

    Бунда, аввало, туркий давлатлардаги тилмочсиз ҳам тушунарли мулоқот макони қулайлиги қўл келса, иккинчи томондан, туркий замин қувватланиб турган тарихий манзилларда туркий давлатлар раҳбарларининг мунтазам учрашувлари йўлга қўйилгани ҳам халқларимиз ўртасидаги қондош алоқаларни тиклашга имкон беради. Пировардида, туркий давлатларнинг мустаҳкам оиласи шаклланиб, дунёга ўз сўзини айтишига замин яратилади.

    Бир сўз билан айтганда, Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммити Туркий цивилизацияга замин сифатида бўй кўрсатиб, ложувард дунёнинг қайта тикланаётган қудратини ўзида намоён этгани билан ҳали кўп эсланади.

    Салим ДОНИЁРОВ

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates